Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Шохруҳ НАСИМОВ: “Отамнинг жасадини кимнинг буйруғи билан ўғирлашганига қизиқишди”

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Теглар:
Добавлено: 13.01.2016, 15:36

“Эътироф - 2015” маросимида “Йилнинг энг яхши киноактёри” номига сазовор бўлган Шоҳруҳ Насимов бугун Darakchi.uz меҳмони.

Ўзининг “Одноклассники” ва “Ажал жодуси” фильмларида яратган образлари билан халқ назарига тушган актёр ўз роллари, отаси билан муносабатлари, бўлғуси тўйи ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

—2015 йилнинг "Энг яхши актёри" дея эътироф этилишингиз сиз учун мутлақо кутилмаган ҳодиса бўлса керак?

—Тўғри, умуман кутмаган эдим. Бу ҳаётимда бир мўжиза бўлди, десам ҳам бўлади. Чунки мен ҳали энди институтни тугатиб, аста-секин санъатдаги изланишларимни бошлаётганимда ушбу мукофотга лойиқ кўрилдим. Энди ушбу мукофотга муносиб бўлиб, кучли актёр бўлишга ҳаракат қилишим шарт.

—Мукофотланишингизни қанча вақт олдин билдингиз, ким биринчи бўлиб табриклади?

—Мен мукофотланганимни саҳнада эълон қилишганида бошқалар билан бир вақтда билдим. Ўзи оддий меҳмон сифатида ташриф буюрган эдим. Биринчи бўлиб албатта ота-онам табриклади.

—Дадангиз Ҳилол Насимовни аёвсиз танқидчилигини яхши биламиз. Мукофотланганингизга уларнинг муносабати қандай бўлди?

—Дадам учун ҳам бу воқеа кутилмаган бўлди, аммо хурсанд бўлдилар. Ўшанда ҳам энди мукофотга лойиқ бўлишимни, янада изланишимни  таъкидладилар.

—Илк ўйнаган ролингизни эслай оласизми?

—Адашмасам 4 ёшимда “Пиёда” деб номлаган фильмда, ундан сўнг Ҳотам Файзиевнинг “Кичкина одамлар” фильмида роллар ижро этганман.

Энг катта бош ролим “Одноклассники” фильмида бўлган, ундан олдинроқ “Сардор-3” фильмида иккинчи даражали ролни ижро этганман.

—Бугун “Ажал жодуси фильми кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, сиз яратган образга атрофингиздагиларнинг муносабати қандай бўлди?

—Мен ўзимни профессионал эмас, ҳаваскор актёр деб биламан. Балки айрим жойларини етказиб бера олмагандирман. Кимдир мақтади, кимдир телефон қилиб дадангизни жасадини ўша сиз ёнидан қочган одамларнинг буйруғи билан ўғирлашганми, деган саволлар беришди.

—Фильм воқеларини ҳаётингизга кўчирсак, сиз ҳам дабдабали тўй қилиш ниятидамисиз?

—Аввало бундай воқелар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Агар шу бола ўз шароитидан келиб чиқиб, кўрпасига қараб оёқ узатганида балки бу ишлар умуман бўлмаган бўларди.  Бу ерда ота-оналарда ҳам айб катта деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам улар қаршилик қилиши керак эди. Бироқ ота-она ҳам ҳавасга учди. Ҳаётимиздаги мен бировдан кам эмасман каби ҳою-ҳаваслар ана шундай аянчли воқеаларга сабаб бўлмоқда.

—Сиз ҳам уйланиш арафасидасиз. Ҳаётингизда шундай дабдабали тўй қилишни хоҳлайсизми? Фильмдан сиз чиқарган хулоса қандай бўлди? Ҳаётга қарашингиз ўзгардими?

—Инсон учун энг муҳими бахт деб ўйлайман. Ҳалол топилган пулга ихчамгина, исрофгарчиликларга йўл қўйилмаган ҳолда қилинган тўй айни муддао бўлади. Уйланишимга келсак, мен дабдабадан узоқроқ юраман.

—Демак тўйингиз оддий бўлади, шундайми?

—Жуда ҳам оддий эмас, дабдабали ҳам эмас. Бир неча қаватли тортлар ёки ўнлаб машиналарсиз, меъёрида, ихчамгина бўлади.

—Ҳилол Насимовдан бошқа режиссёрлар ҳам айни дамда сизни ўз фильмларига таклиф қилишяптими?

—Тўғрисини айтсам, “Ажал Жодуси” фильмидан сўнг таклиф бўлди, аммо оиламизда тўй бўлгани муносабати билан вақт томонлама улгуролмадим. 

—Бошқа режиссёрлардан таклиф бўлганида дадангиз билан маслаҳатлашиб кейин розилик билдирасизми ёки улар сизнинг фаолиятингизга аралашмайдиларми?

—Дадам ҳар доим тўғри йўл кўрсатадилар ва ҳеч қачон у ёки бу режиссёр билан ишламайсан, бу фильмда роль ўйнамайсан деган шарт қўймайдилар.

—Клиплардан таклиф тушса, рози бўласизми?

—Йўқ, клипларда суратга тушмайман. Жуда бир ўзгача қўшиқ бўлса ўйлаб кўришим мумкин. Лекин менимча тушмасам керак.

Эътироф 2015 мукофотига кимлар лойиқ деб ўйлагандингиз…?

—Жуда кўп истеъдодли актёрлар бор, ҳамма ҳам тинимсиз меҳнат қиляпти. Аммо аниқ бир кишини кўрсата олмайман.

—Укангиз Фотиҳ Насимов-чи?

—Бу нарса ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман.

Ажал жодусида образдан чиқиб кета олмаган саҳнангиз бўлдими?

—Отасининг ўлими, ўша жойини ҳозир ҳам кўра олмайман.

Ижтимоий тармоқларда қанчалик фаолсиз?

—"Телеграм"дан фойдаланаман. "Одноклассники" ва "Инстаграм"да йўқман. Ижтимоий тармоқлар жуда кўп вақтни олади. Шу сабабдан қатъий меъёрни сақлаш керак, деб ўйлайман.

—Ўзингизга бириктирилган ролни бажара олмасдан дадангиздан гап эшитган ҳолатлар ҳам бўлдими, умуман съёмка майдонида ота-ўғил муносабати қанақа?

—Съёмка майдонида ота-ўғил муносабати чегарада ушланади. Жиддий мавзу, жиддий фильм бўлгани учун бизга ҳам талаб катта қўйилади. Катта гапириш эмас-у, “Ажал жодуси”да қўлимдан келмаган жойлари бўлмади, бироқ отаси ўладиган ва дафн этиладиган жойларида қийналган жойларим бўлди.

Дадангиздан бошқа, яна қайси режиссёрнинг фильмида ўйнашни орзу қиласиз?

  (Узоқ ўйланди)...

—Унда вариантлар айтаман сиз бирортасини танлаб оласиз…

—Агар сиз айтган вариантлар орасида бўлса айтаман, бўлмаса йўқ.

—Рустам Саъдиев, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов, Жавлон Шодмонов, Жаҳонгир Аҳмедов, Санжар Шодиев?

—Номи сир бўлиб қолаверсин. Аммо мен фильмларида роль ўйнашни хоҳлайдиган режиссёр улар орасида бор.

—Сизни фильмга таклиф қилишди. Таклифнинг моддий томонига қанчалик аҳамият берасиз?

—Тўғрисини айтсам, кино санъатида шу соҳага умрини бағишлайман, деган одамни фильмнинг моддий томони умуман қизиқтирмаслиги керак. Менга ҳам фильмнинг моддий томони қизиқ эмас. Муҳими фильм сценарийси ва режиссёри.

—Самимий сухбат учун раҳмат.

Шоҳруҳ Насимов ҳақида...

  • 1991 йил 16 февраль куни Тошкент вилояти Қибрай туманида таваллуд топган.
  • Тошкент давлат Шарқшунослик институти қошидаги Шарқшунослик  академик лицейининг хитой ва инглиз тили йўналишини тамомлаган.
  • 2015 йилда Ўзбекистон Давлат маданият ва санъат институтининг драма ва кино актёрлиги факультетини тугатган.

Маълумот учун: "Ажал жодуси" фильмида режиссёр Ҳилол Насимовнинг икки ўғли роль ижро этган. Тўнғич ўғил ролида Шохруҳ, кичиги эса Фотиҳ Насимовлардир. 

             Феруз МУҲАММАД Darakchi.uz учун махсус 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии