Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Директор ўринбосарларига устама тўланадими?

Бўлимлар: Савол-жавоб
Теглар:

Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар директор ўринбосарларининг иш ҳақларига устамалар тўланарди. Сўнгги пайтларда эса мазкур устамалар шу лавозимда фаолият юритаётган айрим ходимларга тўланмаяти. Бу борадаги ҳудудий масъулларнинг изоҳлашларича, Молия вазирлиги томонидан маънавий-маърифий ишлар директор ўринбосари фаолияти ўқув-тарбия жараёнига дахлдор эмас, деган сабаб билан бекор қилинган экан. Шу тўғрими?

А.Мадалиев, Тошкент ш.

"Даракчи" газетаси таҳририяти томонидан мазкур мурожаат тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ва молия вазирлигига жўнатилди. Тақдим этилган жавоблар эса қуйидагича.

Ж.ҚЎЧҚОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари:

—Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сонли "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорнинг 8-бандига асосан ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда базавий тариф ставкаларига устамалар маълум миқдорларда белгиланган.

20 фоиз — айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабларда ўқув жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган директорлар, уларнинг ўринбосарлари ва психологларга;

40 фоиз — айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқув-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган директорлар, уларнинг ўринбосарларига берилиши белгиланган.

ТАҲРИРИЯТ: Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган ушбу маълумотларда амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра базавий тариф ставкаларига устамалар тўламасликни тасдиқловчи  ҳеч қандай асос йўқ. Фақатгина тақдим этилган маълумотларда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг фаолияти ихтисослаштирилган мактабларда ўқув жараёни билан бевосита боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги тўғрисида Халқ таълими вазирлиги хулоса бериши лозимлигини қайд этилган. Биз бу масалага аниқлик киритиш учун Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик.

У.АБРУЕВ, Халқ таълими вазири ўринбосари:

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сонли қарорига биноан Халқ таълими вазирлиги томонидан "Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака таснифлари" тўғрисидаги 191-сон буйруғи қабул қилинган.

Мазкур буйруқнинг 29-банди "в" кичик бандида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари "Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари" мажмуасига кирувчи фанлар бўйича таълим стандартлари талабларининг бажарилишини назорат қилиш, шу фанлар бўйича ўзлаштириш, ўқувчиларнинг давомати ва хулқи, тарбиявий тадбирларнинг сифати ва самарадорлиги мониторингини амалга ошириши белгиланган.

Шунингдек, у синф раҳбарлари томонидан "тарбиявий соат”ларнинг ўтилишини, тўгарак машғулотларининг ташкил этилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг иш фаолияти ўқув-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ.

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии