Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Омаднинг танамизга «яширинган» 28 белгиси

Бўлимлар: Lady
Теглар: SUGDIYONA

Қадим замонларданоқ одамлар инсоннинг юзига қараб, унинг нималарга қодирлигини ўқий олишган. Кимга ҳазил, кимга чин, келинг, биз ҳам ташқи кўринишга қараб омадга эришиш имкониятларини «башорат» қилиб кўрамиз.

Тақдир нишоналари

Бу борадаги мутахассислар, яъни физиогномистлар инсон ташқи кўринишининг бир-бирини такрорламайдиган сифатлари ўзида жуда кўп қимматли маълумотларни жамлаганини эътироф этишади.

Нафақат халқона иримлар, балки замонавий физиогномистларнинг ҳисоб-китоблари ҳам танада холнинг кўп бўлиши унинг эгаси бошқалардан кўра бахтлироқ, карьера борасида омадлироқ бўлишини таъкидлайди. Бундай ҳисоб-китобларга кўра:

  • қулоқлардаги холлар пул билан боғлиқ масалаларда муваффақиятга эришишни билдираркан.
  • Лаблардаги холлар — муҳаббат бобидаги омад белгиси.
  • Иякдаги холлар — бойлик нишонаси.
  • Елкалардаги холлар сизнинг инсонларни яхши ажрата билишингиз ва ҳаёт ташвишлари, жумбоқларидан муваффақиятли ўта олишингизни билдиради.
  • Билакдаги холлар — фарзанд кўришдаги муваффақиятдан дарак беради.
  • Яноқлардаги холлар карьера борасида ўртамиёна омадни билдиради. Бундай инсонларнинг шахсий ҳаётда кўпроқ бахтли бўлиши кутиларкан.

Юзга қараб… ўқиймиз!

  • Баланд ва кенг пешана соҳибларига фаолиятнинг интеллектуал соҳаларида муваффақиятга эришиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Бироз ҳаракат қилсангиз кифоя.
  • Баланд пешанани ҳошиялайдиган сочларнинг айлана чизиғи кўпинча мустақил феъл-атвор ва мақсадга эришишдаги қатъийлик белгиси саналади.
  • Юзи узунчоқ бўлган кишилар — яхши ташкилотчи, уларни бошқарувчилик лавозимларида омад кутади.
  • Йирик, чақнаб турувчи кўзлар — ижодий соҳада муваффақиятни кафолатлайдиган ижобий энергетика нишонаси.
  • Бироз қийшайган бурун — айёрлик, устомонлик ёрдамида  карьера поғонасидан кўтарилиш мумкинлигини билдиради.
  • Тўғри бурун омадга унинг соҳибини ўзига бўлган ишонч ва хотиржамлик олиб боришини билдиради.
  • Ингичка бурун — енгилтабиатлик белгиси экан.
  • Кенг бурун эса карьера ҳақида орзу қилмайдиган, лекин бахт ва муҳаббатни топишга қодир очиқкўнгил, бағрикенг инсонларга хос.
  • Хизмат поғонасидан кўтарилиш ва кўнгилдагидек никоҳ йирик бурунли серғайрат ва иззатталаб инсонларга хос.
  • Калта ва учи юмалоқ бурун эгаси ортиқча асабийлашадиган, қизишиб кетадиган бўларкан. Бу эса уларнинг ўзига ҳам, бошқалар билан муносабатларда ҳам халақит беради.

Оёқлар

Педомансия, бу — оёқ бармоқларининг шакли ва ўлчамига қараб инсоннинг потенциал имкониятларини очиб бериш санъати. Унга кўра:

  • оёқнинг узун, ингичка бармоқлари кўзлаганига эриша оладиган инсонларга хос. Улар нима билан шуғулланмасин — илмми, санъатми ёки тадбиркорлик — барчасида муваффақият қозона олишади.
  • Калта, қалинлиги деярли бир хил бармоқли инсонлар ўзига ишонмайдиган, асабийликка мойил бўлишади. Айнан шунинг учун уларни кўпинча омадсизлик ва умидсизлик таъқиб этади.
  • Қалин бармоқлар соҳибининг матонат ва меҳнатсеварлик эвазига муваффақиятга эришишини билдиради.
  • Елпиғични эслатадиган, яъни учлари айлана бармоқлар ўзини боса олмайдиганларга тегишли. Улар ҳар қадамда зиддиятларга дуч келишади. Омадга эса камдан-кам ҳолларда эришишади. Лекин молиявий масалаларда уларга ҳавас қилиш мумкин.
  • Оёқ бармоқлари ҳар томонга тарвақайлаган инсонлар қайсар, одамови, муваффақиятга фақат ўз ўжарлиги билан эришувчилар ҳисобланади.
  • Ўнг оёқдаги узун ва семиз бош бармоқ оилавий ҳаётда муваффақият «ваъда қилади». Бундайларнинг муҳаббати кучли, никоҳи эса бардавом ва мустаҳкам бўлади.

Қайси биримизни тақдир сийлаган?

Физиогномистларнинг ишончи комил: қулоқ чаноғининг ўлчами ва шаклига қараб нафақат инсоннинг феъл-атворини, ҳатто унинг интилишларини ҳам аниқлаш мумкин.

  • Узунроқ ўсган солинчак — таъсирчанлик, туғма фаоллик, қатъийлик нишонаси. Бундай инсонлар хоҳлаганига албатта эриша олади. Лекин улар кўпинча атрофдагиларнинг норозилиги ва қаршилигига дуч келишади.
  • Солинчакнинг йирик эти феъл-атвор кучи ва муваффақият қозониш истагидан дарак беради.
  • Қулоқ кўзларга нисбатан баландроқда жойлашган бўлса, бу ажойиб белги. Бундай инсон ақлли, тиришқоқ, қандай ишга киришмасин, муваффақиятга эриша оладиган бўлади.
  • Агар қулоқнинг тепа қисми кўзларга нисбатан пастроқда жойлашган бўлса, бу — ўртамиёна натижаларга эришиш нишонаси.
  • Шалпангқулоқлик — мусиқий ижодда омадга эришиш калити ҳисобланаркан. Агар фарзандингизнинг қулоғи шундай бўлса, уни мусиқий мактабга олиб боринг (албатта агар унинг ўзи ҳам хоҳласа). Балки ундан буюк бастакор, истеъдодли қўшиқчи етишиб чиқар.
  • Учи учқур қулоқ ўз соҳибининг уддабуронлиги, ҳийлагарлигини билдиради.

Нима бўлганда ҳам яхши нарсаларнинг барчасига ишонинг, ўзингизда ижобий хислатларни ривожлантиринг. Салбийларини эса эътиборсиз қолдиринг. Агар чин дилдан ҳаракат қилсангиз, омад сизни кўп куттирмайди.

НИЛУФАР тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии