Долзарб мавзулар Абитуриент

Фожиавий ўлим топган машҳур инсонлар (Фото)

Бўлимлар: Дунё
Теглар: Фожиа
Добавлено: 10.01.2017, 12:25

2016 йилда ёш актёр Антон Ельчин фожиали тарзда ҳалок бўлди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри. 

Уни Jeep Grand Cherokee  автомобили босиб кетди. Қўл тормози тортилмаган автомобиль тепаликдан пастга юриб, актёрни ғишт тахламига олиб бориб урди. Дунёга машҳур инсонларнинг жуда кўпчилиги унга қадар ҳам шу йўсинда фожиали ҳалок бўлган эди. Қуйида сизни улар билан таништирамиз.


Алексей Венецианов (1780-1847) рассом, 67 ёшда от тизгинига ўралиб, ўлган. 1847 йилнинг 4 декабрь куни Веницианов Тверь черковларидан бири учун чизган икона чизмасини кўрсатиш учун олиб кетаётганда, у ўтирган от арава тепаликдан пастга қулаган, аравакаш сакраб, тирик қолган, аммо Венецианов от тизгинига ўралиб, ҳалок бўлган. Отлар унинг мурдасини судраб,  Поддубьедаги Милюковлар ер-мулкига борган. Аксарият одамлар буни бахтсиз ҳодиса эмас, балки қасддан содир этилган жиноят, деб қабул қилган.


Эрнест Шоссон, француз бастакори (1855-1899). 44 ёшда велосипедда деворга урилиб, ҳалок бўлган.1899 йилнинг 10 июнида Шоссон ўзига тегишли ер-мулкда тепаликдан велосипедда тушаётганда бошқарувни йўқотиб, ғиштин деворга боши билан урилган ва умуртқа поғонасини синдириш оқибатида ҳалок бўлган.

Пьер Кюри, француз физиги (1859-1906). 46 ёшда арава тагида қолиб, ҳалок бўлган. 1906 йилнинг 19 апрель куни Парижда йўлни кесиб ўтаётган Кюри сирғаниб кетиб йиқилади ва рўпарадан келаётган от араванинг тагида қолади. Арава унинг бошини босиб кетади.

Верона Боччони, италиялик рассом ва ҳайкалтарош, футурист (1882-1916). 33 ёшда отдан йиқилиб ҳалок бўлган. 1916 йилнинг 17 август куни артиллерия полки сафига хизматга чақирилган Боччони машқ пайтида отдан йиқилиб, ҳалок бўлади.

Антонио Гауди, испан архитектори (1852-1926). 73 ёшда инсонларнинг шафқатсизлиги туфайли вафот этган. 1926 йилнинг 7 июнь куни Барселонада кекса Гаудини трамвай уриб кетади ва у ҳушидан кетади. Извошчилар ёнида пули, ҳужжати бўлмаган номаълум қарияни касалхонага элтишдан бош тортади. Кейинчалик уни камбағалларга мўлжалланган энг ёмон касалхонага олиб боришади. Бу ерда унга керакли муолажа қилинмайди. Гаудининг шахси аниқланиб, бошқа касалхонага олиб борилганда эса кеч бўлади. 1926 йилнинг 10 июнь куни Гауди вафот этади.

Айседора Дункан, америкалик раққоса (1877-1927). 50 ёшда шарфига ўралиб, ҳалок бўлган. 1927 йилнинг 14 сентябрида Ниццада шахсий автомобилида сайр қилаётган Дункан бўйнидаги узун шарфнинг автомобиль ўқига ўралиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган.

Томас Эдвард Лоуренс, британиялик зобит, саёҳатчи ва дипломат, Лоуренс Аравийский номи билан машҳур (1888-1935). 46 ёшда мотоциклдан йиқилиб, ҳалок бўлган. 1935 йилнинг 13 май куни Мортонда мотоциклда кетаётган  Лоуренс велосипедчиларни қувиб ўтаётганда, бошқарувни йўқотиб, йўлга қулаган. Оқибатда бош-мия жароҳати туфайли ҳалок бўлган.

Александр Вампилов, россиялик ёзувчи (1937-1972). 34 ёшда қайиқ ағдарилиши оқибатида ҳалок бўлган. 1972 йилнинг 17 август куни Вампилов Байкал кўлида қайиқ ағдарилиши оқибатида қирғоққача сузиб келолмай, қаттиқ совқотишдан ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг маълумот беришича, енгил қайиқ оғир моторни кўтролмай, катта тўлқин натижасида ағдарилиб кетган.

Брэндон Ли, америкалик актёр, машҳур актёр Брюс Лининг ўғли (1965-1993). 28 ёшда съёмка майдончасида ўқи йўқ деб ҳисобланган тўппончадан отиб ўлдирилган. 1993 йилнинг 31 март куни Шимолий Каролинада суратга олинаётган “Қарға” фильмининг финал қисмида 44 калибрли тўппончадан отиб ўлдирилган. 

Хосино Митио, япониялик фотосуратчи, асосан ёввойи табиатни суратга олган (1952-1996). 43 ёшда айиқ ҳужумидан ҳалок бўлган. 1996 йилнинг август ойида Митио айиқларни суратга олиш учун Камчаткага келган. 8 август куни чодирда ухлаётганда айиқ ҳужум қилиб, ўлдирган ва танасининг маълум қисмини еган.

Стив Ирвин, австралиялик табиатшунос ва тележурналист (1962-2006). 42 ёшда скат балиғининг ҳужумидан ҳалок бўлган. 2006 йилнинг 4 сентябрь куни сув остида тимсоҳларни суратга олиш жараёнида скат балиғи думи билан унинг юрагига урган.

Дэвид Кэррадайн, америкалик актёр (1936-2009). 72 ёшда бўғилиб, ўлган. 2009 йилнинг 4 июнь куни бўйнига арқон ўралган ҳолда шкафдан топилган. Эксперт-криминалистлар буни бахтсиз ҳодиса, деб хулоса қилган. Актёрнинг рафиқаси Марина Андерсон эса уларнинг фикрига қўшилмай, буни қотиллик, деб атаган.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии