Долзарб мавзулар Абитуриент

“Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти учун халқаро танлов эълон қилинди

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 11.02.2016, 05:44

Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида “Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган мазкур танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Uzreport” ахборот агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида ўтказилмоқда. 

Танлов телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади. Унда битта бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда “Энг яхши фоторепортаж” ва “Энг яхши матбуот хизмати” рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилди.

“Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танлови нуфузи йилдан-йилга  ошиб бормоқда. 2006 йилда ўтказилган “Олтин қалам” I Миллий мукофоти учун танловда  136 журналист 1669 ижодий иши билан қатнашган бўлса,  2015 йили ўтган Х Миллий мукофот учун танловда  690 ижодкор 15 мингга яқин материалини тақдим этган. Шу вақтга қадар танловда 5000 га яқин журналистнинг 70 мингга яқин ижодий иши кўриб чиқилган. 222 журналист танлов ғолиби ва совриндори бўлган.

Ижодий ишлар давлатимиз раҳбарининг журналистлар олдига қўяётган вазифалардан келиб чиққан ҳолда баҳоланади, долзарб мавзудаги таҳлилий материалларга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган. Шунингдек,  БМТ, ЮНЕСКО, ЮСАИД, “Минтақавий мулоқот” (Словения) каби қатор халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳам танловда ўз мукофоти билан қатнашади. 

Йиғилишда “Олтин қалам”  ХI Миллий мукофоти учун халқаро танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди. “Олтин қалам” ХI  Миллий мукофоти халқаро танлови ғолиблари 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Туркистон” саройида ўтказиладиган тантанали маросимда тақдирланади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии