Долзарб мавзулар Абитуриент

Совуқдан дорисиз даволанамиз!

Бўлимлар: Саломатлик
Добавлено: 11.01.2017, 10:28

Қишнинг нимаси ёмон? Совуғи! Бир қарасангиз, овозингиз бўғилиб, томоғингиз оғриб қолади, яна бир қарасангиз тумов бўлиб, бошингиз ҳам оғрийди. Аммо, дорихонага югуриб, бўлар-бўлмас дориларга «фало-о-он» пул сарфлашга шошманг! Халқ табобати усуллари қайси кунингизга керак ахир?!

 

МОЙЧЕЧАК ДАМЛАБ ИЧИНГ

Чойга лимон солиб ичиш ёки оёқларни иссиқ сувга тиқиб ўтириш фойда бермаса дарҳол мойчечакни чой ўрнида дамлаб ичинг.

Қарабсизки сиздаги шамоллаш дарди тезда барҳам топади.

Муолажа муддати – бир ҳафта, кунига чорак стакандан уч маротаба мойчечак дамламаси ичиш кифоя.

 

ТУМОВДАН ҚУТУЛИШ УЧУН

 Бурнингиз битиб, тумов бўлиб қолсангиз аввало бир стакан сувга бир чой қошиқ асал солиб ичинг (кичкинтойингиз шундай аҳволда бўлса, бурнига кўкрак сути ёки хом сабзининг бир неча томчи шарбатини томизишингиз мумкин).

Озгина пахтани навшадил спиртига хўлланг ва гоҳ ўнг, чап бурнингизга қўйиб ҳидланг. Товонингизга йод настойкаси суриб ичига қуруқ хантал сепилган жун пайпоқ кийиб олинг.

Ана шу муолажаларни навбатма-навбат бажарсангиз тумовдан тезда фориғ бўласиз.

 

ЙЎТАЛГАНДА ТУРП ДАВО

Қирғичдан ўтказилган пиёз ва олмадан тенг миқдорда олиб ичига шунча асал солинг, сўнг аралаштиринг. Ҳар куни бир ошқошиқдан уч маҳал ичинг. Олма пўстидан қуюқ чой дамлаб ичсангиз ҳам енгиллашасиз.

Турп ўртасини ўйиб ичига асал ёки шакар солинг. Кун давомида хушхўр шарбат ажралади. Шуни кунига бир ошқошиқдан ичинг.

 

ТОМОҚ ҚАТТИҚ ОҒРИСА

Бир стакан илиқ сувга икки ошқошиқ туз, ярим чойқошиқ истеъмол содаси солинг, сўнг икки-уч томчи йод томизинг. Кунига бир-икки марта томоғингизни шу билан чайсангиз тузаласиз.

Яна бир муолажа: бир чойқошиқ қирилган хренни чорак стакан қайноқ сувга солиб, беш-олти соат тиндиринг. Сўнг сузиб, илиқ ҳолида кунига уч маҳал оз-оздан ичасиз.

 

ЧОЙНИНГ ФОЙДАСИ КЎП

Қовоқлар яллиғланганда ёки кўз шамоллаганда кўк ва қора чойни аралаштириб дамлаб ювиш керак. Меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасини тузатиш учун кўк чойни аччиқ дамлаб ичиб туриш кифоя.

Говмичча чиққанда бир чойқошиқ кўк чойни бир стакан қайноқ сувга солинг. Иссиқ ҳолида пахтани ботириб говмичча устига қўйинг, дарров тузалади.

Автомобильда юрганда кўнгил айниса ёки ҳомиладорликда кўнгил беҳузур бўлса қуруқ кўк чойни чайнанг.

Шамоллаб қолганда чойни сут билан биргаликда ичсангиз терлаб дарддан фориғ бўласиз.

Гулжамила тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии