Долзарб мавзулар Абитуриент

Ҳосила Раҳимовадан тандир кабоб ва парҳезли салат рецепти

Бўлимлар: Lady
Теглар:
Добавлено: 05.01.2016, 12:14

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимовага қачон қўнғироқ қилмайлик, вилоятлар бўйлаб гастроль сафарларида юрган бўлади. Лекин ҳар қанча вақти тиғиз бўлмасин, хонандани “Ўзбегим ошхонаси” саҳифасининг янги йил сони учун пазандалик қилишга кўндирдик.  Ҳосила Раҳимова бизга  сурхонча тандир кабоб тайёрлаб бермоқчилигини айтганида аввалига бир оз ҳайратландик. Сабаби, тандир кабобни тайёрлашнинг ўзига яраша машаққати бор,  қолаверса, бу хушхўр таомни асосан эркаклар тайёрлайди. Лекин кўплаб қўшиқлари клипида от чопдириб, мухлисларга ўз чавандозлик маҳоратини намойиш этган Ҳосила Раҳимова тандир кабобни ҳам маромига етказиб тайёрлашига шубҳамиз йўқ эди.

Хуллас хонанда белига фартукни тақиб,  чаққонлик билан тандир кабоб тайёрлашга киришди.    

— “Тандир кабоб” Сурхондарё вилоятида энг қадрли ва нозик меҳмонлар учун тайёрланади ҳамда байрамларда, тўй-хашамларда тансиқ таом сифатида дастурхонга тортилади. Айниқса, янги йил байрам дастурхонингизда тандир кабоб бўлса, байрам устига байрам бўлиши ҳеч гап эмас (кулиб)”

Аввал 12 кг. ширвоз, яъни янги сўйилган қўзичоқ гўштини олиб уни тузлаймиз. Мухлисларимизда нега айнан ширвоз гўшти деган савол туғилиши табиий. Сабаби, жуда юмшоқ ва мазалилиги боис азалдан ота-буваларимиз  тандир кабобни фақат ширвоз гўштидан тайёрлашган. Мана, ширвоз гўштини тузлаб олдик. Энди лаҳм жойларига пичоқни ботириб 10 см. узунликда кесиб чиқамиз. Гўшт ораси яхши пишиши учун шундай тартибда кесиш керак.

Сўнг кашнич уруғи ва зираини олиб ҳар бир кесилган қисмига сепилади. Кейин гўштнинг кесилган қисмига майдаланган саримсоқпиёз соламиз.

Сўнг помидорни қирғичдан ўтказиб, сувини гўштнинг ҳамма қисмига суртиб чиқамиз.

Ана шундан кейин арча шохларини синдириб гўштнинг катталигига мослаб,  10 см.дан кесилган қисмлари орасига тиқиб чиқамиз.

Тандир кабобнинг энг асосий жиҳати ҳам ундан арчанинг хушбўй ҳиди таралиб туриши ва хуштаъм мазасидир. Арча ва зираворларнинг мазаси, ҳиди гўштга ўтиши учун бир соатга тиндириб қўйилади. Истасангиз гўштнинг думба қисмини олиб ташлашингиз ҳам мумкин.

Ушбу таомни қадимда чўпонлар  ерда кавлаб ясалган тандир ичида пиширишган. Бу таомни Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида, дала даштларда қўй-қўзи боқиб юрган чўпонлар кашф этган, десак ҳам бўлади.

Гўшт тиндирилгач, тандир  кабоб пишириш учун мўлжалланган темирни олиб гўштни унга илдирамиз. Сўнг 4 соат давомида қиздирилган тандирнинг тафтини текшириб, темирга илинган гўштни тандирнинг оғзига қўйиб, тандирни қопқоғи билан беркитамиз.

Бир соатдан сўнг  тандир кабобимиз тайёр бўлди. Таом бир оз совугач арча шохларидан тозалаб олинади ва бўлакларга бўлиб, ликопчаларга тортилади.

Тандир кабоб учун керакли масаллиқлар (6 ёки 8 киши учун):

12 кг. ширвоз (қўзичоқ) гўшти, 1 дона саримсоқпиёз, 1 дона помидор, таъбга кўра туз, зира, кашнич ва арча шохлари

Италянча  “моцарелла”  салати

Байрам куни хоҳлаймизми-йўқми, кўп таом истъемол қиламаз. Шу сабаб байрам дастурхонида ҳазми осон, енгил салатлар бўлишига эътибор бераман. Эътиборингизга ҳавола этилаётган итальянча “Моцарелла” салати тайёрлаш сирини ўрганиб олсангиз, уни парҳез таом сифатида истеъмол қилишингиз мумкин.

Ушбу салат моцарелла деб номланишига сабаб унга шу номли пишлоқ қўшилади. Биринчи ўринда ўртача катталикдаги помидорни олиб кўндалангига 0,5 мм қалинликда тўғраб чиқамиз. Моцарелла пишлоғини ҳам худди помидор каби тўғраймиз ва помидор ва пишлоқ бўлакларини устма-уст жойлаштириб чиқамиз. Сўнг устидан кедр ёнғоғи, қуритиб майдаланган райҳон кукуни ҳамда зайтун мойидан тайёрланган махсус соусни қуямиз. Салатимиз чиройли кўринишда бўлиши учун соусни ликопчанинг четларига ҳам гул шаклида томизиб чиқиш мумкин. Сўнг таъбга кўра руккола ўтларидан ҳам безак сифатида фойдаланиш мумкин. Руккола ўти таркибида инсон организми учун фойдали бўлган  Е, В гуруҳи витаминлари, С,  А, К,  витаминлари, шунингдек, рух, магний, селен, натрий,  фосфор, марганец  каби кўплаб фойдали моддалар мавжуд бўлиб, Италия ошхоналарида бу кўкатдан кўп фойдаланилади.

“Моцарелла” салати учун керакли масаллиқлар:

(1 киши учун)

1 дона помидор, 200 г моцарелла пишлоғи, кедр ёнғоғи, руккола кўкати ҳамда  зайтун мойи, қуритиб майдаланган райҳон кукунидан тайёрланган соус керак бўлади. 

           

 

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии