Долзарб мавзулар Абитуриент

Тошкент аэропортида юкларни сканердан ўтказиш тизими жорий этилди

Бўлимлар: Жамият
Добавлено: 16.08.2016, 15:48

«Тошкент» халқаро аэропортида юкларни сканердан ўтказиш автоматлашган тизими жорий этилди. Бу юкларни йўловчиларга бериш вақтини жиддий тарзда қисқартиради, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси матбуот хизматининг маълум қилишича, янги автоматлаштирилган тизим апрель ойида ишга туширилган эди. Бу давр ичида тизим ўз унумдорлигини кўрсатди. Вақт тежалишидан ташқари, йўловчиларнинг юк йўқолиши, унга зарар етиши ёки юк ҳажмининг камайиб қолиши билан боғлиқ эътирозлари анча камайди.

Тизим ўзбекистонлик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси томонидан яратилди. У аэропортдаги видеокузатув тизими билан уйғунлаштирилган.

«Энди у ёки бу юк қаерда, қайси технологик зонада эканлигини ҳар доим кузатиб бориш, шунингдек, конкрет юкка дахл қила оладиган шахсларни аниқлаш мумкин», — дейилади компания хабарномасида.

Сканерлаш ва ҳисобга олиш ҳозирча фақат учиб келган рейсларга нисбатан амалга оширилмоқда, айни пайтда тизим учиб кетаётган рейслар учун синов босқичида.

Ушбу жараёнда тўпланган тажриба янги «Тошкент-4» йўловчи терминалинингқурилишида инобатга олинади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии