Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Тошкентда автомобилларни “шилиб” юрган гуруҳ фош этилди

Бўлимлар: Жиноят
Теглар:

Шаҳарнинг жинкўчаларида тунда нималар бўлмайди дейсиз? Кўчаларни тунда назорат қиладиган патруль хизмати ходимлари буни жуда яхши билишади. Шундай тунларнинг бирида Буюк Ипай Йўли майдонига қарашли ҳудудни кўздан кечираётган патруль хизмати ходимларининг эътиборини кўчада “сайр” қилаётган уч йигит тортди…

ТУН ҚЎЙНИДАГИ  УЧОВЛОН 

Тунги соат икки бу йигитлар нега кўчада изғияпти? Бунинг устига уларнинг икки нафари вояга етмаган. Мастмикан? Йўқ, мастга ҳам ўхшамайди. Ички ишлар ходимлари уларни тўхтатишди. Сўроққа тутишди. Йигитларнинг ҳаракатлари бежо, жавоблари ҳам пойинтар-сойинтар… Уларни участкага суриштирув учун олиб кетишга тўғри келди…

Агар уларни ўша кеча ППХ тўхтатиб қолмаганида, ҳали-бери туман терговчилари Тошкент бўйлаб амалга оширилаётган тушунарсиз автомобиль ўғриликларни фош эта олмасди.

ЎҒРИЛАР ИЗИДАН

Патрулни давом эттираётган ички ишлар ходимлари  Мирзо Улуғбек кўчасида олд ўнг ойнаси синдирилган «Дамас» машинасини кўриб қолишди. Кейинроқ унинг эгаси Ильгиз билан суҳбат чоғида аниқланишича, машинадан қиймати 20 минг сўм бўлган асбоблар ўғриланган. 

Ўша кечанинг ўзида милиция ходимлари худди шундай тартибда талон-тарож қилинган  яна учта автомобилни топишди.  Худди шундай аҳволга тушган «Hyundai Veracruz» ҳам яқин атрофда турган экан. Ўйлаб кўриш учун арзирли сабаб бор. Пул ёки қимматли нарсалар ўмарилганда, улар ишлатилади ёки сотилади, аммо ўғрилар учун ҳужжатларни ўғрилаш нимага керак бўлди? Бу ҳолат ўйлаб кўришга чорлайди. Табиийки, нима учун деган савол туғилади? 

Буюк Ипак Йўли кўчасида ойнаси синиқ «Каптива» топилди, у ердан нархи 80 минг сўм бўлган аёллар атири ўғриланган. 

Эҳтимол ўғри  уни ўз маъшуқасига совға қилмоқчи бўлгандир, бироқ бунинг уддасидан чиқолмади, атирни участкада топширишига тўғри келди. 

ТАНИШИНГ, “ДЕБЮТАНТ”ЛАР

Дарвоқе, ушбу жиноят тарихининг қаҳрамони исми Виктор Пипкин. Унинг иккита вояга етмаган “шогирди” ҳам бор:  Азиз Юнусхўжаев ва Ян Мейлун. Эҳтимол, улар ўша қиш кечасида  жавобгарликдан қочишлари ҳам мумкин эди, аммо омад улардан юз ўгирди: улар патруль ходимларига дуч келишди.

Дарвоқе миллиция қўлига тушишдан сал аввал улар «Тойота Королла» автомобилини тўнаб, ўз чўнтакларини  100 минг сўмга қаппайтиришганди.

ПИПКИН ЎЗ ГАПИДА ТУРИБ ОЛДИ

Сўроқ пайтида болалар ўз кўрсатмаларида жуда қатъий туриб олишди. «Ҳеч нима билмаймиз, шунчаки тоза ҳавода айланиб юргандик, энди уйга қайтаётгандик...». Жиноят жойида бўлган кримминалист-экспертнинг аризаси ёрдамида уларнинг бу стратегияси иш бермади, сабаби ўғрилик содир этилган автомобиллардаги бармоқ излари муқаддам судланган Пипкинга тегишли бўлиб чиқди. Энди яширишдан фойда йўқ, Виктор барчасини тан олди. Қолган икки йигит энди бирор нима яширганидан наф йўқ…

«ТЎПЛАМДА» 20 ТА ЖИНОЯТ

Аниқланишича, вояга етмаган Азиз ва Ян бу «ишга» илк бор қўл уришган. Қолган вақт Виктор Пипкин ёлғиз «ишлаган». Бу жиноий фаолият нафақат Мирзо Улуғбек туманида, балки Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яшнобод ва бошқа туманларда ҳам содир этилган. Ҳаммасида автомобиль ойналари синиб, айрим ҳолларда қулф бузилган. Умумий ҳисобда 20 дан ортиқ эпизод, улар орасида Саудия Арабистони фуқаросига тегишли «БМВ» автомобили ҳам бор (Пипкин ўзидан фахрланадиган иш). Фақат ўғри бу машинадан ҳеч нарса ололмаган. Шунчаки улгурмаган, қочишга зўрға улгурган холос. Аммо бу бузғунчилик автоўғрининг ўзига нисбатан ҳурматини оширди. У ўзини тутқич бермас “маҳоратли” ўғри деб фараз қиларди. Аммо ип қанча айланмасин, барибир тугайди…

“ЭЧКИ ҚАСАМ”

Ким ҳам ўйлабди дейсиз, бу ўғриликларнинг ортида 18 ёшли Виктор турибди деб. Ёш бўлишига қарамай у бундан олдин ҳам фирибгарлик учун судланган лекин томонларнинг ярашуви сабабли жавобгарликка тортилмаган. Бироқ Виктор бўлган воқеадан хулоса чиқармаган. Тергов давомида у бир неча бор қуйидаги сўзларни таъкидлади: «Қамоқ менга тўғри келмайди. Қилган ишимдан пушаймонман, бошқа ҳеч қачон бундай ишга қўл урмайман. Афсусдаман, ваъда бераман, қасам ичаман…».

ЖИНОЯТНИНГ ИЛДИЗИ БОЛАЛИККА БОРИБ ТАҚАЛАДИ 

Пипкин ўша пайтларда эркинликда нималар билан шуғулланмоқчи эканлигини билганмикин? Нима сабабдан у иккинчи бор яна  жиноятга қўл урди? Автомобилдан ўмарилган қимматли нарсалар билан ҳужжатлар унга нега керак бўлди?  Буларнинг ҳаммаси сирлигича қолди. Вазиятга боланинг онаси аниқлик киритди. Аёл тўнғич ўғлининг тақдирига беэътибор. Эҳтимол, онанинг меҳри етишмаганлиги сабабли ўсмир ўзига бўлган эътиборни бошқа йўллар билан жалб қилмоқчи бўлгандир?

Викторнинг онаси хотиржамлик билан терговчининг хонасига кирди, ўғлининг қилмишларини пинагини бузмай тинглади ва “агар айбдор бўлса — жазосини олсин” деди қисқа қилиб. Милиция ходимлари Виктор аёлнинг биринчи никоҳидан эканлигини, ҳозирда эса аёлнинг бошқа оиласи борлигини биларди. 

Энди томонлар келишуви ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас, Пипкин барибир қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Энди йигитчанинг  бир неча йиллик умри панжара ортида ўтади.  

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати билан ҳамкорликда 

О. ФОЗИЛОВА тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии