Долзарб мавзулар Абитуриент

Италияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 10.02.2016, 09:05

Жорий йилнинг 11-13 февраль кунлари Италиянинг Милан шаҳрида ўтказиладиган “BIT – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади. 

“Ўзбектуризм” миллий компанияси мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг танитиш мақсадида қатор халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Италияда ўтказиладиган туризм кўргазмаси юртимиз жозибасини намойиш этиш учун яна бир имкониятдир.

“BIT” дунёдаги энг нуфузли халқаро кўргазмалардан ҳисобланади. Бу йилги форумда 140 дан ортиқ мамлакатдан икки мингдан зиёд фирма ва компания вакиллари, эксперт ва олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Кўргазмада туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари, сафари боғлари, экологик, спорт саёҳати, овчилик, меҳмонхона ва транспорт сервиси, озиқ-овқат, соғломлаштириш, оилавий ва тўй саёҳати каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар иш олиб боради. 

“Ўзбектуризм” компаниясидан маълум қилишларича, кўргазмадан ўрин оладиган Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг гўзал масканлари ва тарихий обидалари тасвирланади. Бу иштирокчиларнинг юртимиз ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлишига хизмат қилади. Қадимий шаҳарларимиз, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги альбомлар, буклет ва нашрлар, халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъати маҳсулотлари ярмарка иштирокчилари эътиборига ҳавола этилади. Форумга ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан ҳам танишиши мумкин. 

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии