my5

Гулжаҳон Йўлдошева қамоқдан чиққан куни бошқа шифокор «тиқиб» қўйилди

ЖАМИЯТ 09.10.2020, 19:20
1704
Гулжаҳон Йўлдошева қамоқдан чиққан куни бошқа шифокор «тиқиб» қўйилди

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, уй қамоғига ўтказилган куниёқ унинг ўрни «тўлдириб қўйилган»га ўхшайди. Яъниким, шу куни (6 октябрь) Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси инфекционисти — 30 ёшли Шихназар Рўзметов қамоққа олинди. Бу ҳақда «Xabar.uz» ҳибсдаги ёш шифокорнинг яқинларига таяниб хабар бермоқда.

Унга кўра, Ш. Рўзметовга Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Шахснинг оғир оқибатга сабаб бўладиган даражада ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши) ва 228-моддаси (ҳужжатларни сохталаштириш) билан айб эълон қилиниб, жорий йилнинг 6 октябрь куни ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Чирчиқ шаҳар суди ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.

Албатта, айбловларнинг асосли ё асоссиз экани ҳақида ҳозирча бир нима деб бўлмайди.

Ҳозир гап қўлланган эҳтиёт чора ҳақида кетмоқда.

Шифокорнинг қамоққа олиниши унинг терговдан қочиб яшириниши ёки далилларни йўқ қилиши эҳтимолидан келиб чиқиб қўлланади. Шу нуқтаи назардан Ш. Рўзметов шифохонадаги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган сана — 11 августдан бери терговга келиб-кетаётгани, бу орадан бош шифоркор Г. Йўлдошева қамоққа олинганидан кейин ҳам «жуфтакни ростлаб» қолмагани эътиборга олинса, унинг «терговдан қочиб яшириниши» эҳтимоли «0» (ноль)га тенглиги ойдинлашади. Иккинчидан, эълон қилинган асосий айблов (ЖК, 116-модда) эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар сирасига киради, айни айблов судда тасдиқланган тақдирда ҳам (тасдиқланишинига айни пайтда ҳеч ким кафолат беролмайди!) энг баланд жазо «беш йилгача озодликдан маҳрум этиш» экани инобатга олинса, қўлланган эҳтиёт чора катта савол туғдиради. Чунки, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар бўйича беш йилдан ортиқ (!) жазо тайинланиши эҳтимоли бўлган тақдирдагина шахсга «қамоққа олиш» чораси қўлланиши мумкинлиги Олий суд Пленуми қарорида алоҳида қайд этилади.

Юқорида қайд этилганларга Ш. Рўзметов эндигина шифкор сифатида иш бошлагани, боз икки нафар вояга етмаган фарзанднинг (иккинчи фарзанди эндигина бир ойлик бўлган) отаси, оиланинг ягона боқувчиси экани ҳам қўшилса, унга нисбатан қўлланган эҳтиёт чора навбатдаги шошма-шошарлик натижаси эмасмикан, деган яна бир савол туғдиради.

Чунки, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Г. Йўлдошева «олти нафар вояга фарзанднинг онаси экани, уларнинг кенжаси эндигина икки ёшга тўлганига» қарамай «терговдан қочиб, яшириниши ва далилларни нобуд қилиши мумкинлиги» эҳтимолидан келиб чиқиб, ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди аёлни қамоққа олиш ҳақида ажрим чиқарганди. Орадан бир ой ўтгач эса, айни ҳолатнинг тескариси бўлди: шу суднинг ўзи унинг «терговдан яшириниши ва далилларни йўқ қилиши эҳтимолига» қарамай «аёл экани, олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онасилигини» эътиборга олиб, қамоққа олиш эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш ҳақида навбатдаги ажримини чиқарди...

Ажаб, ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди прокурор киритган илтимосномаларни «кўзни чирт юмиб», қанотлантираверадиган муассасага айланиб қолганми ё?

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+-3° туман
Валюта курси
10414.86
USD 23.93
12344.73
EUR 50.18
136.69
RUB 2.35