Долзарб мавзулар Абитуриент

Самарқанддан топилган эшак жасадлари юқумли касалликлар тарқалишига олиб келиши мумкинлиги маълум қилинди

Бўлимлар: Жамият
Теглар: Жиноят
Добавлено: 16.12.2016, 10:23

Самарқанд вилояти ҳокимлиги шаҳар ташқарисидаги Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган марказий чиқиндихона яқинидаги сув акваториясида қайд этилган нобарқарор санитар-гигиеник вазият ва уни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди

2016 йилнинг 5 декабр куни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Самарқанд шаҳри “Озод Шарқ” кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Тедеев мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳри Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган шаҳар ташқарисидаги марказий чиқиндихона яқинидаги сув акваториясида оммавий тарзда йирик шохли ҳайвонларнинг жасадлари ва турли қолдиқлари ташлаб юборилганлигини ҳамда мазкур ҳолат ўта хавфли юқумли касалликларнинг эпидемиясига олиб келиши мумкинлигини баён этган.

Бундан ташқари мазкур ҳолат жорий йил 6 декабрида журналист Т.Раҳматуллаевнинг Facebook`даги саҳифасида ёритилган.

Мурожаат юзасидан вилоят ҳокими бошчилигида ДСЭНМ бош врачи, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, ветеринария, фавқулодда вазиятлар, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари, Самарқанд тумани ҳокими ҳамда масалага алоқадор ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида воқеа жойи бориб ўрганилди. Бу ерда кўп эшак миқдорда жасадлари, суяклари ҳамда улар атрофида дайди итлар, мушуклар ва ёвввойи қушлар борлиги аниқланди.

Бундан ташқари, сув ҳавзаси яқинида қўлбола усулда лойдан уйлар ва турли бинолар қурилган бўлиб, суякларни куйдириш учун мўлжалланган қўлбола печ, суяк майдаловчи ясама тегирмон борлиги кузатилди.

Ҳудуддаги нобарқарор санитар-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш ҳамда аҳоли ва ҳайвонлар ўртасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг оммавий равишда тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокими раислигида масалага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Самарқанд шаҳри Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган шаҳар ташқарисидаги марказий чиқиндихона яқинидаги сув акваториясидаги ҳолат атрофлича муҳокама қилиниб, юзага келган нобарқарор санитар-гигиеник вазиятнинг содир этилишига йўл қўйганлиги ва ушбу ҳолатни олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлиги учун тегишли вилоят ташкилотлари раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Шунингдек, уларга туман бўлими раҳбарларини эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслиги масаласини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш қарорига асосан шунингдек, чиқиндихона яқинидаги сув акваториясида юзага келган нобарқарор санитар-гигиеник вазиятни қайта ўрганиб чиқиш ва тегишли тартибда расмийлаштириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Натижада Хишрав қўрғонидаги сув акваторияси ва унинг атрофида тўпланиб қолган ҳайвонлар жасадлари ва суяк қолдиқлари ветеринария-санитария меъёри талаблари асосида утилизация қилинди. Акваториядаги сув чуқур лаборатория таҳлилидан ўтказилиб, атрофда дезинфекция ва зарарлантириш ишлари олиб борилди. Ҳудудни барча ноқонуний қурилма ва бино иншоотлардан тозалаш ҳамда келгусида аниқ шахсга ижарага бериб, ободонлаштириш режа-тадбири тасдиқланди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи вилоятдаги барча сув ҳавзалари, шаҳар чиқиндихонаси атрофини хатловдан ўтказиб, фуқаролар томонидан амалга оширилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларга барҳам бериш чораларини кўрмоқда.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан Хишрав қўрғонидаги сув акваторияси ва унинг атрофида ҳолатларни содир этган шахсларни аниқлаш мақсадида суриштирув ишларини олиб борилиб, айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилмоқда. Ҳудудда жамоат тартиби ва “паспорт-виза” режимига риоя этилишини назорат қилувчи доимий гуруҳ фаолият олиб бораяпти.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа