Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

“Оскар-2016” тақдимот маросимидаги энг чиройли ва энг хунук либослар

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 01.03.2016, 13:27

Кеча, 29 февраль куни АҚШнинг Лос-Анжелес штати “Долби” кинотеатрида бўлиб ўтган “Оскар” тақдирлаш маросими шу кунлардаги энг эътиборли ҳодисалардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.  Мазкур маросимга ташриф буюрган актрисаларнинг либосларини бутун дунё дизайнерлари ва машҳурларнинг мухлислари  кенг муҳокама қилмоқда. Қуйида актрисалар дунёнинг энг нуфузли тақдимот маросимига қандай кийиниб келганини айтиб ўтамиз.  

1. Хайди Клум (Marchesa бренди кўйлаги)

Хайдидай гўзал, қадди-қомати келишган аёлнинг кўйлагини қоронғида шошилиб, бир ёнга кийиб олгандай таассурот уйғотади. Аслида эса кўйлакнинг ранги ҳам, матоси ҳам чиройли танланган.

2. Кейт Бланшетт (Armani Privé бренди кўйлаги)

Кейт Бланшетт қизил йўлакчада пайдо бўлиши билан журналистлар унинг кўйлагини муҳокама қила бошлашди. Бланшетт ҳар доимгидай гўзал ва қаҳрли маликага айланганди. Фақат бу сафар жаҳлдор маликанинг кўйлагини нафис гулчалар безаб турарди. Умуман олганда, тадбир давомида бундан хунук кўйлаклар ҳам кўзга ташланди. 

3. Марго Робби (Tom Ford бренди кўйлаги)

Классик услубда тикилган, ҳозирги кунда урфдан қолган деб ҳисобланган тилло ранг кўйлак Марго Роббига жуда ҳам ярашган ва бу кўйлак ҳаммага бирдек маъқул бўлди. Марго имкони йўқ ишни муваффақиятли амалга оширди, чунки у танлаган кўйлакнинг ранги ҳаммага ҳам мос келавермайди.

4. Кейт Уинслет (Ralph Lauren бренди кўйлаги)

Кейт Уинслет кийган кўйлак барчанинг танқидига учраб, маросимнинг энг хунук кўйлаклари қаторига киритилди. Шундай машҳур актрисага дизайнер Ральф Лорен нима учун бу кўйлакни тавсия этгани ҳаммани таажжубга солди.   

5. Жулианна Мур (Chanel бренди кўйлаги)

Жулиана Мур табиатан гўзал аёл бўлгани туфайли, унга ҳар қандай либос ҳам ярашади. Унинг башанг кўйлаги ҳақида ҳеч ким ёмон фикр билдирмади.

6. Леди Гага (Brandon Maxwell бренди кўйлаги)

Леди Гага кўйлаги дунёнинг энг хунук либослари рўйхатига киришини олдидан сезгандай, ҳар бир журналистга кўйлагининг дизайнери дўсти эканлиги ҳақида гапиришдан чарчамади.

7. Шарлиз Терон (Christian Dior бренди кўйлаги)

Шарлиз Тероннинг кўйлаги очиқ-сочиқ бўлса-да, ҳаммада яхши таассурот қолдириб, маросимнинг энг гўзал либоси деган номга сазовор бўлди ва рўйхатнинг бошидан ўрин олди.

8. Риз Уизерспун (Oscar de la Renta бренди кўйлаги)

Риз Уизерспуннинг кўйлаги классик услубда тикилган бўлиб, унинг ранги Ризга жуда ҳам мос келган. Аммо кўйлакнинг узунлигидан Риз қадам ташлаганда, томошабинларда этагини босиб олиб, йиқилиб тушадигандай таассурот уйғотди. Агар кўйлакнинг этаги ҳеч бўлмаганда, икки сантиметр қисқа бўлганда, нур устига аъло нур бўларди.

9. Оливия Уайлд (Valentino Haute бренди кўйлаги)

Оливия Уайлднинг эркакларнинг комбинезонини эслатувчи, оқ рангли кўйлаги маросим иштирокчиларида салбий фикр уйғотиб, барчанинг танқидига учради. Дизайнер Валентино бу кўйлак билан Оливияни ноқулай аҳволга солиб қўйди.

10. Бри Ларсон (Gucci бренди кўйлаги)

Бри Ларсоннинг либоси ўзига жуда ярашган бўлса-да, тақилган қалин камар ва этагидаги жабралар унинг чиройига бироз соя солди. Аммо унинг либоси қанчалик танқидга учрамасин, Бри Ларсон саҳнага чиқиб, “Оскар” мукофотини қабул қилишдан уялмади.   

11. Вупи Голдберг (Dames of New York бренди кўйлаги)

Вупи Голдберг нимагадир тақдимотга готик театрлар дарпардасини эслатувчи матодан тикилган кўйлакни кийишга қарор қилган. У ҳам Леди Гага сингари кўйлакни унга атаб, махсус тикишгани ҳақида гапиришдан тўхтамади. Аёл қалбини алдаб бўлмайди, Вупи Голдберг ҳам кўйлаги хунук либослар рўйхатидан ўрин олишини олдиндан ҳис қилган, шекилли.

12. Женнифер Лоуренс (Dior бренди кўйлаги)

Женнифер Лоуренснинг кийган либоси ҳар қандай хунук оёқларни яширишга қодир, чиройли кўйлаклар қаторига киритилди. “Оскар” мукофоти тақдимотида у илк маротаба кўйлагига чалишиб йиқилиб кетмади. Аввалги тақдимот маросимларда у бир неча маротаба бундай ноқулай вазиятга тушган.

Манба: Gazeta.ru

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии