Долзарб мавзулар Абитуриент

Ёшларда интернет маданиятини шакллантиришнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 25.02.2016, 15:28

25 февраль куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан “Миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ёшларда интернет маданиятини шакллантиришнинг долзарб вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 

Давра суҳбатида ЎзМТДП Тошкент вилояти Кенгаши аъзолари, девон ходимлари, Халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутатлари,  туман партия фаоллари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари раҳбарлари, ўқувчи-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, айни пайтда, глобал иқтисодиётда компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишнинг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши, ўз навбатида, мамлакатнинг рақобатдошлик даражасига таъсир кўрсатади, катта ҳажмда ахборот тўплаш ва уни умумлаштириш имконини беради, бошқаришни стратегик даражада ташкил этиш учун кенг шароит яратади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни ўз фаолиятининг устувор вазифаларидан деб билади. Бундай стратегия глобаллашув жараёнларида халқимиз маданиятининг асослари дахлсиз сақланиб қолинишини, унинг янада ривожланишини, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари самарадорлиги оширилишини таъминлаши лозим. Шундан келиб чиқиб, партия ушбу соҳада ягона миллий ахборот маконини шакллантириш орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш, миллий ахборот маконини босқичма-босқич ривожлантириш тарафдоридир.

Шу ўринда бугунги кунда миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ёшларда интернет маданиятини шакллантириш  ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Бугунги кунда мобил алоқа воситасидан фойдаланмайдиган ва албатта интернет тармоқларидан фойдаланмайдиган ёшлар топилмаса керак. Бир томондан бу жамиятимизда замонавий ахборот  технологияларини ривожланишига ёшларимизнинг эътибори ва қизиқиши кучаяётганидан қувонарли ҳолат деб қабул қилинса, иккинчи томондан айнан маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият”нинг турли кўринишлари  ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб, ёшларимизни маънавий инқирозга етаклаётгани ҳаммани ташвишга солади. 

Ёшларда интернет ахборотларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш борасида амалий ишлар белгиланиб,  бу вазифани оғишмай  ижросини таъминлашга эътиборни асло сусайтириб бўлмайди. 

Тадбирда иштирок этган ёшлар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа