Долзарб мавзулар Абитуриент

"Айбсизлигимга ота-онам ҳам ишонмаяпти...”

Бўлимлар: Мутолаа
Теглар:
Добавлено: 28.12.2015, 12:34

Ушбу хатни ўқиб, тўғриси қалбим ларзага келди. Тўрт ой давомида уйидан узоқда бўлган ва яқинлари томонидан йўқолган деб эълон қилинган Гулҳаё исмли бу қизнинг кечирмалари ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди деб ўйлайман. Унинг юрагида сақлаб юрганлари кимларгадир сабоқ, айримларга ибрат бўлар...

“Мен Самарқанд вилоятида туғилганман. 2011 йилда мактабнинг 9-синфини тугатиб,  тиббиёт коллежига ўқишга кирдим. Коллежни 1-курсида ҳеч қандай муаммо бўлмади. Аммамникида туриб, қизлари билан ўқидим.

2-курсга ўтганимдан кейин онамнинг қистови билан холамникига кўчиб ўтдим. Шундан кейин ҳаётимда чигал ва ташвишли кунлар бошланди. Чунки мен бу хонадонда яшаш билан бир қаторда бир қанча уй юмушларини ҳам бажаришимга тўғри келарди.

Масалан 2013 йилнинг март, апрел ойларида у ерда холамнинг куёви ҳамда яна бир чет қишлоқдан келган, биз билан бирга яшовчи қиз учаламиз шу ҳовлида сут пишириб, қатиқ сиздириб, чакки тайёрлар эдик. Мен бу юмушларни бажариш учун коллеждаги дарсларим тугамасдан соат ўн бирда холамнинг уйида бўлишим ҳамда куёви ва ҳалиги қиз билан биргаликда кеч соат ўн иккигача ишлашимиз керак эди.

Бу орада холамнинг куёви менга ҳар хил ножўя гаплар айтадиган қилиқ чиқарди. Уялардим, тортинардим. Аммо холамга куёв бўлгани учун ҳеч нарса дея олмасдим. Охири бўлмади, онамга айтдим.

— Куёвга бориб айт, агар тинч юрмаса, мендан хафа бўлади, — деди онам.

Мен бу гапни холамнинг куёвига айтдим. У бир-икки кун индамай юрди-ю, лекин кейин ундан баттар қилиқ чиқариб, менга тегажоқлик қила бошлади. Шу орада биз билан бирга яшайдиган қизнинг соғлиғи ёмонлашгани сабаб уйига кетиб қолди. Энди барча юмушларни куёв иккаламиз бажариб юрдик. Бу ҳам етмагандек, хотини унинг кийим-кечакларини менга ювдирадиган одат чиқарди. У ҳатто эрининг ички кийимларини ҳам берарди. Мен онам билан холам ўртасида низо чиқмаслиги учун бор гап-сўзни ичимга ютдим, лекин Ойбек борган сари ҳаддидан ошаверди.

Охир-оқибат июн ойининг бошида, кечаси соат ўн бирларда холамнинг уйидан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Дугонам Сурайёга телефон қилиб, бир кечага квартирасидан тунаш учун жой беришини илтимос қилдим.

— Уйнинг эгаси бунга рухсат бермайди, — деди дугонам.

Ноилож такси ёллаб, холамникида бирга турган қизларникига бордим. Унинг онаси эртасига телефон орқали холамни чақириб мени бериб юборди.

Шундан сўнг менинг ҳаётимда азобли кунлар бошланди. Холаларим мен ҳақимда дадамга ҳар хил бўхтон гаплар айтишди. Уятсизга чиқаришди мени. Натижада дадам мен билан гаплашмай, ҳатто бир дастурхонда овқат емай қўйди. Онам бўлса калтаклаб, бутун танамни моматалоқ қилди.

Мен эса холамнинг куёви ва қизининг қилиқларини, ноҳақликларини айтишга қўрқдим. Чунки ўша пайтда дадам холамларнинг иккинчи уйларида қурилиш ишларини қилаётганди. Қариндошлар ўртасида жанжалга сабабчи бўлиб қолишдан қўрқиб, барча хўрликларга чидашга ўзимни мажбур ҳис эдим.

Бу орада коллежга бормаган кунларим ҳам кўпайди. Натижада 2-курсни битириш учун анчагина фанлардан қарздор бўлдим.

Шунинг учун июн ойида коллежга бориш учун йўлга чиқдим.  Самарқанд шаҳрига борганимда телефоним машинада тушиб қолганини билиб қолдим. Яна ўзимизнинг туманига қайтишимга тўғри келди. Рақамимга телефон қилганимда нексия машинасининг ҳайдовчиси бир қишлоқдан эканини айтди. Кеч бўлиб қолганлиги сабабли телефонни олиб келиб беришни бир танишимдан илтимос қилдим. Ўзим эса унинг янгасиникида кутиб ўтирдим. Танишим телефонимни олиб келганида қуввати тугаган эди. Уйга бегона рақамдан телефон қилишга қўрқдим. Аммо ҳалиги холамникида мен билан турган қиз мени кўриб, холамга телефон қилиб, қаердалигимни айтган. Кечаси ўн иккиларда куёви  ва бувим мени олиб кетгани борди. Улар ярим кечаси мени уйимизга олиб келиб ташлади. Онам яна мени роса калтаклади.

Бор воқеа шу. Лекин холамлар, онам, ҳаттоки дадам ҳам мени туҳмат ботқоғига ботиришди. Шу зайлда кунлар, ойлар ўтиб 2013 йил 2 сентябр ҳам етиб келди.

Мен ҳаммасини бошдан бошлайман, деб коллеж остонасига қадам қўйдим. Аммо чучварани хом санаган эканман. Ҳамма гуруҳ раҳбарларининг хонасига кирган пайтда гуруҳ сардоримиз мени четга чақирди:

— Сиз 53.000 сўм пул беришингиз керак экан. Бўлмаса, гуруҳ раҳбаримиз дарсларга қўймаскан.

Эртасига ўзимга иш қидира бошладим. Мақсадим, уйдан пул сўрамасдан ўша гуруҳ сардоримиз айтган пулни бериш эди. Уч кун деганда иш топдим.

Кафеда ишлаётганимга уч кун бўлганида ота-онам сезиб қолиб, мени уйга олиб кетди. Қаттиқ ҳақоротлашди. Шу билан яна дарсларга бормай қўйдим. Курсдошларимни эса пахта йиғим-теримига олиб кетишди. Лекин коллежидан бирор кимса мени сўраб келмади.

2013 йил 15 октябр куни онам холамларникига кетди. Шу куни қурбон ҳайити эди. Шунинг учун дугонам билан Ал-Бухорий зиёратгоҳига айлангани бордик.

Уйга келганимда дадам эски туҳматларига асосланиб, яна мени ҳақорат қилди. Салкам етти-саккиз ойлик таъна-дашномлардан безор бўлганимдан, дардимни айтишга бир яқин сирдош топмаганимдан бир сидра кийимларимни ва 100.000 сўм пулни олиб, уйдан чиқиб кетдим. Чунки бу камситишлар суяк-суягимдан ўтиб кетган эди. Ўз ҳаётимни ўзим қураман ва ҳалол яшайман, деган мақсадда Жиззахга кетдим. Самарқанд шаҳрида қолиб ишлашга қўрқдим. Чунки пулдор холаларим барибир топиб олишарди.

Шукрки, Жиззах шаҳридаги “Эски шаҳар буюм” бозорига борганимда яхши инсонларга дуч келдим. Бозор ҳудуди бўйича қоровулхона ходимлари мени тутиб олишди. Уларга ёлғoн гапиришга мажбур бўлдим: “Отам чет давлатга ишлашга кетган, онам эса ўгай!” Бу гапларимдан кейин улар менга ёрдам беришди.  Бозор ичидаги ошхонага идиш-товоқ ювувчи этиб ишга жойлаб қўйишди.

Турар жой ҳам топиб беришди. Хонадон эгалари мен ўз фазандларидек кўриб, кичкина қизларининг хонасига жойлаштиришди. Мен тўрт ой давомида ана шундай бағри кенг инсонлар ичида энг бахтли кунларимни ўтказдим. Мен бу инсонлардан бир умр қарздорман.

Шу билан 2014 йил 20 феврал куни ички ишлар ходимлари мени топиб, Самарқандга олиб кетишди. Мен онамга, бувим ва холаларига ҳамма гапни айтдим. Яқинларим бир оғиз сўз дейишмади.

Афсуски, ўқишимда ҳам туҳматга учрадим. Улар мени касал деб ҳужжат тўғирлашган экан. Шу туфайли, ўқитувчим менинг сенятбрда ўқишга борганимни тан олмади.

Мен бу бошимдан ўтган воқеаларни ёзиб ўзимни оқламоқчи эмасман, фақат бир нарсани истардимки, бу ҳасратга тўла хатни ўқиган ёшлар менга ўхшаб ёлғон ва тухматлар қурбони бўлишмасин. Ота-оналар эса фарзандида бўлаётган ўзгаришнинг асл сабаби билиб, гуноҳи бўлса кейин жазолашсин. Бўлмаса, мен каби қизлар ўзига гард юқтирмаган бўлса-да, ўз яқинлари томонидан ёмон отлиққа чиқаверади...

Н.УСАНБОЕВА оққа кўчирди

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии