Долзарб мавзулар Абитуриент

Вазн ошса... озиш “даво”ми?

Бўлимлар: Саломатлик
Добавлено: 12.01.2017, 10:47

Парҳезшунос шифокор Назокат Тожиева маслаҳатлари:

— Кўпчилик ёшлар (айниқса қизлар) овқатдан воз кечишгина семириб кетишнинг олдини олади, деб ўйлашади. Аслида семириш фақатгина шунга боғлиқ бўлмай, балки марказий нерв фаолияти ёки эндокрин тизимидаги бузилишлар оқибатида ҳам келиб чиқади. Аввало вазн ортишининг сабабларини аниқлаш муҳим. Бунинг учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда консерватив (дори-дармонлар қўллаш) чора-тадбирлари белгилаш, зарур ҳолларда психотерапия ёки физиотерапия муолажалари қўллаш лозим.

 

“АЛБАТТА ОЗИШИМ КЕРАК!”

(Лекин озғинлик сиз ўйлаганчалик қувонч келтирмайди!)

Семириб кетишдан “қўрқадиган” қизнинг ҳатти-ҳаракатларига разм солсангиз очиғи, баъзан кулгингиз қистайди. Масалан, у ҳар куни ойнадан ўз қоматига синчиклаб тикилади, бундан кўнгли тўлмаса, дарров бел айланасини ўлчайди. Сўнгра дафтарига қайд этилган кечаги рақамлар билан солиштиради. Ўзгариш кам... “Наҳот ҳалигача озмадим?” дея ўйлайди. Шу фикр миясига қаттиқ ўрнашиб қолади. Эрталабки нонуштада ёки тушлик ва кечлик учун тайёрланган таомларни кўриши биланоқ ўша фикр уни таъқиб этаверади. Дарров дастурхондан қўлини тортади. Чойнакда дамланган чой ҳам, катта-кичик идишлардаги қуюқ-суюқ овқатлару ширинликлар ҳам унга “семиртирувчи” бўлиб туюлади.

Оздирувчи парҳезлар ёки «очлик кунлари» фақат шифокор маслаҳати билан амалга оширилиши керак. Чунки ўсаётган организм (айниқса 14-18 ёшларда) ўзига турли витаминларни, углевод ва ёғларни, энг муҳими оқсилни керакли даражада олиши керак. Акс ҳолда тана кучсизланади, “оздирувчи парҳез” дан сўнг ҳолдан тойган организмда бир қатор касалликлар келиб чиқади. Камқонлик, авитаминоз, қон босимининг пасайиши, гемоглобиннинг меъёрий кўрсаткичи камайишидан сўнгги беҳоллик...

 

КЎРМОҚ БОРУ ЕМОҚ ЙЎҚ...

(Бу ҳол сизни анорексияга дучор этади)

Семиришдан қаттиқ қўрқиш, овқатдаги ортиқча калорияни ўйлаб ҳавотирланавериш бора-бора сизда анорексия деган касалликни вужудга келтириши мумкин.

Анорексия сўзи грекчадан олинган бўлиб, иштаҳа бўлсада овқатдан тийилиш деган маънони англатади. Бу шундай хасталикки ҳафталаб-ойлаб овқатдан тийилиб юрган киши агар лаззатли таом еяётганини тушида кўриб қолса ҳам чўчиб уйғонади, дарҳол вазнини қайта ўлчашга уринади. Тадқиқотлар натижасига кўра анорексияга чалинганларнинг 90 фоизини 12-24 ёшдаги қизлар ташкил этаркан!

“Оздирувчи парҳез” ни узлуксиз қўллаш туфайли қуввват етишмаслиги органимда зарур аъзолар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Доимий ҳолсизланиш, терининг қуриб оқариши, мушаклар тортилиши, буйрак фаолиятининг издан чиқиши ва психик ўзгаришлар рўй беради. Бундан ҳам ёмони анорексияга чалинган қизларнинг (ҳатто аёллар) суяклари нозиклашиб, баъзан дарз кетади.

 

ЗАРАРИ ЙИЛЛАРГА ЕТГУЛИК

Озиш учун кўр-кўрона қўлланаётган усуллар организмга бир умрга етгулик зарар етказиши мумкин. Масалан, турли фирмаларда чиқарилаётган оздирувчи чойлар врач рухсатисиз қабул қилинса ичакларнинг меъёрий микрофлорасини ёмонлаштиради, юрак қон-томирларга ортиқча “юклама” сифатида таъсир кўрсатиб, уларни зўриқтиради, буйракларнинг одатий ишини издан чиқаради.

Транквилизаторларни қабул қилиш, яъни иштаҳани пасайтирувчи ёки ични сурадиган дори-дармонлар ичаклар перисталтикасини сунъий кучайтириб, йўғон ичак моторикасининг бузилишига олиб келади. Ошқозон-ичакларнинг табиий фаолияти ишдан чиққач, гоҳ ич кетиши (дисбактериоз), гоҳ ич қотиши (қабзият) безовта қилаверади.

“Оздирувчи ванна”ларнинг ҳам (агар улар тўғри қўлланмаса) анчагина зарари борлигини унутманг. Оздирувчи туз ва турли ўтлар солинган иссиқ сувли ванналар қон-томирлар ишини рағбатлантириб юборади. Жинсий аъзолар атрофидаги қон-томирлар иши кучайиб, бу ҳайз тартибига салбий таъсир кўрсатади. Кўп ҳоллардла иссиқ сувли ваннадан кейин ҳайз келиши тезлашади ёки қон одатдагидан кўпроқ келади.

 

ОЗИШНИНГ ПАРҲЕЗСИЗ УСУЛЛАРИ

Унутмангки, семириш ейилган овқат  яхши ҳазм бўлмагандан кейинги ёғ тўпланиши туфайли ҳам келиб чиқади Шунинг учун ҳам таомни шошмасдан майдалаб чайнанг, узоқ чайнасангиз оғиздаги сўлак билан аралашиб яхши ҳазм бўлади. Чунки сўлакда углеводларни парчаловчи амилазалар мавжуд.

Йўл-йўлакай овқатланганда ёки кўча-кўйда қуруқ овқатларни шоша-пиша еб кетаверганда ҳазм фаолиятига путур етади, яхши чайналмаган дағал овқат ичаклар деворини шикастлантиради.

Маслаҳатимиз шуки рафинадланган маҳсулотлар, қадоқланган қуруқ овқатлар, айниқса ширинлик ва шакардан воз кечинг, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилинг. Ҳар куни 6-8 стакан тоза сув ичинг, сув организмни турли зарарли нарсалардан тозалайди, моддалар алмашинувини тартибга солади. Тез-тез енгил овқатланинг, сариёғ, ёғли гўшт, ҳамирли таомлар, ширинлик ва картошка ейишни камайтириб, сутли маҳсулотлар, кўкат ва мевалар ҳамда оқсилга бой бўлган гречиха бўтқаси ейишга одатланинг. Энг муҳими, жисмоний ҳаракатларни секин-секин кўпайтириб боринг, оддийдан мураккабгача бўлган машқларни эса шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда бажаринг.

Г. Жамилова ёзиб олди.

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа