Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Нигора: "Куёв навкарлар келмагунча ўзимни ҳудди “съёмка”да ўтиргандек ҳис қилдим" (Ёш оила хонадонидан ФОТОРЕПОРТАЖ)

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Теглар:
Добавлено: 18.12.2015, 16:44

Сўнгги йилларда ўзбек шоу бизнесида санъаткорлар оиласи кўпайиб бораётгани жуда қувонарли. 2015 йилнинг 21 ноябрь куни улар сафи яна биттага кўпайди. Яъни, Ойбек ва Нигора 10 йиллик ижодий ҳамкорликдан сўнг турмуш қуришга қарор қилишди. Биз ҳам уларни табриклаган ҳолда, ёш оила хонадонига меҳмонга бориб, келинчакнинг қўлидан чой ичиб уларни суҳбатга чорладик.

— Тўй чарчоқлари чиқдими?

Ойбек: — Ишонсангиз, тўйимиз бўлганига ҳали ҳам ишонгимиз келмайди, худди туш кўраётгандекмиз (кулади).

Нигора: — Тўй куни куёв навкарлар келмагунча худди клип ё фильм “съёмка”сида ўтиргандек ҳис қилдим ўзимни. Карнай- сурнай садоси бошланиб, куёв кириб келгач ҳаяжон бошланди.

— Тўй куни иккингиз ҳам икки хил либос кийдингиз. Бу кимнинг ғояси эди?

Нигора: — Тўй инсон ҳаётининг энг бахтли онлари. Шунинг учун бу кунда ҳар бир қиз ўзи орзу қилгандек маликага айланишни истайди. Икки хил кўйлак кийганимнинг сабаби, иккови ҳам менга ёқди. Аввалига этаги узун кўйлак танлагандим. Аммо мутахассислар бундай бичимдаги кўйлак тўйда бироз ноқулайлик туғдиради, дейишди. Шундан сўнг, фотосессияда узун этакли, тўйда эса этаги кенг кўйлак кийишни маъқул кўрдим. Ойбек ҳам менга ҳавас қилиб икки хил костюм кийишни истади (кулади).

— Нигора дадангиз билан “вальс”га тушишингизни кўпчилик кутмаган эди...

— Бугунги кунда қизнинг дадаси тўйнинг бошида бир-икки соат меҳмон бўлиб кетиши урф бўлган. Биз ҳам аввалига шундай йўл тутмоқчи эдик. Аммо қайнотам “Қуда, фарзандларимизнинг бахтли кунида сиз ҳам тўй охиригача меҳмонимиз бўлинг” дея таклиф қилдилар. Рақсга келсак... Дадам аслида жуда рашкчи инсон. Айниқса, мени ҳаммадан кенжа қиз бўлганим учун қизғанадилар. Турмуш ўртоғим билан рақсга тушаётганимни кўриб бироз қизғандилар шекилли, рақсга тушишга таклиф қилдилар. Тўйдан аввал бу рақсни режалаштирмаган эдик.

— Келинлик масъулияти нимада экан?

— Доим ҳушёр бўлиш керак. Тўғрисини айтсам, ҳалигача кун тартибим ўзгарганига мослашолмаяпман. Илгари иш кунимиз тушдан кейин бошланарди. Ҳозир эса ҳаммаси ўзгарган, саҳар туриш  керак. Қийин экан (кулади).

— Келинлик вазифаларини қойиллатяпсизми?

— Хизматдан сира қочмайман. Кўча супуриш, қайнона-қайнотага хизмат қилиш, барчаси келинга хос гўзал одатимиз-ку! Фақат тартибга тушволишим учун вақт керак шекилли.

— Алоҳида яшайсизлар, шундайми?

Ойбек: — Алоҳида десак, нотўғри бўлади. Чунки ота-онам истаган пайтда биз билан яшашлари мумкин. Бирга катта оила бўлиб яшаш тарафдоримиз.

— Тўйдан аввал ҳам, кейин ҳам сизлар ҳақингизда турли миш- мишлар кўпайди. Танқидларга кимнинг “иммунитети” кучлироқ?

Ойбек: — Бу масалада мен кучлиман. Одамларнинг турли гап- сўзларига аҳамият бермайман. Нигора эса анча таъсирчан. Интернетда биров ноўрин гап ёзса, жаҳли чиқиб жавоб қайтаришга шошади. Бундай нарсаларга эътиборсизроқ бўлишни ўргатяпман унга. Натижаси ёмон эмас.

— Тўйдан бир ҳафта ўтар-ўтмас, ишни бошлаб юборибсизлар...

Ойбек — Яхши ниятлар билан тўй ва тадбирларга олдиндан таклиф қилганлар кўп. Бизни ҳурмат қилиб чақиришган экан, рад этишимиз нотўғри.

Нигора: — Қолаверса, байрам олди тадбирлар кўп. Лекин фақат шошилинч ва зарурларига боряпмиз.

— Оилангизда қандай одатлар анъана бўлишини истайсиз?

Ойбек: — Ниятимиз ҳар бир байрам ва яхши кунларимизни кўпчилик бўлиб, оила даврасида нишонлаш. Баъзида банд бўлишимиз мумкин, лекин шунда ҳам бу одатнинг анъана бўлиб қолишини  истаймиз.

АЛИЯ суҳбатлашди

Фотомухбир: Ҳусан Қосимов

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии