my5
Sevimli

Бола қандай ҳолатларда ота тарбиясида қолади?

САВОЛ-ЖАВОБ 20.04.2021, 10:13
Бола қандай ҳолатларда ота тарбиясида қолади?

"Даракчи" таҳририятига Хоразм вилояти, Урганч туманида яшовчи фуқаро  А.Хажиевдан мурожаат келиб тушди:

— Келиним 2016 йил отасиникига кетиб қолди. Отаси уни Россияга қочириб юборди. 5 яшар боласи бизнинг тарбиямизда қолди. Келиним қўнғироқ қилиб, “эрим билан бирга яшамайман, уйланаверсин”, деди. 2 йилдан кейин ўғлимни уйлантирдик. Уйланганини эшитгач, қайтиб келди ва суд орқали набирамни тортиб олди. 1 хонали уйда кўпчилик яшайди. Отаси юқумли ўпка сили билан оғриган. Сўрамоқчи бўлганим, бола қандай ҳолатларда ота тарбиясида қолади ва аксинча?  

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Рустам НОРХЎЖАЕВ билан боғландик...

— Алоҳида яшайдиган ота-она боласи қай бири билан яшаш учун қолиши масаласидаги низоларни ҳал қилинишида тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ҳисобланади. Бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқишда судлар томонидан аввало вояга етмаган боланинг манфаати ва хоҳиши инобатга олинади. Боланинг ота-онасидан бирининг фақатгина моддий аҳволи устунлиги болани унга олиб бериш учун асос бўла олмайди. Бу каби низоларни кўришда боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлиги, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётгани, болаларнинг ёши ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйгани, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатлари, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар эътиборга олган ҳолда болани ота ёки она билан яшаш учун қолдириш ҳақида қарор қабул қилади. Қолаверса, 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигига ҳам эътибор қаратилиши мумкин.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА 

Шарҳлар