Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Ўзбекистонда автотранспорт хизматларини ривожлантиришга келгуси 5 йилда 840 миллиард сўм йўналтирилади

Бўлимлар: Жамият
Теглар:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор имзолади.

Қарорнинг тўлиқ матни ва унинг шарҳи ЎзАда келтирилган.

Қабул қилинган қарор Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида, биринчи навбатда қишлоқ жойларда автотранспорт хизматлари билан таъминлашни янада яхшилашга, йўловчилар ташиш хавфсизлигини оширишга қаратилган. 

Бунинг учун 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш Дастури тасдиқланди. Келгуси 5 йил мобайнида ушбу Дастурни молиялаштиришга 840 миллиард сўмдан зиёд, асосан “Ўзавтосаноат-лизинг” ва бошқа лизинг компанияларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, хусусий инвесторларнинг ўз маблағлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар йўналтирилади. 

Қарорга кўра, 2017-2021 йилларда 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши, улардан 240 тасини (79,2 фоизи) шаҳар атрофида ва қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновларда очиш назарда тутилмоқда. Янги йўналишлар очиш билан биргаликда, асосан автобуслар етишмаслиги туфайли қатнов тўхтатилган йўналишлар тикланади. 

Келгуси 5 йилда 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланишга қулай микроавтобус сотиб олинади. 

Автостанциялар, тўхташ бекатлари енгил конструкциялардан ва асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган арзон материаллардан (металл конструкциялар, сэндвич-панеллар ва шу кабилардан) фойдаланган ҳолда намунавий лойиҳалар бўйича қурилади.

Қарорда лизинг компаниялари ва ташувчиларнинг ўзлари янги сотиб оладиган микроавтобуслар учун Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғим тўловидан озод қилиниши назарда тутилган. 

Бундан ташқари, юридик шахслар шаҳар атрофидаги ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда (қишлоқ жойларда) автобусларда йўловчилар ташиш ҳажми бўйича ягона солиқ тўловидан озод қилинмоқда. 

Дастурнинг амалга оширилиши юзасидан ишчи гуруҳ мунтазам мониторинг олиб боради.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклатилди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии