Долзарб мавзулар Абитуриент

Абдулла Қурбонов: "Улфатларнинг кўплиги мени жар ёқасига олиб келди" (тўлиқ талқинда)

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Теглар:
Добавлено: 16.12.2015, 15:40

Абдулла Қурбонов салкам ўттиз йилдан буён санъат оламида фаолият юритади. Лекин сўнгги уч йил ичида у кўринмай қолди. Бунинг сабаблари ҳақида турлича фикрлар билдирилди. Яқинда хонандага фаолиятини давом эттириш учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан лицензияси қайтариб берилгани ҳақида эшитдик. Шу муносабат билан ҳамда уч йиллик танаффус сабаблари ҳақида очиқ-ойдин суҳбатлашиш учун хонандани таҳририятга таклиф этдик.

— Узоқ вақтли танаффусдан кейин яна ижодингизни бошлаб юборганингиз билан табриклаймиз.

— Раҳмат. Таклиф учун миннатдорман. Янги куч ва ғайрат билан ижодимни бошлаб олдим. Менга шундай имконият бергани учун эса “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан ҳам миннатдорман. Балки гапларим баландпарвоз туюлар, аммо, бу ташкилот бизнинг фаолиятимиз бачканаликдан холи бўлишини назорат этиб туради, деб биламан. Кундан-кунга кўпайиб бораётган хонандаларни тартибда ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди.

— Бизнингча, лицензиядан маҳрум бўлишингизга сиз иштирок этган видеороликнинг тарқалгани сабаб бўлди...

— Инсон эртага нима бўлишини билмас экан. Арзимас сабаб билан ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетиши мумкин. Бугун ёнингизда гирдикапалак бўлиб юрганларнинг муносабати аслида мансаб ва пул учун эканлигини билиш оғир. Ўзимиздан ўтган хатолар сабаб қоқилганимизда ён-атрофдагиларнинг ҳаммаси ҳам садоқатли эмаслигини билиш алам қиларкан. Ҳатто мени ўлган, деган гапларни ҳам чиқаришган. Ишониб, уйимга фотиҳага келганлар ҳам бўлди. Бундай нохуш хабар кимга керак бўлганини билолмадим. Ўша пайтда ўзимдан кўра кўпроқ яқинларимга ачиндим...

Видеороликка тўхталадиган бўлсак, бунинг барчаси кимларгадир ҳаддан зиёд ишониб, дўст билганим сабаб юз берди. Керагидан зиёд улфатларни атрофимга йиққаним мени жар ёқасига олиб келди. Арзимаган видеоролик туфайли йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўйим “дўстларим”нинг шарофати билан бир тийин бўлди. Тўғри, бунда ўзим айбдорман, ортиқча кўнгилхушликлар сабаб ўзимни йўқотиб қўйганимни сезмабман. Бугун кўзим очилиб, хатоларимни тушуниб, тавба қилдим. Жуда афсусдаман!

— Роликни тарқатган дўстларингиз кимлигини билдингизми?

— Айнан  кимнидир кўрсатолмайман. Аслида унинг кимлигини билишни ҳам истамайман. Худога солдим, ҳамма қилмишига ярашасини олади.

— Энди дўст танлашни ўргандингизми?

— Албатта. Бугун қатиқни ҳам пуфлаб ичяпман. Ҳаммага ҳам ишонавермаслик керак экан. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлашингизни сўрайман: осойишталигимиз посбонларини  турли ноўрин гап-сўзлар билан хафа қилганимдан минг карра афсусдаман.. Кечани кеча, кундузни кундуз демай бизнинг хавфсизлигимиз учун ҳушёр туришибди. Улар борки, биз бугун тинч юртда яйраб яшаяпмиз. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейишади. Мен ҳам бундай хатоликка бошқа йўл қўймайман.

— Бугун кўпгина ҳамкасбларингиз интернетдан фаол фойдаланиб ўз рекламаси йўлида фойдаланишяпти. Аммо сизни ижтимоий тармоқларда учратмаймиз...

— Тўғри, мени бу “олам”да учратиш қийин. Аммо менинг ўрнимга ҳам ҳамкасбларим отни қамчилашган. Интернетда шахсий саҳифам бўлмаса-да, бошқа санъаткорларнинг саҳифаларида кўриниб турибман. Менга шунинг ўзи ҳам етади...

— 2016 йил учун мўлжалланган режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Ўтган уч йил давомида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга аён. Бундай пайтда онамнинг дуоси ва рафиқамнинг қўллаб-қувватлаши менга куч бағишлади. Март ойида ҳаётимдаги шу икки аёлнинг иродаси ва менга бўлган ишончига атаб “Ғийбатларга ишонманг, биз ёнингиздамиз, аёллар” номли яккахон концерт дастурини тақдим этишни ният қилганман. Шунингдек “Дўст”, “Жоним бўлсин фидо” номли қўшиқларни ҳам тез кунларда мухлислар эътиборига ҳавола этишни режалаштирганмиз.

Алия СУЛАЙМОНОВА суҳбатлашди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии