Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Маҳмуд Номозов ва Сардор Раҳимхон жонли ижро, руҳшунос қабули ва севгиниг қудрати ҳақида

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Добавлено: 09.01.2017, 10:39

Ҳар бир инсоннинг ўзига хос дунёси, ёшига монанд қарашлари бўлади. Тажриба деганлари ўз сўзини айтмасдан қолмайди, ахир. Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмонлари кўпнинг меҳрига мушарраф бўлган ижодкорлар. Уларнинг саволларимизга тажрибасидан келиб чиқиб берган самимий ва рост жавоблари ҳукмингизга ҳавола. 

Маҳмуд НОМОЗОВ, Ўзбекистон халқ артисти: 
2017 йил учун кўзлаган режаларим бир талай. Бу йил мухлисларга концерт дастури тақдим эта олмадим. Келаётган йилда эса концерт қўйишни мақсад қилганман. Ижодда янгиликлар қилиш, янги қўшиқлар ёзиш, уларга клип суратга олиш кабилар ҳақида ҳозирданоқ фикр юритаяпман.

Жонли ижро, аслида, қийин бир масала эмас. Самимий, қадрдон давраларда кайфият аъло, саломатлик жойида бўлса, бемалол 4-5 соат жонли овозда куйлашим мумкин. Ўзингизга маълум, тўйларимиз ҳам тўрт соатдан кам бўлмайди. Меҳмонларнинг завқини кўриб, биз ҳам чарчоқ нималигини билмай хизмат қиламиз. Бир сўз билан айтганда, санъаткор руҳланса ва овозини зўриқтирмаса, ортиқча ҳаяжон ва мажбуриятлардан йироқ бўлса, жонли куйлаш қийинчилик туғдирмайди. Аксинча, аввало хонанданинг ўзи бундан роҳатланади.

Менинг «қўшиғим». Охирги эшитганларим ичида Сардор Раҳимхоннинг «Дунёни беринг болажонларга» деган қўшиғидан таъсирландим. Санъаткор сифатида ҳавас қилдим, мавзу ҳам, ижро ҳам, куйи ҳам жуда яхши. Интернетда эшитишим билан изоҳ ёзиб қолдиргандим. Кейин хонанданинг ўзи билан учрашиб қолганимда менинг кўнглимдан кечганларни куйлаганини айтдим. 

Клип қўшиқнинг оммалашишини таъминлайди. Чунки реклама вазифасини ўтайди. Масалан, «Кўза» таронаси клипи билан машҳур бўлган. Айримларда савол туғилади, санъаткор зўр қўшиғига клип олиши керакми ё ҳаминқадарроғини клип билан бойитиши лозимми? Билмадим. Фикримча, оммага тақдим этиладиган ҳар бир қўшиқнинг устида пухта ишлаш керак. Ўзимиз учун тор давраларда куйладиганларимиз йўриғи бошқа. Лекин халққа тақдим этаяпмизми, сўзидан тортиб клипигача бамаслаҳат иш кўриш керак. Бирор шеърнинг сўзлари ё мавзуси ёқиб қолса, мени уни аввало шоирлар, тилшуносларга кўрсатаман. Мусиқа, клип суратга олиш борасида ҳам кўп билан кенгашганни маъқул кўраман. Шунинг учун талабаларим ва ёш хонандаларга доим «Вақт ва пулингизни бекорга сарфламанглар, атрофдагилар билан маслаҳатлашиб, кейин қўшиқ ёзинглар», деб таъкидлайман.

Чегара. Санъаткор сифатида ўзимга қўйган чекловларим бор. Тўғри, кўпчиликка тақиқлар ёқмайди, ижод аҳли чегара билмайдиган эркинлик истайди, дейишади. Аммо бу дегани одоб-аҳлоқ меъёрлари, қонун-қоидаларга кўз юмиш мумкин дегани эмас. Чунки улар бекорга яратилмаган. Чегараларнинг асл маъносини тушуниб етсангиз, аксинча муваффақиятингиз кафолатланади. Урф-одатларни, тамойилларни ҳурмат қилиш инсоннинг ўзини ҳурмат қилишидан дарак.

Руҳшунос қабулида бўлмаганман. Лекин уларга ишонаман. Психология оид китобларин ўқиб билдимки, руҳшунослар ақлли ва дунёқараши бой одамлар. Улар билан гаплашиш инсонга руҳий енгиллик берса керак, чунки яхши суҳбатдош бўла олишади, назаримда. 

Севги... Катта ҳарфлар билан ёзиладиган туйғу! Уни бир-икки оғиз сўз билан ифодалаб бўладими? Инсон севиб яшасагина яшайди. Ҳаётга, Ватанга, оилага, жуфти ҳалолига, болаларига муҳаббат қўйиш... Менимча, чексиз севгини туйган инсонлар бахтлилар сафида бўлади.

Аёл ва карьера. Хўш, аёл киши карьера қилиши шартми? Бу ҳар кимнинг ўз танлови. Айрим аёллар болалар тарбияси, рўзғор юмушлари билан қаноатланишади. Баъзи аёллар эса илм қилади, жамиятда юқори ўринларни эгаллашади. Албатта, карьера қиламан деган аёлни умр йўлдоши тушуниши, қўллаши лозим. Қачон қўллайди? Ўзаро иккиси бир-бири билан тил топиша олса, ҳамфикр бўлса. Аёл уйда ўтирадими, ишлайдими, эрини тушуниши ва зийрак бўлиши лозим. Рафиқам мутахассислиги бўйича ҳамшира. Бир муддат ансамблда қўшиқ куйлаган. Ўн кунлаб хизмат сафарларида юриб уйга қайтганимда бирор марта жанжал билан кутиб олмаган. Мен ҳақимда ҳам гап-сўзлар бўлгандир, уларни аёлимга етказгувчилар ҳам топилгандир. Лекин бирор марта деди-дедилар билан бошимни қотирмаган. Эҳтимол, санъатимни тушунмаганида, санъаткор эканлигимни инобатга олиб, муомала қилмаганида, бугунги дражага эришмаган бўлармидим? Демоқчиманки, оилада ким карьера қилса ҳам, иккинчи томоннинг унга тўғри муносабат билдириши муҳим.

Мутолаа. Тан оламан, охирги пайтларда  психологик мақолалар, буюк шахслар ҳаётидан парчаларни кўпроқ ўқияпман. Шеър мутолааси эса ҳар кунги эҳтиёж, бу одатга айланган. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг умрининг сўнгги ойларида ёзганларини мени жуда таъсирлантирди. 

Дунёни қутқаришга қодир куч, бу —  муҳаббат. Оиланинг устуни севги, юрт истиқболининг, халқлараро тинчликнинг замирида ҳам муҳаббат ётади. Инсон севганига, муҳаббат қўйган нарсасига озор беролмайди-ку ахир. 

Сардор РАҲИМХОН, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: 
2017 йил... Тинчлик, кўнгил ҳотиржамлиги, бахт-саодатга, қисқаси, фақат яхшиликларга бой йил бўлишини кутяпман. Янги йилда насиб этса, онамни ҳажга юбормоқчиман. Янги сайланган Президентимизнинг нутқларини тинглаб, турли жабҳаларда катта ўзгариш ва юксалишлар бўлишидан хурсанд бўлдим.   

Жонли ижро... 4-5 соатлаб жонли ижрода куйлай оламан. Жонли ижрода куйлаган хонанданинг ўзига бўлган ишончи янада ошади, имконият даражасини тўғри баҳолай оладиган бўлади. Қолаверса, бу вазиятда хонанда ва томошабин орасида ҳам жонли мулоқот юзага келади. Лекин афсуски, жонли ижрони ҳамма ҳам бирдек тушунавермайди. Шу боис исталган даврада жонли ижрода қўшиқ куйланмайди. Эътибор, олқиш бўлган даврадагина мамнуният билан жонли ижрода куйлаш мумкин. Юракдан куйлаганингни қадрига етишмаса, исталган санъаткорнинг ҳафсаласи пир бўлиши турган гап. Шахсан ўзим эътибор билан тингланадиган даврадагина жонли ижро билан йиғилаганларни хушнуд этаман! Бу ўзини ҳурмат қилган санъаткорнинг принципи, деб биламан. 

Менинг қўшиғим... Жуда кўп қўшиқларни жон-дилим билан тинглайман. Хориж эстрадасидан Андреа Бочелли, Лара Фабиан ва ўзбек эстрадасидан Севара Назархоннинг ижодига меҳрим бўлак. Лекин айнан менинг дардим акс этган қўшиқ бор, деёлмайман.  

Клип. Бугунги кунда, албатта, қўшиқларнинг оммалашишида клипнинг ўз ўрни бор. Лекин бор куч ва урғуни клипга қаратиш нотўғри. Ҳар бир қўшиқнинг ўз пойдевори бўлиши шарт! Бошқа хонандалардан ажралиб туриш учун қўшиққа клип суратга олиш зарурият бўлиб қолди. Бу вазиятда клип қўшиқни мазмунан тўлдиради. Бироқ қўшиқ матн, мусиқа, ижро билан бир бутун бўлиши кераклигини унутмаслик лозим. Масалан, «Дўст» қўшиғим қисқа фурсатларда клипсиз ҳам мухлислар кўнглидан жой олиб улгурган. Клип орқали оммалашган қўшиқларим: «Бомбей», «Ия-ия». Бу ижод намуналарим ўзимга у қадар ёқмайди ва мазмунан бой қўшиқлар ҳам, деёлмайман.

Чегара. Ҳар бир санъаткор ўзига қандайдир чекловлар қўйиши табиий ҳол. Саҳнанинг талабларига жавоб бериш мақсадида деярли ўн йилдан буён нон емайман ва вазнимни бир меъёрда ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Асосий чекловлар: исталган ерга боролмайман, овқатлана олмайман, оилам билан сайр қилиб, дам ололмайман. 

Ҳар қандай вазиятда бизни тақлид қиладиган томошабинга ўрнак бўла оладиган даражада юриш вазифамиз.      

Руҳшунос қабулига бир маротаба борганман ва тажрибамда қайта бундай қабуллар кузатилмаган. Чунки руҳшуносга эҳтиёж сезмаганман. Йиллар чиғириғи, синовлар одамни руҳшунос қилиб қўяр экан.

Севги... бу, — ҲАЁТ! Бизни ўраб турган бутун борлиқ севгидан иборат. Исталган нарсага меҳр билан ёндашсангиз, у сизга бахт бера олади. «Севгига ишонмайман!» дейдиганлар аслида ўзини-ўзи алдайди.

Аёл ва карьера. XXI асрда яшаётганимиздан келиб чиқсак, аёл кишини тўрт девор орасида ўтиришини тасаввур қилиш қийин. Аёлларнинг жамиятдаги ўрни катта. Шу боис ҳам оиласига ҳалал бермайдиган, турмуш ўртоғи билан муносабатларига путур етказмайдиган ишда ишлаб, карьера қилса, нур устига аъло нур. 24 соат бир ерда ўтириш одамнинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Натижада асаби емирилиб, оила аъзолари билан муносабатларига дарз кетиши ҳеч гап эмас.

Мутолаа. Охирги ўқиган китобим Ойбекнинг «Болалик» китоби. Катта қизиқиш билан мутолаа қилдим ва менга жуда манзур бўлди.

Дунёни қутқаришга қодир куч — меҳр-муҳаббат, оқибат!

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа