Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Камчаткада дўстларини қутқармоқчи бўлган 2-синф ўқувчилари хотирасига мотам эълон қилинди

Бўлимлар: Дунё
Теглар:

Камчатка ўлкасида иссиқлик трассасида бир-бирини қутқармоқчи бўлган болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Камчатка ўлкасининг болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Виктор Тюменцев хабар берди.

 Уч боланинг иккитаси саккиз ёшда бўлиб, улар Петропавловск-Камчатка шаҳридаги иссиқлик трассасидаги қайноқ сувли ўралардан бирига тушиб кетган. Учинчи бола дўстларини қутқариш мақсадида ҳаракат қилиб, у ҳам қайноқ сувли қудуққа тушиб, ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хабар беришича, қудуққа аввал биринчи бола тушиб кетган, дўстлари унинг сумкасидан тортиб қутқармоқчи бўлганда, улар ҳам қайноқ сувли ўрага қулаган. “Фожиа тафсилоти кузатув камераси видео ёзувлари кўздан кечирилганда аниқланган” – дея хабар беради “Интерфакс” нашри.

“Болалардан бирининг сумка боғичи узилиб ётганлиги бу тахминни тасдиқлайди. Гувоҳларнинг айтишича, қайноқ сув тўла ўраларнинг оғзи юпқа фанер ёғочлар билан тўсилган, улар болаларнинг оғирлигини кўтаролмаган, — изоҳ берди Тюменцев. – Ҳозирда бу фожиага болалар ўқиган мактаб маъмуриятининг қай даражада жавобгарлиги масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда”.

Бу фожиа пайшанба куни Петропавловск-Камчатка шаҳрида рўй берди. 28 январь куни уч нафар иккинчи синф ўқувчиси мактабдан қайтмади. Уларнинг ота-оналари полицияга мурожаат қилди. Болаларни полиция, қутқарувчилар, кўнгиллилар биргаликда қидирди. Кечга яқин болаларни ўзлари ўқийдиган мактаб ёнидаги қайноқ сувли қудуқ ичидан топишди. Бахтсиз ҳодиса ёрилган қувурлардан оқиб чиқиб, оғзи беркитилмаган икки ярим метрлик қудуқ ичига тўпланган жойда рўй берган.

Болалар ўлими бўйича Россия Федерацияси Тергов бўлими РФ ЖК нинг 109-моддаси 3 бандига (эҳтиётсизлик оқибатида бир ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлишга) асосан жиноят иши қўзғатган. Тергов жараёнида болалар мактабдан қайтаётганда икки ярим метрлик қайноқ сувли қудуққа тушиб кетганлиги аниқланган. “Камчаткаэнерго” Акциядорлик Жамияти болалар ўлимида айбдор шахсларни аниқлаш мақсадида ички текширувни бошлаб юборди.

Камчатка губернатори фожиадан кейин ҳудуднинг уй-жой коммунал комплекси объектларини зудлик билан кенг кўламли назорат-текширувидан ўтказишни талаб қилди, хабар берди ўлка ҳокимияти матбуот хизмати.

Болаларнинг дафн маросимини ўтказишни Петропавловск-Камчатка шаҳри маъмурияти ўз бўйнига олди. Болалар билан видолашиш 1 февраль куни соат 11.00 да ўзлари ўқиган мактабда ўтказилиши белгиланди.

Бугун ўнлаб Петропавловск-Камчатка шаҳри аҳолиси болалар ҳалок бўлган жойга гуллар, юмшоқ ўйинчоқлар келтиришиб, уларни ёд этдилар. Ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлган болаларнинг ота-оналарига, яқинларига таъзиялар изҳор этишди. Бу фожиа сабабли бугун Петропавловск-Камчатка шаҳрида мотам куни деб эълон қилинди. Ҳукумат оммавий-ахборот воситаларига кўнгил очар кўрсатувлар, байрам тадбирлари, рекламаларни олиб ташлашни буюрди. Шаҳар раҳбари Владимир Илюхин тергов идораларига рўй берган фожиани батафсил ўрганиш бўйича топшириқлар берди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии