Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Савр — ҳар қандай соҳада биринчи бўласиз

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 04.01.2016, 15:42

Янги йилда Саврларнинг ҳаёт тарзи жуда фаол тус олади. Уларнинг ҳар бир фаолиятида юқори даражадаги жўшқинлик ҳукмрон бўлади. Бекорчи ишлар вақтингизни ўғирламаслиги учун барча ўйлаган ишларингизда аниқ режа тузиб ҳаракат қилинг. Агар ўтган йили ниҳоясига етказишни истамаган ёки ниҳоялашга имкон етмаган ишларингиз бўлса, уларни омадли якунлашнинг вақти келди.

Айнан шу йилда сиз ўзингизни ҳар қандай соҳада синаб кўришингиз мумкин. Шу билан ижобий жиҳатларингизни ҳам кўрсатиш имкони туғилади. Агар ким биландир баҳслашиб, ғалаба қўлингизда эканига ишончингиз комил бўлса, сизни енгиш осон кечмайди. Саврлар учун тўғри маълумот олишнинг энг яхши йўли, суҳбатдошини диққат билан тинглай олишдир. Айнан шундай суҳбатлар жараёнида муаммоларингизга ечим бўлиши мумкин бўлган, шу билан бирга мақсадларингизга эришиш йўлидаги янги ғоялар туғилади.

ШАХСИЙ ҲАЁТ

Келаётган йил сизга ёқимли ва ижобий ҳиссиётларни туҳфа этади. Атрофингиздаги инсонлар сизга алоҳида эътибор ва меҳр билан муносабатда бўлишади. Ёрқин ҳиссиётлар ўз қуршовига олади. Ҳаётингизда катта ўзгаришлар олиб келиши мумкин бўлган сафарга чиқишингиз мумкин. Кейинчалик яқин дўстингизга айланиши мумкин бўлган инсонлар билан танишасиз. Улар шахсий ҳаётингизда муҳим ўрин эгаллаб, қийин вазиятларда ҳамиша кўмакдош бўлишади. Ҳали турмуш қурмаган Саврлар эса яқин келажакда ўз тақдирини боғлаши мумкин бўлган инсонни учратиши эҳтимоли юқори. Шундай лаҳзалар бўладики, сизни хато ва камчиликларингиз билан севишлари ва қадрлашлари ҳаётни кўзингизга янада гўзал қилиб кўрсатади. Шуни ёддан чиқармангки, сизга қандай муомалада бўлишса, шунга яраша жавоб қайтаришингиз лозим. Йўқса, муносабатларингиз узоққа бормайди.

Йил боши яқин инсонингиз билан муносабатингизни изга солиш ва узоқ келажак учун тузган режаларингиз билан хотиржам ўртоқлашишга имкон туғдиради. Бу вақтда юзага келган кичик келишмовчиликларни осон ва тинч йўл билан ҳал этиш мумкин.

Саврлар ҳаётида йилнинг баҳор фаслига келиб оилавий муносабатлар борасида бироз тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Сизни оилага кам эътибор бераётганликда, фарзандларингизнинг ютуқлари ва уларнинг тарбиясига умуман аҳамият қаратмаётганликда айблашади. Оилада хотиржам муҳитни сақлаб қолиш учун вазиятни батафсил тушунтиришга ҳаракат қилинг. Шундай қилингки, яқинларингиз сизсиз ўзларини ёлғиз ҳис этишмасин. Ҳеч бўлмаганда кечки вақт улар учун вақт ажратинг. 2016 йил охирлари Саврлар учун эртакнамо тус олади. Сизни меҳр ва эътибор қуршаб олади. Айнан шу вақтга келиб нафақат иш, балки шахсий муносабатлар ҳам самарали тус олади. Ота-онангиз дала ҳовли қуриш, уй учун керакли ва фойдали бирор катта нарсага эга бўлишингизда ёрдам беришади. Юлдузлар кайфиятингизни бузиши мумкин бўлган турли гап-сўзларга эътибор бермасликни маслаҳат беришаяпти. Шахсий муносабатларда эса ҳатто энг яқин дўстингизга ҳам қулоқ солмаган маъқул. Барчасини юрагингиз буюрганидек қилинг.  

Карьера ва молия

2016 йилда Саврлар учун уддабуронлик ва ишбилармонлик биринчи ўринда туради. Ҳозир керакли натижага эришиш учун тезкор қарор қабул қилиш зарур. Бирор масалага фаоллик билан ёндошувингиз албатта самарали натижа беради. Ишда юқори чўққиларни эгаллашни истаган бу бурж вакиллари ўз мақсадларига фақатгина қаттиқ ҳаракат қилишсагина эришишлари мумкин. Шундагина раҳбарият уларга эътибор қаратади. Шундан сўнггина сиз янги лавозимга ўз номзодингизни қўйишингиз мумкин. Ёз фасли иш борасида сокин давр ҳисобланади. Яхшиси ишдан бироз чалғиб, оилангизга кўпроқ эътибор қаратишингиз маъқул бўлади. Бу вақтдан унумли фойдаланиб яхшилаб куч тўплаб олинг, йил охирига келиб ўз фаоллигингизни намоён этиб, янги лойиҳалар устида ишлашингизга тўғри келади. Шундан кейингина сиз ўз соҳангиз бўйича янги қирраларингизни намоён этишингиз ёки умуман фаолият йўналишингизни ўзгартиришингиз мумкин. Шу орқали сизда қўшимча даромад келтирадиган манба пайдо бўлади. Лекин аввал пухта ўйлаб олишингизга тўғри келади.

Февраль ва март ойларида Саврларнинг молиявий аҳволи ўртача бўлади. Фаолиятига нисбатан шубҳа туғилган бирор фирма билан алоқа ўрнатмаганингиз маъқул. Бундай ҳолатлар катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Кузга келиб эса моддий жиҳатдан ўзингизни анча ўнглаб оласиз.

Саломатлик

Янги йилда Саврлар  агар тўлақонли таътилга чиқа олсалар, ўзларини анча яхши ҳис қилишади.

Баҳорда нотўғри кун тартиби туфайли бош оғриғи безовта қилиши мумкин ва бу иш фаоллигингизга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Имкон қадар кўпроқ ҳордиқ чиқаришга ҳаракат қилинг. Кучингизни рзимас ишлар учун сарфламанг. Агар вазнингиздан шикоятингиз бўлса ва ундан қандай қилиб бўлмасин қутулишни истасангиз, ҳеч бўлмаганда бир неча килограммга озишни ўйлаётган бўлсангиз , овқатланиш тартибига қатъий риоя қилинг. Йога, фитнес каби машғулотлар билан шуғилланишнинг айни вақти. Юлдузлар парҳез тутишни “маслаҳат беришмоқда”. Куз ва қиш ойларида шамоллаш безовта қилиши мумкин. Шу боис ҳам иммунитетингизни оширишга  эътибор беринг. Бунинг учун эса тоза ҳавода кўпроқ юриб, профилактика даволаш чораларини кўриш кифоя. Муздек сув ёки маҳсулотларни истеъмол қилиш ярамайди. Бу жиддий асоратларга олиб келади.

САВР-ЭРКАК

Маймун йили эркак Саврларни нафақат атрофдагиларнинг ҳайратига сабаб бўладиган, балки ўзларини ҳам ҳайрон қолдирадиган хатти-ҳаракатлар қилишга ундайди. Уларда ҳеч қачон учрамаган паришонлик ҳолати кузатилиши эҳтимоли ҳам бор. Бу эса уларнинг янада куч йиғиб олишларига, ҳаётий имкониятлари ва атрофдагилар билан муносабатларини таҳлил қилишга имкон беради. Йил ўрталарига келиб ўз мақсадларини рўёбга чиқаришлари мумкин бўлади. Йилнинг 12 ойи мобайнида бу бурж эркакларини билим олиш ва янги нарсалар яратиш истаги ич-этини кемиради. Олинган кўникма ва билимлар Саврларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлади. Шу билан бирга бу вақт оралиғида кўп маош тўлайдиган иш қидириб топиш ҳам мумкин. Сиз янги ишлар бошлашингизда кўмакдош бўладиган инсонлар билан танишасиз.

САВР-АЁЛ

Ишда юзага келган айрим муаммолар туфайли йил бироз омадсиз бошланиши мумкин. Лекин баҳорнинг охирларига келиб ҳаммаси ортда қолади. Маймун йилида аёл Саврларнинг оилавий муносабатлар бобида дипламат бўлишлари талаб этилади. Ўртада пайдо бўлган низоли ҳолатдан чиқиб кетиш учун қийин вазиятда керакли сўзни айта олиш қобилиятингиз ва файласуфона ёндошувингиз кўмак беради. Бу давр ижод аҳли учун ҳам жуда самаралидир. Ҳаттоки, илгари ўзида бирор иқтидор сезмаган кишилар ҳам янги қобилиятларини кашф этишлари мумкин. Йилнинг иккинчи ярми, август, сентябрь ва октябрь ойлари оила қуришни режалаштириш учун қулай вақт.

Интизом биринчи ўринда

Савр буржи вакилларига хос бўлган хусусиятлар, бу — анъаналарни ёқлаш, ишга жиддий ёндашув, соғлом фикрлилик, моддий турғунликка интилиш ва сахийликдир. Бу бурж вакиллари ҳеч қачон хаёлий мақсадлар учун таваккал қилиб пул сарфлашмайди. Уларнинг кўпчилиги иқтисодчи, банк ходими ва сиёсатчиликни танлашади. Аниқ, мантиқий, тартибли масалалар айнан Саврлар учун. Улар омадга ҳам айнан тартиб-интизом орқали эришадилар.

Етти ўлчаб, кейин кесинг

“Нима эксанг, шуни ўрасан”, 2016 йил охирига келиб айнан шу нақлнинг ижобатини кўришингиз мумкин. Сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз ва қабул қилаётган қарорларингиз ақл ва ҳиссиётларингиз уйғунлигида амалга ошиши зарур. Ҳар бир қадамингизни ўйлаб босинг, шунда режаларингиз амалида ҳеч нарса сизга ҳалал бера олмайди. Бугунги қилган меҳнатингизнинг самарасини эртага албатта кўрасиз.

 



Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии