Долзарб мавзулар Абитуриент

Равшан Эрматовга “Буюк хизматлари учун” ордени ҳамда “Malibu” автомобили топширилди

Бўлимлар: Футбол
Теглар:
Добавлено: 02.01.2016, 23:56

Пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматовга Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени ҳамда Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобилини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

2003 йилдан буён ФИФА таснифидаги мусобақаларни бошқариб келаётган Равшан Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли турнирларда ҳакамлик қилмоқда. Ўзбек ўғлони 2008, 2009, 2010, 2011 ва 2014 йилларда беш маротаба “Осиёнинг энг яхши ҳаками” деб эътироф этилди. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” сифатида тан олди. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни юқори савияда бошқариб келаётган Р.Эрматов 2013 йил якунлари бўйича ҳам дунёнинг энг кучли ҳакамлари рейтингининг юқори поғоналаридан жой олган.

Равшан Эрматовнинг 2010 йили Жанубий Африка Республикаси ва 2014 йили Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатларида кетма-кет иштирок этиши Ўзбекистон спортининг улкан ютуғи бўлди. 2010 йилги чемпионатнинг очилиш маросими ва яна тўртта учрашувни аъло даражада бошқариб, дунёга Ўзбекистон спортчиларининг салоҳияти ва қудратини намоён эта олган ўзбек ҳаками Бразилиядаги мундиалда жами тўртта учрашувни муваффақиятли бошқарди. Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 учрашув бошқариб, дунё рекордини ўрнатди. Бу билан ўзбек спортчилари ҳам дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда яна бир карра исботлади.

Равшан Эрматов Президентимиз Ислом Каримов фармонларига мувофиқ 2010 йили “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

Машҳур футбол ҳаками Равшан Эрматов яқинда футбол оламининг нуфузли мукофотларидан бири – “Globe Soccer Awards – 2015” совринини қўлга киритди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ташкил этилган маросимда “Globe Soccer Awards – 2015”нинг турли номинациялар бўйича  ғолиблари тақдирланди. Мукофотнинг “Энг яхши ҳакам” йўналишида Равшан Эрматов билан бир қаторда Жунейт Чақир, Вильмар Рольдан, Хоэль Агилар, Бакари Гассама ва Норберт Хауата сингари дунёнинг энг тажрибали реферилари ҳам даъвогарлик қилганди. Нуфузли ҳайъат аъзолари совринга ўзбек ўғлонини муносиб, деб топди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 31 декабрдаги фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, халқаро майдонда ўзбек футболи нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Р.Эрматов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” орденини ва Президентимиз совғаси – “Malibu” автомобили калитини Р.Эрматовга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев тантанали равишда топширди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии