Долзарб мавзулар Абитуриент

Нон синдирилса-ю, кўнгиллар бирлашмаса...

Бўлимлар: Lady
Теглар: Аёл, Тўй, SUGDIYONA, Қиз
Добавлено: 14.12.2016, 12:00

Фотиҳа тўйи... Қиз томоннинг розилигини олган қуда бўлмишлар тоғора-тоғора ноз-неъмату сарпо-cуруқни кўтариб, қизникига келишди. Патир синдиришди, икки ёшнинг бахтини тилашди. Ноннинг орасига  ширинликлар қўйиб, қўни-қўшни, хешу ақраболарга улашилди, қиз ва йигитнинг боши боғлангани маълум қилинди.

Тўй кунига ҳам саноқли кунлар қолди. Каттаю кичик хотин-халаж никоҳга қайси кўйлакни кийиб борсам экан, деб бош қотираётган бир пайтда фотиҳа бузилгани ҳақидаги гап-сўзлар оралаб қолди. Ана энди миш-мишлар, шивир-шивирлар кўпайди, қиз томоннинг ҳам, йигит томоннинг ҳам уй телефони жиринглагани-жиринглаган. Қиз йиғлаган, йигит аламда...

Келинг, ушбу мавзуни муносабатлар кўзгусида таҳлил қиламиз.

 

Фотиҳа куни бузилган фотиҳа...

Мавлуда, 48 ёш (йигитнинг онаси): – Тўнғич ўғлимга мос қизни топгунча роса бўларим-бўлди. Менга ёққани унга, унинг кўнглига манзури бизнинг оилага тўғри келмасди.

Бир куни бозорда  истарали бир аёл чиройликкина қизи билан кўйлак сотиб олаётганини кўриб қолдим. Қиз менга ёқди. Хуллас, ўша ернинг ўзидаёқ қизнинг онаси билан гаплашиб, ниятимни айтдим. Совчиликка бордик, ёшлар учрашишди, бир-бирларини ёқтириб ҳам қолишди. Мамнун кайфиятда тўй бошладик. Фотиҳа куни белгиланди, энг яқин қариндошларим билан уларникига бордик. Бир пайт шамоллагани чиққан қайнэгачим секин келиб қулоғимга шипшиди: “Келиннинг Даун касали билан туғилган опаси бор экан, буни билармидингиз?”

Кўнглим ғаш тортди, бироздан кейин қудам ёнимга келиб ўтирди ва шундай деди: “Биласизми, кўп марта айтмоқчи бўлдим, лекин қизимнинг бахтини ўйлаб, ортга суравердим. Наргиза иккинчи қизим, биринчи қизим туғма ногирон...”

Ўша куни патир синдирмадик, уйга қайтдик... Менимча, боласининг келажагини ўйлаган ҳар қандай аёл ҳам шу қарорга келган бўларди...

Фароғат, 52 ёш (қизнинг онаси): – Қизим чиройли бўлгани учун эшигимиздан совчи аримайди, лекин кимга биринчи қизимиз касал эканини айтсак, эртаси куни қайтиб келмайди. Охири шу гапни айтмасликка қарор қилдик, 24 ёшга кирган қизимни ўзига ёққан йигитга узатмоқчи бўлдик. Тушунган одамлар-ку, деб ўйладик. Келган меҳмонлар эл-юртга шармандамизни чиқариб, кетиб қолишди. Қизим ўша куни уйқу дори ичмоқчи бўлди, отаси ичиб келди, ҳамма нарсани уриб синдирди...

Кўзгу нима дейди? Фароғат опани айблаш қийин. Тўғри, ёлғон гапирмаслик керак эди, деб маслаҳатни тамом қилиш мумкин. Бироқ, қадам босишдан аввал йўлнинг текис-равонлигини текширмаган одамнинг ҳам айби бор. Мавлуда опа... нима учун Мавлуда опа бунчалик шошилди? Фотиҳадан аввал суриштириш бежиз ўйлаб топилмаган. Қўни-қўшни, маҳалла, ҳамкасблар, ўзаро таниш-билишларнинг бири бўлмаса, бошқаси, албатта, оиладаги аҳволдан бохабар этган бўларди ва вазият чигаллашмасди, кўнгиллар синмасди. Ва Мавлуда опа аввалроқ ўша касалликнинг тагига етганида Даун синдроми генлардаги мутация бўлгани билан суяк сурмаслигини, бунда ота-онанинг соғлиғи, турмуш шароити, зарарли одатларининг умуман аҳамияти йўқлигини билган бўларди.

  

Қизнинг севгани, йигитнинг “юрган”и бор!

Мастуба, 44 ёш (қизнинг онаси): – Қизим институтга кирганидан буён уйимизда совчи кутамиз. Лекин болам курсдошига кўнгил қўйиб, ҳаммага “йўқ” жавобини бераверди. Ўша йигитга қаттиқ боғланиб қолгани бизни ўйлантирарди. Диплом ҳимояси пайти йигитнинг онаси совчи бўлиб келди. Уйга кирган заҳотиёқ бизни ёқтирмаслигини очиқ-ойдин изҳор қилди: “Ўғлим менга қарши чиқаяпти, қизингиз ўзини ундан олиб қочсин”, деди. Мен қизимни шу йигит олишига аниқ ишониб, отасини ҳам кўндириб ўтиргандим. Жуда жаҳлимиз чиқди, қизим ҳам аламданми ёки бизни тушунибми, розилик берди, уни бошқа бир йигитга унаштириб қўйдик. Тўйга икки ҳафта қолганида эса уйга йиғлаб келди. Бўлажак куёв уни курсдош йигит билан юзлаштирибди: “Бутун институт бирга юрганларингни биларкан, дадангга айт, ҳамма харажатларни қопласин, қайтиб турқингни кўрмай”, деб жанжал қилибди.

Қудаларга телефон қилиб, тушунтирмоқчи бўлдим, лекин улар эшитишни ҳам хоҳлашмади. Суриштирсам, ишхонасидаги бир қизни яхши кўриб қолиб, бўлажак куёвнинг ўзи ҳам роса гап-сўз бўлган экан, шуни айтсаммикин, қуда томонга? Курсдоши эса: “Сендан бошқасига уйланмайман, ҳаммага йўқ, деявер, онамни кўндираман”, дебди. Нима қилай, фотиҳаси қайтган қизим икки ўртада бахтсиз бўлиб қолаверадими, энди?

Карима, 45 ёш (курсдош йигитнинг онаси): – Ўғлим шу қиз билан апоқ-чапоқ бўлганини билиб, ўтиб кетар, деб ўйладим. Қиз тушмагур тўрт йил давомида ўғлимнинг бўйнига бўйинтуруқ илиб, барча муаммоларини унга ҳал қилдирди. Кейин билсам, тўрт йил давомида фақат ўғлимни эмас, ўша қизни ҳам қўшиб боқибмиз.

Совчи бўлиб борсам, қизнинг онаси “Ўғлингиз қизимга ундоқ олиб берган, бундоқ қилиб берган”, деб ёш боладек мақтаниб ўтирибди. Ёлғизгина ўғлим бор, унга маънили хонадон қизини олиб бергим келади. Қизнинг онаси эса институтда ўқимаган, ундан тер ҳиди анқиб туради, эри билан уришаверар экан. Нима бўлганда ҳам, ўша оиланинг, онанинг қизи...

Моҳира, 47 ёш (бўлажак куёвнинг онаси): – Ўзим ҳам ҳайрон бўлгандим, нега тўйга бу қадар тез розилик беришди, деб. Ўғлим ҳам анойи эмас, қизни обдон текширибди, интернетдаги саҳифасини топибди, одоб доирасидан чиқиб ёзган гаплари бор экан, ўша йигит билан тушган суратлари ҳам турибди, ўзим кўрдим. Минг кўндиришга уринсак ҳам ўғлим фотиҳани қайтаринг, юрган қиз керак эмас, деди.

Кўзгу нима дейди? Мастуба ва қизининг айби кўпроқ эканлиги кўриниб турибди, дерсиз. Ечими йўқдек туюлаётган бу ҳолатга осон чора бор: ёшларни ўз ҳолига қўйиш. Агар Карима “Шу қизга уйланмайсан”, деяверса йигит баттар ўчакишади. Агар Мастуба барига қизининг севгани ва унинг онасини айбдор қилаверса, ҳатто кейинчалик тўй бўлганида ҳам муносабатлар хавфли тус олади. Моҳира эса ўғлининг кўнглига қўл солиб кўрсин, балки ишхонасидаги қиз ҳақидаги гаплар миш-миш эмасдир. Кимдир билан гаплашган қизга “билмай қолиб” уйлангандан кўра, ўзи “билган”и билан яшагани яхши эмасми? Калаванинг ипини чигаллаштирган ёшларнинг ўзи унинг учини топиши мумкин.

Ҳар қандай вазиятда ҳам фотиҳа бузилиши ёшлар ҳаётида сезиларли из қолдиради. Шуниси ҳам борки, ҳали чимилдиқ кўрмаган қиз бир кун ўзи орзу қилгандек   бахтга етишиши аниқ. Тўйдан кейин аттанг дегандан кўра, унгача муаммоларни билган маъқул. Бўлмайдигани бошидан маълум, ҳеч куйинманг. Фотиҳани ўйин биладиганларга эса айтар сўзимиз шу: фотиҳа никоҳга йўл очадиган, илоҳий ришталарни боғлайдиган дуо, шуни асло унутманг!

 

                                                                                               Азиза ҚУРБОНОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии