Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Ёлғизликда юрак хуруж қилганда...

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:
Добавлено: 29.01.2016, 11:51

Организмдаги баъзи ўзгаришлар юрак фаолияти билан боғлиқ нохушликлардан дарак бериши мумкин. Бироқ юрак қурмағур ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, кутилмаганда ҳам зарба бериб қолиши ҳеч гап эмас. Бу вақтда уйда ёлғиз, ёҳуд кўча-куйда кетаётган бўлсангиз биринчи ёрдам кўрсатишни биласизми? Тавсиялар шу ҳақида.

Юрак безовталигини сездингизми, яхшиси тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилинг-да, ётган ҳолатда тинчланишга ҳаракат қилинг;

Аҳволингиз ёмонлашиб бораётгандек туюлса, нитроглицериннинг битта таблеткасини қабул қилиш мумкин. Таблетка тил остига қўйилиб, секин-аста сўрилиши керак;

Нитроглицерин қабул қилгач, жойингиздан қўзғалманг. Дори таъсирида бош айланиши мумкин.

Юрак хуруж қилган кишига биринчи ёрдам беришни биласизми?

Йўл-йўлакай бекатда турган кишининг мазаси бўлмай, юрагини чангаллаб турганига кўзингиз тушса шунчаки ўтиб кетманг. Тез ёрдам хизматига сим қоқиб, шифокор келгунича биринчи ёрдам кўрсатинг. Бунинг учун «бемор» нинг ёқасини бўшатиб, эркин нафас олиши учун шароит ҳозирланг. Уст-боши зич ёки тугмали, камарли бўлса, қон айланишини яхшилаш учун уларни ҳам енгиллаштиринг.

Эрталаб кўпроқ хуруж қилади

Инфаркт юзага келаётганида юрак соҳасида санчиқли оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ ҳисси чап қўл, елка ва куракка ҳам тарқалади. Шунингдек, кўкрак қафасида тушунарсиз безовталик, жағда оғриқ кузатилиши ҳам мумкин;

Безовталикларни енгиллаштириш учун дори қабул қилинганида акс таъсир юзага келиши ҳам мумкин. Масалан, нитроглицериндан кейин ҳам аҳволингиз ўнгланмайди. Бу инфарктга ҳос ҳодисалардан бири;

Юрак бетоқат бўлганида ваҳима ҳисси пайдо бўлади. Чунки бу вақтда стресс гормонлари фаоллашади. Шу боис ҳам юз ранги оқариб, танани совуқ тер қоплайди;

Юрак хуружлари асосан эрталабки вақтда содир бўлиши кўп кузатилган. Чунки бу пайтда буйрак ости ва стресс ҳолатини юзага келтирувчи гормонлар фаол бўлади;

Тавсия этилмайди!

Зўриқиб йўталиш мумкин эмас. Ҳатто йўтал юзага келса ҳам тинчланиб, организмни зўриқтирмаслик зарур;

Қурқув ҳисси беморнинг умумий аҳволига ножўя таъсир этади. Ваҳимага берилиш қон босими, бош оғриқлари ва нафас қисишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундай вақтда тинчланиб, тўғри нафас олишга ҳаракат қилиш тўғри бўлади.

Оддий кўринган тавсияларни яқинларингиз билан бўлишсангиз, ахборот алмашинувига ҳисса қўшган бўласиз. Бу эса юрак хуружига учраган бир неча беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради.

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа