Долзарб мавзулар Абитуриент

Ислом Каримов: “Спорт билан дўст бўлган болалар биз учун мутлақо бегона ва зарарли оқимларга қўшилиб кетмайди”

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 12.02.2016, 05:50

Президентимиз Ислом Каримов раислигида 11 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбари Жамғарма ташкил этилганидан буён, хусусан, 2015 йилда амалга оширилган ишлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича фикр юритди. 

– Биз катта орзу-ниятлар билан 2002 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил этган эдик, – деди Юртбошимиз. –Мана, орадан 14 йил ўтди. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун биз нафақат 2015 йилда, балки ана шу ўтган давр мобайнида амалга оширган ишларимизга ҳам тўхталсак ўринли бўлади. Болалар спортини ривожлантириш, уни давлат сиёсати даражасига кўтариш мақсадида махсус Жамғарма ташкил қилиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни адо этишда биз нималарга эришганимиз ҳақида, қандай хулосалар чиқаришимиз зарурлиги ҳақида гаплашиб олсак, айни муддао бўлар эди. 

Биринчидан, фарзандларимиз, ёш авлодимизни болалигидан бошлаб спорт билан ошно қилиш, уларнинг қалбида спортга ҳавас ва меҳр уйғотиш, уларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашни мазкур Жамғарманинг асосий вазифаси сифатида тасдиқлаб олганимиз ҳаммамизга яхши маълум. Фарзандларимизни болаликдан – асосан мактаб ёшидан бошлаб спортни ўзининг ҳаётдаги доимий ҳамроҳи деб билиши, улар умрбод спорт билан дўст бўлиб қолишини, бунинг учун барча шароит ва имкониятларни барпо этишни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эдик. 

Мажлисда шу борада мамлакатимизда эришилаётган натижалар аниқ рақам ва мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди. 

2005 йилда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57,2 фоиз ва 56 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Бундай мисоллар мамлакатимиз бу борада катта ўсиш ва ўзгаришга эришганидан яққол далолат беради. 

Иккинчидан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ишларимиз натижасида ўғил-қизларимиз мунтазам шуғулланадиган спорт турларининг сони кескин равишда ошиб бормоқда. Масалан, айни шу ёшдаги болалар 2005 йилда 43 турдаги машғулотларга қатнаган бўлса, бугунги кунда улар 59 спорт тури билан шуғулланаётгани бу соҳадаги ютуқларимиз нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади. 

Айниқса, фарзандларимиз биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис, таэквондо, дзюдо, каратэ, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича мунтазам шуғулланаётгани, қитъа ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юқори шоҳсупаларга кўтарилаётгани ҳар қандай одамни ҳайратда қолдиради, деди Президентимиз. 

Илгари бугунгидай замонавий сузиш ҳавзалари, теннис кортлари ёки гимнастика заллари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмас эди. Мисол учун, сузиш деганда, ариқ ёки каналларда, оддий санитария талабларига ҳам жавоб бермайдиган лойқа сув ва ҳовузларда чўмилишни тасаввур қилар эдик. Бунинг оқибатида республикамиз аҳолиси, энг ёмони, болалар ўртасида оғир касалликлар ниҳоятда кўпайиб кетгани, оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон собиқ иттифоқда энг олдинги ўринларда тургани ҳам кечаги тарихимиздан яхши маълум. 

Мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган ана шундай оғир вазият туфайли 2000 йилда ҳар 100 минг боланинг 6 мингга яқини ўткир респираторли вирусли инфекцияларга, 576 таси пневмония, 449 таси бронхит, 310 таси сколиоз касаллигига чалинган эди. 

Кейинги йилларда кенг кўламдаги иқтисодий, ижтимоий, маиший, тиббий ва бошқа чора-тадбирларни изчил жорий этиш, болалар спортини тизимли асосда ривожлантириш бўйича амалга оширган ишларимиз натижасида бугунги кунга келиб спорт билан шуғулланадиган 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларимиз ўртасида ўткир респираторли вирусли инфекциялар билан касалланиш 47,3 фоизга, пневмония бўйича 55,6, бронхит бўйича 61,7, сколиоз бўйича 45,5 фоизга камайгани биз эришган энг муҳим натижа сифатида албатта барчамизни қувонтиради, деб қайд этди Ислом Каримов. Бундай ижобий ўзгаришларни ҳар қайси ота-она ўз оиласи, ўз фарзандлари мисолида кўриб, спортнинг бу борадаги таъсири ва аҳамиятини тобора чуқур англаб етмоқда. 

Учинчидан, қиз болаларни оммавий спортга жалб этиш борасидаги амалий ишларимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур. Бу кўрсаткичлар 2005 йилда 24 фоизни, жумладан, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этган, холос. Бугунги кунда қиз болаларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда эса 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётгани барчамизга мамнуният етказади. 

Вилоятлар миқёсида олиб қараганда, 2015 йилда қиз болаларнинг спорт билан шуғулланиши Фарғона вилоятида 47,6 фоизни, Наманган вилоятида 47,5, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида 47,4 фоизни ташкил этгани эътиборга лойиқ, албатта. 

Бу ишларни янада изчил давом эттиришимиз керак, деди Президентимиз. Чунки қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, халқимиз, миллатимизнинг умиди ва таянчи ҳисобланган келажак авлодни дунёга келтириб, вояга етказадиган наслимиз давомчиларини кўрамиз. Қиз бола соғлом ва бахтли бўлса, у қурадиган оила ҳам, унинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият бахтли ва фаровон бўлади. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. 

Қизларимизни спортга қизиқтириш, улар ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида аёл мураббиялар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада махсус қарорлар қабул қилганимиз ўз самарасини бермоқда, деди давлатимиз раҳбари. Илгари спорт соҳасида аёл мураббияларни топиш қийин эди. Қишлоқ жойларда бундай мутахассислар деярли йўқ эди. 

Ана шуларнинг барчасини инобатга олиб, юксак малакали спорт мураббийлари, жумладан, хотин-қиз мураббиялар меҳнатини рағбатлантириш бўйича юртимизда янги, самарали тизим жорий этилгани бугунги кунда ўз натижасини бермоқда. Бунинг тасдиғини 2015 йилда спорт бўйича мураббий ва ўқитувчилар 2005 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайганида, жумладан, аёл спорт устозлари 3,8 баробар ошганида кўриш мумкин. 

Тўртинчидан, болаларимиз келажагини ўйлаб олиб бораётган мана шундай ишларимиз фарзандларимизнинг жисмоний камолотида ўзининг амалий ифодасини топмоқда, деб таъкидлади Юртбошимиз. Масалан, Ўзбекистонда бўй кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келадиган 14 ёшли ўғил болаларнинг улуши бугунги кунда Тошкент шаҳри бўйича 97,9 фоизни, Наманган вилояти бўйича 97,6, Қашқадарё вилояти бўйича 97,1, Бухоро вилояти бўйича 96,8 фоизни, мамлакатимиз бўйича 94,2 фоизни ташкил этмоқда. Бошқача қилиб айтганда, 14 ёшдаги ўғил-қизларимизнинг бўйи кейинги ўн йилда ўртача 2,8 сантиметрга ўсганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Айни шу йўлда амалга оширган ишларимизнинг яна бир муҳим натижасини ҳарбий хизматга яроқли деб топилаётган йигитлар сони 2000 йилдаги 63,4 фоиздан 2015 йилда 86,3 фоизга етгани, уларнинг бўйи шу даврда 5,9 сантиметрга ўсиб, ўртача 171,7 сантиметрни, вазни эса 6,2 килограммга ортиб, 67,8 килограммни ташкил этаётгани мисолида кўришимиз мумкин. 

Бешинчидан, барчамизга аёнки, спорт билан мунтазам шуғулланиш болаларимиз, ёшларимизнинг соғлом қарашларини шакллантиради ва иродасини тоблайди, уларнинг мард ва жасур инсонлар бўлиб камол топиши, турли-туман синов ва қийинчиликларни мардона енгиб ўтишга қодир бўлиши учун мустаҳкам замин яратади. Энг муҳими, спорт билан дўст бўлган болалар биз учун мутлақо бегона ва зарарли оқимларга қўшилиб кетмайди, деди Ислом Каримов. 

Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимизда янгидан барпо этилган замонавий футбол майдонларида ёшларимиз ўзларининг бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда. Бундай ишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳаётимиз ўзгармоқда, онгимиз, дунёқарашимиз ўзгармоқда, ўзимизга, ўз соғлиғимизга, келажагимизга муносабатимиз ўзгармоқда ва бу жараёнда бошқа кўпгина ижобий омиллар қатори аввало спорт катта таъсир кўрсатмоқда. 

Олтинчидан, ҳеч кимга сир эмас, спорт саломатликни мустаҳкамлаш билан бирга, ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси давлатни оламга машҳур қиладиган беқиёс воситадир. Халқаро майдонларда спортчиларимиз эришаётган ютуқлар қалбларимизда ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотади, она Ватанимизга бўлган муҳаббат ҳиссини янада юксалтиради. 

Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз тараққиётида ҳар томонлама фахрланишга арзийдиган буюк алломалар, ноёб обидалар, енгилмас саркардалар, паҳлавон ва баҳодирлар жуда кўп бўлган. Бугун ёшларимиз ана шундай улуғ аждодларимизнинг ворислари сифатида барча жабҳаларда, жумладан, спортда ҳам дунё миқёсида энг юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини оширмоқда. 

Ўзингиз айтинг, эски тузум даврида жаҳон миқёсида ўтадиган биронта мусобақада “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар бугунгидек жаранглаб, миллионлаб инсонлар қалбида акс-садо берганини биров эшитганми, Ватанимиз байроғи шунчалар баланд кўтарилганини илгари биров кўрганми, деб алоҳида таъкидлади Юртбошимиз. 

Барчамизга мамнуният етказадиган томони шундаки, истеъдодли ўғил-қизларимиз халқаро майдонларда қўлга киритаётган катта ғалабалари билан Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини такрор ва такрор намоён қилмоқда. 

Бу ҳақда сўз юритганда, биргина ўтган йили 1 минг 668 нафар спортчимиз, жумладан, 567 нафар қизимиз 165 та халқаро мусобақада иштирок этиб, 983 та медални қўлга киритганини, ёш иқтидорли мусиқачи ва ижрочиларимиз нуфузли халқаро танловларда 137 та совринли ўринга сазовор бўлганини ва уларнинг 76 таси Гран-при ва биринчи ўрин эканини айтиш жоиз. 

Мен мана шундай юксак марраларни қўлга киритаётган болаларимизни миллионлаб Ўзбекистон ёшларининг муносиб вакиллари, деб биламан. Айнан ана шундай азму шижоатли ўғил-қизларимиз ўз ютуқлари билан минг-минглаб тенгдошларига ибрат бўлмоқда, уларни ҳам катта мақсадлар йўлида руҳлантирмоқда, деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимиз спорт жиҳозлари ва кийимлари ишлаб чиқаришда уларнинг сифатли, қулай, халқаро стандартларга мос бўлиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, спорт анжомларини ишлаб чиқариш учун лицензия беришни йўлга қўйиш, бу борада ҳам рақобат муҳитини ривожлантириш кераклиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш, сузиш ҳавзаларида улар учун қулай шароит яратиш, бунинг учун хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллигини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Еттинчидан, фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда санъат тарбияси, мусиқий тарбия ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир. Чунки жисмоний тарбия ва спорт одамнинг иродасини тарбиялаб, соғлиғини мустаҳкамлашга ҳисса қўшса, мусиқа санъати унинг руҳига озиқ беради, қалбини, энг нозик туйғуларини камолга етказади. 

Мусиқа эшитадиган, мусиқа билан шуғулланадиган одам ёмонликдан албатта узоқ бўлади. Шунинг учун ҳам биз болалар спорти объектларини қуриш билан бирга, болалар мусиқа ва санъат мактабларини барпо этиш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида алоҳида аҳамият қаратиб келмоқдамиз. 

Бу борадаги ишларимизнинг дастлабки натижаларини мамлакатимизнинг қишлоқ туманлари мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, эътиборга молик катта ишларни амалга оширганимиз аён бўлади, деди Ислом Каримов. 

Бугунги кунда юртимиздаги 157 қишлоқ туманида 191 болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилди. Баъзи ҳудудларда, мисол учун, Андижон вилоятининг 14 туманида 20 та, Самарқанд вилоятининг 14 туманида 19 та, Қорақалпоғистон Республикасининг 14 туманида 16 та, Фарғона вилоятининг 15 туманида 16 та мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, замонавий мусиқа асбоблари, юксак малакали педагоглар билан таъминлангани, бошқа вилоятларимизда ҳам шундай ишлар олиб борилаётгани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга лойиқдир. 

Мутлақо янгича асосда бунёд этилган айнан ана шундай таълим-тарбия, спорт ва маданият масканларида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, Ўзбекистоннинг буюк келажагини ўз куч-қуввати, ўз ақл-заковати билан қурадиган ёш авлодимиз камол топаётгани барчамизни чексиз қувонтиради. 

Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади, деди Президентимиз. 

Мажлисда мамлакатимизда 2016 йилга Соғлом она ва бола йили деб ном берилгани халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланаётгани бу қарор эл-юртимизнинг айни кўнглидаги муддао бўлганидан далолат бериши таъкидлаб ўтилди. 

Шу маънода, жорий йил ўзининг мақсад ва вазифалари билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятида янги бир босқич бўлиши муқаррар, десак, муболаға бўлмайди. 

Спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва кучли омили бўлиб келмоқда ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолиши шубҳасиз. Чунки, спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади, деди Ислом Каримов. 

Соғлом авлодни вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортнинг ролини ошириш, бу борадаги мавжуд моддий-техник база ва кадрлар салоҳиятини жаҳон стандартлари асосида янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, спортга меҳр ҳар бир бола, ҳар қайси оила ҳаётига чуқур кириб боришига эришиш энг муҳим, доимий вазифамиз бўлиб қолади, деди ўз сўзининг якунида Президентимиз. 

Йиғилишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди ва келгуси 5 йил учун мўлжалланган режалар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, Тошкент шаҳрида Олий маҳорат спорт мактаблари барпо этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. 

Муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.Азимов, Бош вазир ўринбосари Б.Зокиров, халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Э.Искандаров, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ахбороти тингланди. 

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа