Долзарб мавзулар Фото

Тошкентда ўз қарамоғидаги болани куйдириб қўйган боғча тарбиячисига нисбатан чора кўрилди

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 15.03.2016, 17:07

1 март куни Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур туманидаги 484-сонли мактабгача таълим муассасасида 4 ёшли қизалоқ тарбиячиси сабабли куйиш жароҳатини олганлиги тўғрисидаги хабар ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 


“Тарбиячи қайноқ овқатни сузаётган вақтда қизчанинг бўйни ва даҳанига овқат тўкилиб кетган”, деб ёзади боланинг онаси Facebook ижтимоий тармоғидаги Maslahat.uz гуруҳидаги хабарида. 

Онанинг ёзишича, болага биринчи ёрдам кўрсатилмаган, онасига хабар берилмаган. Бу ҳақда она шундай деб ёзади:

“Тарбиячи куйган жойидаги пуфакчаларни ўзбошимчалик билан ёриб кўчириб ташлаб қизимни ухлашга мажбур қилган. Билмайман қизим бу оғриқ билан қай аҳволда ётган экан ....

13.45 да боғча опаси менга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда бир оғиз гапирмай, қизимни бугун сал вақтлироқ олиб кетишимни сўради. Сабабини бир оғиз ҳам айтмади. Оналик ҳиссиётим сезиб боғчага етиб бордим. Лекин не кўз билан кўрайки, болам аянчли аҳволда. Боламни кўриб тилим ожиз бўлиб қолди. Нима воқеа содир бўлди деб сўрасам, қўрқмасдан боғча опаси менга ёлғон гапирди. Қизингиз устига овқат тўкди деди. Қизим эса уйда боғча опам столимизни устида овқат сузаётганда устимга тўкиб юборди, деб айтиб берди. Ҳаттоки боғча мудираси ҳамда ҳамширага ҳам воқеа ҳақида айтилмаган. Мен ўзим мурожаат қилганимдан сўнг улар хабар топди. 484-МТМ боғча мудираси ўз вазифасини бажармаган, тарбиячиларини бошқара олмаган. Муассасада юз берган тан жароҳатдан хабар топмаган, чора кўрмаган. Бу раҳбарни масъулиятсиз, ваҳший ва бу лавозимга лойиқ эмас деб ҳисоблайман!!!

Мен қизимни Республика Шошилинч Тиббий Ёрдам Илмий Марказига комбустиология бўлимига олиб бордим ва шифокор унга 1-ёрдам кўрсатди. Қизим 1-2 даражали куйиб жароҳатланганлиги ҳақида маълумотнома берди.

 

Мен бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорига, Бош Вазирга, Халқ Таълими Вазирлиги ишонч телефонига, Туман Халқ Таълими Бошқармасига шикоят аризаси билан мурожаат қилдим.

Ахир Президентимиз томонидан бу йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Давлатимиз юртимиз келажаги бўлган болаларга катта эътибор қаратаётган бир пайтда, боғчада фарзандимга шундай лоқайдлик билан тан жароҳати етказиб ўтиришса-я...”

Мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳри 484-мактабгача таълим муассасасига мурожаат қилдик:

Нигора АЛИХАНОВА 484-МТМ мудираси:

— Юқоридаги ҳодиса содир бўлган бола 2 йилдан буён боғчамиз тарбияланувчиси саналади. Воқеа содир бўлган куни боғчамизда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган болаларнинг байрам тадбирлари бўлиб ўтган эди. Соат чамаси 12 яримларда тадбир тугади. Соат 14:00 дан ошганда хонамга она фарзанди билан кириб келди ҳамда бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Бўлиб ўтган воқеани онадан эшитдим.

Шу заҳотиёқ олдимга тарбиячини чақириб бўлган воқеани тушунтириб беришини сўрадим. Тарбиячининг сўзларига кўра, у овқат сузаётган вақтда (боғчада овқат сузиш тарбиячи ёрдамчисининг эмас, айнан тарбиячининг вазифасига киради) бола югуриб келиб, қошиқни овқатга тиқиб олиб сачратиб юборган. Тарбиячи ва унинг ёрдамчиси шу заҳотиёқ уни ечинтириб киймини алмаштиришган ва тарбиячи қўрқиб кетгани сабабли менга хабар бермаган. Тарбиячига, агар ҳолат менга дарҳол айтилганида она етиб келгунига қадар чора кўрилган бўлишини тушунтирдим. Тарбиячи онасига нима сабабдан бу ҳақда телефон орқали хабар бермаганини аниқлаштирганимда, тарбиячим она ҳаяжон ва ҳавотирда боғчага етиб келгунича бирор кор-ҳол бўлишидан ҳавотирланганини айтди. 

Тарбиячининг сўзларига кўра, бўлган воқеадан сўнг болани овутиб, унга ҳатто овқатини ҳам едириб қўйишган ҳамда бола уйқуга кетган. Яна бир нарсани айтиш жоизки, болаларга овқат олиб кирилаётганда у қайноқ ҳолда бўлмайди, илиқдан сал иссиқроқ бўлади”.

Мазкур ҳодиса юз берган тарбиячининг бу соҳадаги иш стажлари 34 йилни ташкил қилади. 484-боғчада эса у 1995 йилдан буён фаолият юритади. Яхши тарбиячилардан бири эди. Ўша куни қаердан бундай фалокат юз берганидан ҳаммамиз ҳайронмиз.

Воқеа юзасидан муассасада дарҳол мажлис ўтказилди. Барча ходимлар яна бир бор огоҳлантирилиб, хавфсизлик чораларни янада кучайтириш талаби қўйилди. 2016 йилнинг 2 март куни, яъни ҳодисанинг эртасига тарбиячининг ишдан бўшатилиши тўғрисида буйруқ чиқарилди.

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг боғча маъмурияти, хусусан ўзим бир неча бор ёрдам кўрсатиш мақсадида боланинг онаси билан боғланишга уриндик, бироқ она биз билан боғланишни истамади. 

Бунақа воқеа боғчамиз фаолияти давомида ҳам, ушбу тарбиячи билан ҳам илк бор юз бериб турибди. 

Ҳозир бизнинг бирдан бир тилагимиз, бола соғайиб кетиши, қолган ҳаммаси иккинчи даражали масала. Ҳеч қайси бола билан бундай ҳодисалар содир бўлмасин. Боланинг яқинлари эса бизни кечиролса кечириб, фарзандларини тезроқ боғчага олиб чиқишсин, биз яхшилаб қараб, мактабга тайёрлаб берамиз”.

  

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии