Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Оиладаги «зулук»лар. Уларни даволаш шарт!

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар: Оила, SUGDIYONA
Добавлено: 10.01.2017, 11:31

Одатда улар ё «иш топа олмайдилар», ё бир-икки ой ишлаб, бўшаб кетаверадилар. Аммо моҳият бир — улар доим бировнинг ҳисобига яшайдилар. Бекорчи текинтомоқни ҳақиқий ишсиз одамдан қандай фарқлаш мумкин? Оилада шундай бекорчихўжалар билан қандай муомала қилиш керак?

1-воқеа

— Қайнонам аллақачон пенсия ёшига етган ва астмаси бўлса ҳам, ҳамон ишлайди. Чунки битта эримнинг топганига рўзғор тебратиб бўлмаслигини билади. Кап-катта қайним эса кун бўйи компьютер ўйинларидан бўшамайди. Неча марта акаси унга иш топ деса, топмади: муносиб иш чиқмаётганмиш. Аслида, умуман иш қидирмайди ҳам. Қайнонамга ачинаман, тезроқ боламни боғчага бериб, ишга чиқиб кетгим келаяпти, аммо у ҳали жуда ёш, эндигина бирга тўлди. Қайнонам даволаниши ва дам олиши керак. Лекин ўз ўғли буни тушунмаяпти. Нима қилиш мумкин?

Малоҳат

2-воқеа

— Акам ота-онамни ҳам, бизни ҳам жуда қийнаб юборди. Дипломли мутахассис бўлса-да, тайинли ишнинг бошини тутгиси йўқ. Нуқул бизнес қиламан дейди-да, чув тушади ва яна ойлаб бекорчилик қилиб юраверади. Ишга бўйин ёр бериб ишлаш, бирор жойда ўз малакасини кўрсатиб, эътироф олиб, кейин мансаб пиллапояларидан кўтарилиш истиқболи уни қизиқтирмайди. Тез ва осон бўлмаяптими, демак, давом эттирмаслик керак. Ойлаб телевизор қаршисида ўтиради-да, хотини нолийвериб қўймагач, яна бир таваккалга қўл уради ва чув тушади. Ота-онам унинг қарзларини тўлашдан қийналиб кетишди.

Ҳуррият

3-воқеа

— Қайнсинглим коллежни битирганига 3 йил бўлди, гулдек ҳунари бор: тикувчи. Аммо ҳеч ишлагиси йўқ. Неча бора иш топиб бердик, кирмади. Турмушга чиқсам, эрим боқади, деган хаёлда юрибди. Уззукун ё телефонга тикилиб ўтиради, ё келинойилари билан айтишади, ё телевизор кўради. Ахир ким айтди аёл киши ишламаслиги, уни эри боқиши керак деб. Іаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку! Ёшлигида ишлаб, ўрганиб, малака ошириб олгани ўзига фойда эмасми?

Комила

Ишсизлик эмас, дангасалик!

Ушбу уч воқеани бирлаштириб турган ягона муаммо — дангасалик. Іа, ишсизлик эмас, дангасалик.

Иш қидириш билан муаммо қуйидаги инсонларда бўлиши мумкин: ёш болали аёлларда, пенсия олди ва пенсия ёшидаги шахсларда, мактаб, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчиларида (яъни ҳали тажрибаси йўқ кадрларда), шунингдек, соғлиги билан муаммоси борларда, ногиронларда. Қолган ишсизлар эса иш топа олмаётган эмас, ишлашни истамаётганлардир. Албатта, у ўзини иш излаётгандек тутади — газеталардаги эълонларни кузатиб боради, турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун суҳбатларга боради. Лекин бу «иш қидириш» жараёни йиллаб давом этиши мумкин, афсуски, натижа бўлмайди.

Айрим бекорчихўжалар вақти-вақти билан ишга жойлашишлари мумкин, бироқ бир-икки ой (баъзида бир-икки ҳафта) ишлаб, кейин бўшаб кетишади. Сабаблар ҳам одатдагидек: иши қийин, раҳбарият уни қадрламайди, ишхонадагилар билан муносабатлар яхши бўлмади ва ҳоказо. Баъзида у соғлигидан ҳам шикоят қилиб қолади, аммо унинг бир ташхиси аниқ — танбаллик.

Нега ишлашни истамаяпти?

Гап шундаки, ҳар қандай бекорчихўжанинг ортида уни боқадиган кимдир туради. Кўпинча ота-она, умр йўлдоши, ака-ука, опа-сингиллар боқимандани таъминлашади. Статистик маълумотларга кўра, аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ бекорчи бўлишаркан. Унга хомийлик қилаётган яқинлар дангасанинг ишламаётганига узрли сабаби бор, деб ишонишади. Шу сабабли ҳам бу ҳолат йиллаб ўзгармай қолавериши мумкин.

Руҳшунослар эса бекорчихўжаларни 4 гуруҳга бўладилар:

«Омадли жентельменлар». Улар тез ва осон бойиб кетиш пайида таваккалга қўл уришади. Аммо негадир омадлари чопмайди. Доим қарзга ботиб юрадилар, қарзларини эса, табиийки, оила аъзолари тўлашади. Иккинчи воқеа қаҳрамони — айнан шундай инсон.

«Файласуфлар». Ишламаслик – уларнинг ҳаётий принципи. Гўёки ўз руҳий дунёлари устида ишлайди, китоб ўқийди, саёҳатларга чиқишни орзу қилади, хуллас, меҳнатдан бошқа ҳар нарсага тайёр. Айримлари пулни ёвузлик деб билади, пул топишга интилаётганларни ҳаётини бекорга сарфлаётганларга тенглаштиришади. Ўзлари бўлса яқинларига юк бўлиб яшайверадилар ва бундан виждонлари ҳам қийналмайди. Шу сабабли «пул – ёмон» деган гап «файласуфлар» оғзининг бир чеккасидан осонгина чиқиб кетади.

«Чақалоқлар» — жисман ўсса-да, руҳан ҳамон бола инсонлар. Вояга етсалар ҳам, мустақил ҳаётни бошлай олмай, ота-оналарига қарам бўлиб ўтираверадилар. Баъзида улар оила қурадилар ва энди ота-она роли турмуш ўртоғи зиммасига тушади. Умр йўлдошига бу ҳол ёқмаса, у яна ота-онаси бағрига қайтади ва бошқа «ҳомий» қидира бошлайди. Учинчи воқеамиздаги қайнсингил ана шундай ҳеч катта бўлмайдиган чақалоқлар тоифасидандир.

Ўйинпарастлар. Булар реал ҳаётдан ажралиб қолган, фақат виртуал олам — компьютер ўйинлари, интернет, ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерлар билан яшайдиган одамлар, асосан ёш йигит-қизлар. Виртуал ҳаёт улар учун асосий ўринга чиққан ва реал ҳаётга соя солаяпти. Бунга биринчи воқеамиз мисол бўла олади.

Бекорчиларни йўлга соламиз

  • Аввало, текинтомоқнинг моддий таъминотини кескин қисқартириш, иккинчи томондан уни иш топишга рағбатлантириш лозим. Масалан, унга маълум муддат қўйиб, шу вақт тугагунча моддий кўмак бериб туришингизни, аммо иш топиши лозимлигини, муддат тугагач, сиздан моддий ёрдам умид қилмаслигини келишиб олинг. Ўзингиз ҳам иш топишида кўмаклашинг, таклифлар беринг, токи у рад этолмасин. Бу биринчи воқеадаги бекорчи йигит муаммосини ечишда қўл келиши мумкин.
  • Лекин иккинчи воқеадаги каби таваккалчи бекорчихўжаларга бундай усул ёрдам бермайди, аксинча, зарар келтириши хавфи бор. Улар яна бир таваккалга қўл уришлари тайин. Бундай инсонлар билан муносабатда бироз айёрлик талаб этилади. Масалан, бирор ишни бошлайман деганда, шарт қўйинг: аввал мунтазам маош келадиган ишнинг бошини тутади, майли ярим ставка бўлса ҳам, у ерда ишлайди, бўш вақтида бизнесини қилаверади. Ишлаб ўзи топган пулни таваккал билан ҳавога совуришга кўзи қиймаса керак.
  • Учинчи воқеадаги ёш, тажрибасиз, виртуал ҳаёт билан яшаётган қизнинг мақсади муваффақиятли эрга тегишми, демак, бунинг учун ишласин, пул топсин, ҳам чевар қиз деган ном чиқарсин, ҳам топган пулига чиройли кийимлар олиб кийсин. Иложи бўлса, ўз ёнингиздан мато олиб бўлса-да, унга тиктиринг, мижозлар топиб беринг. Бу ҳам иш бермаса, уйда ишламай ўтириб, бир умрга қариқиз бўлиб қолганлар ҳақида воқеаларни айтиб бераверинг. Хуллас, фақат моддий аҳволи эмас, келажаги, бахти ҳам ишлашига боғлиқ эканини англаса, албатта, ўзи иш излаб қолади.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии