Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Хиёнат заҳрини тотганлар ёхуд эркакни бу йўлдан қайтариб бўладими?

Бўлимлар: Lady

Хиёнат… Дунёда аёл зоти учун жуфти ҳалолини бўлишишдек қаттиқ азоб бўлмаса керак. У ҳамма нарсага чидайди. Аммо ёстиқдошининг хиёнатини кўтара олмайди. Бугунги қаҳрамонларимиз ана шундай азоб исканжасида қийналиб, дардларига малҳам излаб бизга мурожаат қилишган…

 

ҚИЗЛАРГА СУЯГИ ЙЎҚ ЭР

Умида Қосимова, 34 ёш, Жиззах шаҳридан:

— Эрим билан севишиб турмуш қурмаганимда ҳам бунчалар куймасдим. Ортимдан ялиниб юриб уйланганди. Билардим, ўша пайтда ҳам менинг кўзимни шамғалат қилиб бошқа қизлар билан гаплашиб турарди.

— Бу билан ҳаётингни боғлама, бир умр куйиб ўтасан, — деганди бир дугонам.

Уни яхши кўрганим учун ҳам воз кечмаганман. Мени қаттиқ севади, деб ўйларканман-да! Тўғри, у бошқа ҳиёнаткор эркаклар каби мен камситмайди, жанжаллашмайди. Аммо энг ёмони, чиройлироқ аёл ёки қизни кўрса ўзини тутолмайди. Тўй-ҳашамларга борсак, уялиб кетаман. Озгина ичиб олади-да, дуч келган аёлга ширин гапириб, рақсга таклиф қилади. Яна кўча-кўйда бирорта чиройли қизни кўриб қолса ҳам албатта менга келиб айтади ҳам:

— Бугун кўчада бир қизни кўрдим: асал! Ўзи кечроқ туғилиш керак экан. Кундан-кун қизлар гўзаллашиб бораяпти.

Гоҳида асабларим қақшаб кетганидан бақириб юбораман:

— Аёллардан ҳам бошқа дардингиз борми? Нега бунақасиз? Одамлар сизни ғирт хотинбоз дейди. Менга ачиниш билан қарашади.

— Бирорта билан юрганимни кўрдингми? Меники фақат тилда. Бошқаларга ўхшаб юриб кетсам нима қилардинг? Қўлингдан ҳеч нарса келмайди-ку!

Ўзим ҳам унинг гапига қўшилиб, таскин топаман. Ростдан ҳам унинг биров билан жиддий етаклашиб кетганини кўрмадим. Аммо барчанинг кўз ўнгида мени ҳижолат қилиши жонимга тегиб кетди. Нима қилсам, шу одатини ташлади?

Маслаҳат: — Бунга кўз билан яхши кўриш дейилади. Сиз унинг бу одатини ташлата олмайсиз. Бу унинг феъли. Шунақа яралган у. Ҳайрати, севинчи, дарди ҳар доим ошкор бўлади уларнинг. Эрингиз тўғри айтибди, ростмана хиёнат қилса нима  қилардингиз? Бунақа инсонлар очиқ китобга ўхшайди. Ҳеч нарсани яшириб ўтиришмайди. Шунинг учун эрингиздан ҳечам хавотир олманг ва бекорга сиқилманг ҳам. Уни шу ҳолича қабул қилинг.      

 

«КУНДОШИМДАН СЎНГ ЯНА КУНДОШ…»

Жамола Турсунова, 30 ёш, Тошкент шаҳридан:

— Менинг кўрганларимни ҳали ҳеч бир аёл кўрмаган бўлса керак. Эрим менга очиқчасига ҳиёнат қилади. Ҳатто, биттасини иккинчи хотин ҳам қилиб олган. Албатта, буни сир тутади. Аммо аёлнинг ичида гап ётармиди? Кундошим менга қўнғироқ қилди:

— Эрингиз менга уйланган. Яқинда уй ҳам олиб берди. Меникига келганда дарров чақириб оласиз. Унда менинг ҳам ҳаққим бор. Бир кун сизникида, бир кун меникида яшайди. Ўзим айтаман, у кишига. Яна жанжал қилиб ётманг. Биз бир-биримизни севамиз. Шукр қилинг, сизни қўйиб юбормади. Шундай экан, мен билан муроса қилинг. Агар хоҳласам, ҳозироқ сиз билан ажрашади. Мен эса ундай қилмайман. Болаларингизни ўйлаяпман. Сиз ҳам мени ўйланг. Яқинда фарзандли бўламан.

Албатта, бу гаплардан сўнг жанжал қилмасликнинг иложи йўқ. Эрим билан роса айтишдим. У эса менга қатъий деди:

— Чидасанг шу. Чидамасанг, ана катта кўча кетавер. Мен у билан ҳам яшайман.

Фақат шу бўлса ҳам майли эди. Яқинда ишхонасидан бир аёл қўнғироқ қилиб мени огоҳлантирди:

— Айтмай дедим-у, яна виждоним чидамади. Ишхонамиздан бир қиз эрингизнинг бошини айлантираяпти. Ҳаром йўл фалокат олиб келади. Гуноҳи болаларингизга урмасин, деб айтаяпман. Эрингизга тушунтиринг, у яхши қиз эмас.

Чидолмай яна гапирдим. У эса баттар тутақди:

— Энди қадамимни санайдиган бўлдингми? Мени тергагунча ўзингга қара, чўчқага ўхшайсан!

Хўрлигим келиб кетди. Семиз бўлсам ҳам майли эди. Тўғри, қоматим қизларникидек эмас. Ахир учта боланинг онасиман. Аммо жуда бесўнақай ҳам эмасман-ку! Сиқилиб кетганимдан роса йиғладим. Ҳозирча болаларим ёш. Лекин катта бўлса, ҳамма нарсани тушунса нима қиламан? Эримни бу йўлдан қандай қайтарсам бўлади?

Маслаҳат: — Бу жуда жиддий масала. Назаримда, эрингиз топарман-тутарман, ўзига яраша обрў-эътиборли киши. Сизнинг эрингиз кабиларни бу йўлдан қайтариш қийин. Чунки, бунақа эркаклар ҳар доим «харидоргир» бўлади. Уларни аёлларнинг ўзи йўлдан уришга уринади. Шунинг учун сиздан аввало, жуда кўп сабр талаб қилинади. Кейин эса ўзингизни асраб авайлашингиз лозим. Бугунги асабийлашишларингиз эртага албатта соғлиғингизга таъсир қилади. Фарзандларингиз учун ҳам соғ ва омон бўлишингиз керак. Шунинг учун ўзингизга бирорта иш топинг. Чиройли кийининг ва ясан-тусан қилинг. Яна эрингизга сал бепарво ҳам бўлишингиз керак. Ҳеч қачон унинг ортидан тушманг. Ғурурли ва гўзал бўлсангиз у албатта сизни беэътибор қолдирмайди. 

   

ИНТЕРНЕТДАН ТОПИЛГАН «РАҚИБА»

Нигора Асадова, 26 ёш, Самарқанд шаҳри:

— Турмуш қурганимизга тўрт йил бўлди. Битта фарзандимиз бор. Совчи орқали топишганмиз. Мен у кишини жуда яхши кўраман. Назаримда, у киши ҳам мени севади. Очиғи, яқин-яқин кунларгача шу хаёлда эдим. Менга муносабати ҳар доим бир хил бўлганиданми, умуман гумон қилмасдим. Аммо яқинда… Турмуш ўртоғим телефонини уйда қолдириб кетибди. Қарасам, ўчиқ экан. Шунчаки ёқиб кўрдим. Ёқишим билан парол қўйилмагани учун электрон почтаси бирдан очилди. Бирдан экранда уч-тўртта ёзув пайдо бўлди: «Бугун йўқсиз?», «Сизни соғиндим…», «Қанисиз?»…

Аввалига тушунмадим. Кейин англаб етдимки, бу эримнинг интернетдаги ёзишмалари экан. Чиққан ёзувлар эса «Гуля» деган почтадан келган. Қизиқиб ва рашк ўтида ёниб уларнинг ҳамма ёзишмаларини ўқиб чиқдим. Билишимча, улар анчадан буён ёзишиб юришади. Унга оилали эркаклигини айтган. Лекин ёзишича, мени унчалик ёқтирмасмиш. Эримнинг ёзишмасида, «сизга боғланиб қолаяпман, ким билсин балки бу севгидир?», деган сўзлар ҳам бор эди. Тутаб кетдим. Қиз эса ҳали турмушга чиқмаганмиш. «Соғиндим», деганига қараганда анча яқин…

Эрим ишдан келгунча ҳам сабрим чидамади:

— Қачондан буён сизга ёқмайман? Сизни соғинган Гулялар тинмай хат ёзаяпти…

Унинг нафаси ичига тушиб кетди. Кейин бирдан ўзини қўлга олиб бақира бошлади:

— Нега телефонимни ёқдинг? Ким тегинсин, деди сенга?

Уйга келгач, эса мени овутди:

— Бу бир ўйиндек гап. Парво қилма! Интернетда нималар бўлмайди, дейсан? Бир-бирини кўрмай-билмай ҳамма алжирайди-да! Мен ҳам ишда бўш пайтларим зерикмаслик учун гаплашганман. Ўша қизни кўриб ётибманми, ҳаётда?

Бу сўзлар таскин бергандек бўлди. Лекин барибир шубҳаларим тарқамаяпти. Эрим ростдан мени ёмон кўрадими? У қизни севадими?

Маслаҳат: — Сизнинг биринчи хатонгиз — эрингизнинг телефонини титкилаганингиз. Эркак киши ўзига тегишли нарсаларга теккан одамни ёқтирмайди. Иккинчи хатонгизбуни унга билдириб, жанжал қилганингиз. Энди у сиздан эҳтиёт бўлади. Билишни истаган нарсангизни ҳам билолмайсиз. Аёл киши ўзини уйда сал бепарво тутгани яхши. Шунда у сизга эътибор қила бошлайди. Бундан кейин унга, айниқса унинг телефондаги мулоқотига умуман парво қилманг. Биринчидан, ўзингизга яхши, асабингиз бузилмайди. Иккинчидан, сизнинг бу қилиғингиз уни бефарқ қолдирмайди. Ўз-ўзидан сиз ҳақингизда ўйлай бошлайди. Сиқилманг, у сизни яхши кўради. Шу меҳрни йўқотмасликка ҳаракат қилинг.

Н.Усанбоева

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии