Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

5 ноқулай вазиятдан чиқиш йўли

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар: Аёл, SUGDIYONA
Добавлено: 11.01.2017, 15:07

Бировдан ўтганини биров билмас, дейишади. Билганимиз–кулганимиз. Шунинг учун ҳам ноқулай вазиятга тушган киши, айниқса аёл  аввало атрофидагилардан хижолат бўлади. Бу ҳолатдан ўзингизга «сув юқтирмай» чиқиш йўлларини эса биздан сўрайверасиз.

Харид қилган маҳсулотлар ҳамёнга оғирлик қилса...

Вазиятдан чиқиш: дўкондан рўзғор учун тўлдириб чиққан саватни тўлашга пул етмай қолса, сумкани титкилашдан ёки атрофга аланглашдан фойда йўқ. Энг ишончли қуролимизни ишга солинг, яъни табассум қилинг. «Дўконингиз бирам яхшики, кўз тўймайди» деб, унча муҳим бўлмаган нарсаларни саватдан аста чиқариб ташланг. Кассир ҳалиям ўқрайишдан қолмаяптими? Унда тин-тийинини санайдиган эрингиз(ўзи ундай бўлмаса ҳам)дан озгина нолинг. Зарар қилмайди, баъзан ёрдам бериши ҳам мумкин.

Қоқилиб йиқилиб тушсангиз….

Вазиятдан чиқиш: Аёл учун бундан ёмони йўқ.  Ўзи оғриқ, шиш, шилингани етмагандай, кўчадагиларнинг «хи-хи»си ортиқча. Аммо лекин сизнинг ўрнингизда ўшалардан бири йиқилгандами, сизнинг ҳам «хо-хо»лашингиз турган гап эди. Шунинг учун бу вазиятга юмор билан ёндашинг. Ўрнингиздан туришга ёрдам берганларга эса алоҳида раҳмат айтишни унутманг.

Тушлик пайти топ-тоза кийимингизга шарбат ёки соус томса...

Вазиятдан чиқиш: оббо, бугун эрталаб дазмоллаб чиққан эдингиз-а. Сал тушкунроқ оҳангда ҳамкасбларингиздан, «буни қандай тозаласа бўлади?» деб  сўранг. Биринчидан, фойдали текин маслаҳатларга эга бўлсангиз, иккинчидан, сизга амалий ёрдам берувчилар ҳам топилади.

Ҳамкасбингизнинг туғилган куни ёдингиздан кўтарилса…

Вазиятдан чиқиш йўлини қулоғингизга айтаман: буни ҳаммага билдириш шарт эмас. Касбдошингизнинг олдига пешвоз чиқиб, унга дилингиздаги эзгу тилакларингизни изҳор қилинг. Унинг ҳам қулоғига: «Бугун тилак, совғаси эртага», деб қўйсангиз олам гулистон.

Сизни ҳомиладор санаб, транспортда жой беришса…

Вазиятдан чиқиш: хаёлингизга келган илк фикр, «оҳ, семириб кетдим» бўлиши шубҳасиз. «Йўқ» деб, ўриндиқни бўшатган кишини ҳам ўсал қилманг. Яхшиси, сизга таклиф қилинган ролни қабул қилинг. Сумкани тиззангизга қўйиб, атрофдагиларни ҳам озгина «қорнингиз чиқиб қолгани»га ишонтиринг. Уйга келгач эса, гардеробни би-и-ир бошдан кўздан кечиришга тўғри келади. Қоматингизни ҳалигидай қилиб кўрсатадиган уст-бошдан вақтинча воз кечиб турганингиз маъқул.

Шу ва шунга ўхшаган вазиятларда энг муҳими–хотиржамлик. Кейин мияни озгина ишлатиш. Бизнинг миямиз эркакларникига нисбатан 200 гр (вазни ўртача 1,5кг) енгил бўларкан. Олимларнинг фикрича, аёллар ўзини доим ташқаридан кузатиб юришга, ўзгаларга қай тарзда кўринишини ўйлайверишга мойил бўлгани учун чуқурроқ таҳлилга фурсати етмас эмиш. Бўлмаган гап!

Дилноза УМАРОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии