Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди

Бўлимлар: Жиноят
Теглар:
Добавлено: 22.02.2016, 16:56

Гоҳида тақдир тақозоси билан етти ёт бегонларанинг ҳам йўли бир нуқтада кесишади. Бироқ бизнинг қаҳрамонларимиз – хоразмлик Ёрқинбек Раҳимов билан тошкентлик Нозимжон Дадамуҳамедовни тақдир эмас, ноқонуний йўл билан кўп ва хўб бойлик ортириш орзуси учраштирди, десак, муболаға бўлмас.

Яхши отга бир қамчи...

Аллақачон қирқни уриб қўйган бу “шериклар” шу пайтгача жамиятда ўз ўрни тополмаган кишилар тоифасидан. Гарчи олий маълумот эгаси бўлсаларда ўз соҳалари бўйича бирор ерда қойиллатиб ишлаб қўйишмаган. Тирикчиликни ўтказиш учун дуч келган иш, кўпинча ноқуний ишлар билан шуғулланиб келишган. Шу боис,  Ё.Рахимов ҳам, Н.Дадамухамедов ҳам бир мартадан қора курсига ўтиришга улгуришган. Бироқ, бундан улартегишли хулоса чиқаришса қанийди? Улар бу гал яна хатарли ва тубан ишга – гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қўл уришди. 

Тилла эвазига оғу 

Дадамуҳамедов билан яқин алоқада бўлиб келган Раҳимов ёзнинг ажойиб кунларидан бирида шеригига агар ўхшаб қолса, мўмайгина “соққа” келитириш мумкин бўлган бир таклифни билдиради. Гап шундаки, унинг бир таниши нақ 3,5 килограм миқдоридаги олтин тангаларни арзон баҳога сотмоқчи экан. Фақат бир шарт ҳам бор эди: олтиннинг эгаси гиёҳвандликка берилган бўлиб, “чегирма” эвазига уни ўша “заҳри қотил” билан “суғориб туриш” керак эди. Яхшигина фойда исини сезган Нозимжон тезгина ишга киришди: эртасигаёқ аллақаердан 25 грамм қорадори топиб келди ва шеригидан бир миллион сўм ундириб кетди. 

Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирар

Ё.Рахимов, ўз навбатида “оғу” тўла халтачани қўлига олиб, уни икки қисмга бўлди ва уни сўраган одамга топшириш учун  “Дўмбиробод” қуроилиш материаллари бозорига йўл олди.  Ёрқинбекнинг шубҳали ҳатти-ҳаракати, бежо қарашлари бозорда махсус тадбир ўтказаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг эътиборини тортди. Ё.Рахимовни ҳужжатларини текшириши учун тўхтатишганда, унинг ёнида холислар гувоҳлигида  кичкина халтачага солинган 12 грамм қорадори моддаси топилди. Ёрқинбек тергов жараёнида Олимжолн Эргашев деб тилга олган “харидор” эса, воқеа жойидан яширишга улгурганди. 

Узоқ чўзилмаган “узлат”

Қорадорининг қолган қисми Раҳимовнинг квартирасидан – гиламнинг тагидан топилди. Суриштирув давомида ушбу гиёҳванд моддани Ёрқинбек Нозимжон Дадамуҳамедовдан олгани, уни О.Эргашевга топширб, эвазига тилла тангалар олмоқчи бўлганини тан олди. 

“Жиддий иш” олдидан бироз кўнгил ёзишга қарор қилган Н.Дадамеҳамедов бу пайтда тоғ қўйнида юрганди. Шеригининг қамоққа олинганини эшитган Нозимнинг ўтакаси ёрилди ва маълум муддат ҳуқуқ-тартибот идоралари назароидан йироқроқда бўлишга аҳд қилди. Аммо, бузоқнинг қочгани сомонхонагача деганларидек, бу “узлат” узоққа бормади – у кўп ўтмай қамоққа олинди. 

Сўнгги пушаймон

Суд жараёнида ҳар икки жиноятчи ўз айбини тан олди ва қилган ишларидан пушаймонлик билдиришди. Суд ҳукмига биноан, Ёркинбек Рахимов умрининг яна 10 йилини,  Нозимжон Дадамухамедов эса, 12 йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Шу тариқа маълум муддат уларнинг оиласи тиргаксиз, фарзандлари ота меҳридан мосуво қоладиган бўлди. 

Хаёлини мўмай даромад ортириш илинжи банд этиб, нафс ортидан югурган бу кимсалар шу тариқа ўз ҳаётларини ҳам, яқинларининг тақдирини издан чиқаришди...

Азамат Носиров

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа