Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

«Рафиқам билан ажрашишни истамайман, аммо...»

Добавлено: 29.11.2016, 14:43

Оиланинг бузилишини ҳеч ким ҳеч қачон истамайди. Лекин шунга қарамай қанчадан қанча оилаларнинг дарз кетаётганига гувоҳмиз. Бунга гоҳ эр, гоҳ хотин, гоҳида қайнона-қайноталар ҳам сабабчи бўлади. Эр-хотин бир-бирини севади, бир-бири учун яшайди. Фақат булар рўзғор ва фарзандлар ташвиши  орқасида қолиб кетган. Ҳаёт синовлари икки қалб ўртасидаги илоҳий туйғуни узмай, аксинча, мустаҳкамлайди. Бунга бардош бера олиш эса ҳар кимнинг ўз қўлида...

Мухлисларимизга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд ИСМОИЛОВ жавоб беради:

 

«Поездда опасиникига жўнаворибди»

Турғунбек, 38 ёш, Жиззах вилояти:

Ўн беш йил аввал ота-онам танлаган қизга уйланганман. Улар совчиликка борган қиз менга ҳам ёққан. Тошкентда университетда ўқиганман, хотиним эса мактабни битириб, чеварчилик ҳунарини эгаллаган. Аёлим саранжом-саришта, ота-онамга ва оиламдагиларга меҳрибон. Икки фарзандимизни ҳам оқ ювиб, оқ тараб катта қиляпти. Бир қарашда ҳамма бизни бахтли оила деб ўйлайди. Лекин аслида ундай эмас... Ҳаммага меҳри чексиз аёлим менга келганида доим бақироқ, инжиқ, кайфиятсиз бўлиб қолади. Мен билан ҳеч ҳам очилиб гаплашмайди. Иш буюрсам кўнглимдагидек бажармайди, доим гап қайтаради. Ундан кўп нарса талаб қилмайман, ишдан келганимда кулиб кутиб олсин, ёнимда гаплашиб ўтирсин дейман. Ҳеч кимдан кам жойи бўлмаса. Тинимсиз меҳнат қилаётган эрининг кўнглига қараш шунчалик қийинми? Сабр косамни яқинда қилган қилиғи тўлдирди. Узоқ вилоятга келин бўлиб тушган опаси қиз чиқаряпти. Тўйдан йигирма кун олдин кетаманга тушди. Шунча эртадан бориб сенга нима бор, тўйга тўрт-беш кун қолганида бирга борамиз десам жаҳл қилди. Кейин ишдан қайтсам, нарсаларини йиғиштириб, поездда опасиникига жўнаворибди. Болаларни эса қаровсиз ташлаб кетибди. Роса жаҳлим чиқди. Бундай хурмача қилиқларидан тўйиб кетдим, хотинимни йўлга солишнинг иложи йўқ деб ўйлайман…

Маслаҳат: — Ўн беш йил бирга яшаб, ҳамон бир-биринг феъл-атворига кўникмаганлари ва мослашмаганлари мени ҳайрон қолдирди. Сизга ягона маслаҳатим, аёлингиз билан гаплашиб олинг. Суҳбатингиз давомида бақирмасдан, тинчгина гаплашишга ҳаракат қилинг. Бу суҳбат болалар иштирокисиз ўтгани янада маъқул. Бир-бирингиздан нима истаётганингизни ошкора айтинг, нима қониқтирмаётгани, нималар сизнинг жаҳлингизни чиқаришини истиҳола қилмасдан гапиринг. Шундагина ўртадаги тушунмовчиликлар барҳам топади. Энди сизлар ўзингизни эмас, аксинча вояга етказаётган фарзандларингиз ҳақида ўйлашингиз керак.

 

«Севган қизимни кўриб қолдим»

Асқар, 29 ёш, Сирдарё вилояти:

— Институтни битириб, пойтахтда қолдим. Яхши ишга жойлашдим. Ишхонада бирга ишлайдиган бир қизни ёқтириб қолдим. У аввал турмушга чиқиб, эри билан уч ой бирга яшаб, ажрашган экан. Онам ё мени дейсан, ё ўша қизни деганида чорасиз аҳволда қолдим. Тез орада туманимиздан бировнинг уйига совчиликка бориб, мен кўрмаган, билмаган қизга унаштиришди. Турмуш қурганимизга уч йил бўлди, пойтахтдаги ишимдан бўшаб, ёқтирган қизим билан ҳам алоқаларимни узганман. Вилоятимиздан иш топиб, шу ерда ишлаяпман. Аёлим чиройли, эсли-ҳушли. Пазандалиги онамни жуда хурсанд қилади. Келинларини доим мақтаб ўтирадилар. Хотиним ўғил туғиб берганидан кейин кўнглим илигандек бўлди. Лекин яқинда ишхонамдан Тошкентга сафарга бордим. Иш юзасидан бир ташкилотга борганимда, ўзим ёқтирган қизни кўриб қолдим. Бироз гаплашиб турдик, суҳбат давомида унинг ҳали ҳам турмушга чиқмаганини, мендан умидини узмаганини билдим. Пойтахтда ишим бўлмаса-да, шу қизни деб яна уч кун ушланиб қолдим. Бу воқеа хаёлимни, тўйғуларимни остин-устун қилиб юборди. Маслаҳатга муҳтожман...

Маслаҳат: — Эркак киши аёлини никоҳига олар экан, унинг келажакдаги ҳаёти, тақдири учун масъулиятни ўз бўйнига олади. Ана шу масъулиятни унутиб қўйибсиз. Аёлингиз сизга ўзини бағишлаб, оилангизнинг хизматини қилиб юрибди, сизни “Ота” деган шарафли ном билан сийлабди, энг кераклиси, ота-онангизнинг кўнгилларидан жой олибди. Сиз-чи? Шуларнинг эвазига уни ташлаб кетмоқчимисиз? Хаёлингизни, фикрларингизни тартибга келтиринг. Ўткинчи ҳавасга берилманг. Ҳис-туйғуларингизни деб, фарзандингизни етим, ота-онангизни норози, аёлингизни бебахт қилманг. Маслаҳатим, оилангизга содиқ бўлинг.

 

«Келинойим билан жанжаллашади»

Жавлон, 28 ёш, Урганч шаҳридан:

— Ота-онам уйланиш ҳақида гап очишганида ёқтирган қизим борлигини айтганман. Оиламдагилар қаршилик билдиришмаган, “Севганинг бўлса ундан ҳам яхши, бир-бирингни тушуниб яшайсанлар”, деб онам хурсанд бўлганди. Совчиликка борганларида ёқтирган қизимнинг ойисини онам унчалик хушламаган. Бахтимдан сармаст ҳолда осмонларда учиб юрардим. Лекин келинчагим тўйимизга бир ой бўлмасдан катта келинойим билан аразлашиб, уйига кетиб қолди. Айб кимдан ўтганлигини билмайман. Келинойим тўрт йилдан буён биз билан яшайди. Шу вақт давомида ҳеч биримизга ёмон гапирмаган. Онам билан аёлимни олиб келдик. Аёлим тез орада ҳомиладор бўлди. Кўпинча тоби бўлмайди, уни асраб-авайлаяпмиз. Бироқ келинойим билан ҳанузгача тил топишолмади. Акам мен уйланишимдан аввал ўзи учун ер сотиб олиб, ҳовли қуришни бошлаганди. Ҳовлиси битиб қолганини эшитган хотиним шу уйга биз кўчиб чиқамиз, деб уйда жанжал бошлаган. Севганим бўлса ҳам, унинг эркаликларидан, онасининг ҳамма ишимизга аралашувидан чарчаб кетдим. Нима қилишга ҳайронман...

Маслаҳат: — Халқимизда ёзилмаган қоида бор, ота-она билан кенжа фарзанд қолади деган. Аёлингизга шуни эслатиб қўйинг. Ҳамма ўз меҳнатига ярашасини олади. Акангиз ва келинойингиз меҳнат қилиб, уй қуришибди, энди улар ўша уйда роҳатланиб яшашга муносиблар. Хотинингиз ака-ука, ота-она ва фарзанд ўртасига совуқчилик туширишни истамаса, бу қилиқларини йиғиштирсин. Қайнона-қайнотасининг хизматидан оғринмасин. Агар аёлингизга сизларнинг гаплариингиз оғир ботса, уни фақат ўз ота-онаси йўлга сола олади. Бунинг учун сиз қайнотангиз билан бафуржа гаплашинг. Уйингиздаги жанжал фақат келинлар ўртасида бўлса, акангиз оиласи билан кўчиб кетса, бу жанжаллар ҳам барҳам топади. Арзимаган муаммоларни деб оилангизнинг тинчлигини бузманг. Сизга ва аёлингизга фақат сабр қилинг деб айта оламан.

 

Дилноза МИРТОЛИПОВА ёзиб олди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии