Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

GM Uzbekistan газ баллонли Lacetti ишлаб чиқаришни бошлади

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 11.02.2016, 07:36

GM Uzbekistan қўшма корхонаси Lacetti моделининг сиқилган газда ишловчи газ баллонли қурилмага эга версиясини серияли тарзда ишлаб чиқаришни бошлади. Бу ҳақда компаниянинг "Фейсбук"даги саҳифасида маълум қилинди.

Хабар берилишича, GM Korea ва Landi-Renzo компаниялари билан биргаликдаги лойиҳа доирасида автомобиль ва газ баллонли қурилмани (ГБҚ) калибровкалаш ишлари бажарилди, GM глобал тизими стандартлари ва ECE R110 (БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси) қоидаларига кўра, ГБҚнинг деталлари ва бутловчи қисмларининг зарурий синов ишлари ўтказилди.

Икки ёқилғили тизимга мослаштирилган двигателнинг оптимал ишлаши учун GM Korea билан биргаликда автомобилнинг зарурий синовлари ўтказилди. Автомобилларга ўрнатиладиган ГБҚни Италиянинг Faber (баллонлар) ва "Ўзавто-Ланди Рензо" ҚК (капотости қурилмаси қисмлари) компаниялари етказиб бермоқда.

Автомобиль GM PowerTrain Uzbekistan компанияси томонидан газда ишлашга махсус мослаштирилган двигатель билан жиҳозланган. Двигатель кучайтирилган цилиндр-поршень гуруҳи ва клапан механизмига эга. Бундан ташқари, машинанинг юриш қисми деталлари – амортизатор таянчлари, пружиналар, кўндаланг барқарорлик стабилизаторлари ва бошқалар кучайтирилди.

ГБҚ билан жиҳозланган машина бензин ва газ билан тўла тўлдирилган ҳолда 1130 км, жумладан бензинда 850 км ва газда 280 км йўл босиб ўта олади (машина газ баллон тўла тўлдирилган ҳолда 90 км/соат тезликда 280 км, шаҳар ичида 230 км йўл босади). Автомобиль агар газ тугаса ёки бензин тугаса, автоматик равишда газдан бензин истеъмол қилишга ўта олади.

Муҳандислар хавфсизликка алоҳида эътибор қаратишди. Газ баллони ва редуктор ўт олдириш ёқиб-ўчирилганда автоматик равишда очиб-ёпилади. Баллоннинг асосий электромагнит ва қўшимча клапанлари ҳарорат ва босим кўтарилганда ишга тушадиган предохранитель қурилмаси билан жиҳозланган. Агар юқори босим газ трубкаси узилиб кетса, баллон автоматик равишда ёпилади.

Автомобилни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида газ сизиб чиқишини текшириш ва барча тизимларни диагностика қилиш билан қаттиқ назорат амалга оширилади.

ГБҚ билан жиҳозланган Lacetti нархи кейинроқ маълум қилинади.

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа