Долзарб мавзулар Абитуриент

Кератодермия терингизга зиён етказмасин!

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:
Добавлено: 15.01.2016, 12:58

Кератодермия – қўл ва оёқ кафти терисининг дағаллашиши билан намоён бўладиган касаллик. Организмда витамин A етишмаслиги, гормонал бузилишлар, бактерияли ва вирусли инфекциялар кератодермиялар ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Касалликнинг иккита тури мавжуд:

  • Диффуз кератодермияси наслий сабабларга кўра келиб чиқади. Бунда қўл ва оёқ кафти терисининг ортиқча дағаллашиши кузатилади. Кўпинча касаллик бола ҳаётининг биринчи йилида ривожланади.

Болада диффуз кератодермия туғма ҳолда учраши мумкин. Дастлаб беморнинг қўл ва оёқ кафти териси бироз қалинлашади. Соғлом ва зарарланган тери ўртасида кўкимтир-кулранг чизиқ (ёки тасма) бўлади. Вақт ўтиши билан зарарланган соҳадаги тери дағаллашади, унинг юзаси текис ёки ғадир-будир кўринади, ранги эса сарғиш, жигарранг тус олади.

Баъзан зарарланган соҳада ёриқлар пайдо бўлиши мумкин. Кафт ва бармоқларнинг ташқи тарафи камдан-кам ҳолларда зарарланади. Тирноқлар тез ўсиб қалинлашади. Қўл ва оёқ кафтидаги ёриқлар (айниқса яллиғланганда) оғриққа сабаб бўлиши мумкин.

  • Ўчоқли кератодермияси ҳам насл суради. Касалликнинг биринчи белгилари 15-30 ёшлар оралиғида пайдо бўлиши мумкин. Беморнинг қўл ва оёқ кафти, бармоқлар букиладиган жойлар терисида диаметри 2-10 миллиметр бўлган пуштиранг тугунчалар пайдо бўлади. Бу тугунчалар сарғиш-жигарранг тиқинларга айланади. Улар кўчганда терида кратерсимон чуқурчалар қолади.

Кератодермияларнинг баъзи турларида қўл ва оёқ кафти дағаллашишидан ташқари ички аъзолар, эндокрин, асаб тизими ишида ҳам бузилишлар кузатилади, тиш ва оғиз бўшлиғи касалликлари юзага келади. Шунингдек, соч ва тирноқлар ҳам зарарланиши мумкин.

Даволаш дерматолог шифокор назорати остида олиб борилади. Керакли дори-дармонлар ва витаминлар (шу жумладан, витамин A) қабул қилиш, шунингдек махсус мазь, кремлар, физиотерапия муолажалари буюрилади.

Дерматолог-косметолог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Гулбаҳор Нуритдинова тавсиялари асосида тайёрланди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии