Долзарб мавзулар Абитуриент

Майда жанжалларнинг йирик сабаблари

Бўлимлар: Lady
Добавлено: 12.01.2017, 15:45

Эр-хотин арзимас нарсани деб жанжаллашаверар экан. Охири руҳшуносга мурожаат қилишибди.

— Жанжал нимадан чиқади? — сўрабди мутахассис.

— Тиш пастасидан, — дебди хотин. — Мен эримга «тиш пастасини тагидан бошлаб сиқиш керак», десам, у нуқул ўртасидан сиқади.

— Алоҳида-алоҳида тиш пастасидан фойдалана қолинглар.

Ие, унда ниманинг устида жанжаллашамиз?!

Ана шунақа! Уришишга хоҳиш бўлса кифоя, баҳона ҳар доим топилади. Баъзида бемаъни икир-чикирларни деб гулдек оила барбод бўлаётгандек туюлади. Бироқ ҳўкизнинг шохига урсангиз, туёғи зирқираганидек, ҳар қандай майда муаммонинг ҳам йирик сабаби бўлиши тайин. Демак, сабабларни руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан биргаликда муҳокама қиламиз.

1-вазият. Эр инжиқми ёки хотин эпсиз?

Хотин: — Эрим билан севишиб турмуш қурганмиз. Тўйгача ҳаммаси яхши эди. Аммо оила қуришимиз билан эримни худди биров алмаштириб қўйгандек бўлди. У бўлар-бўлмасга жаҳл қилаверадиган, инжиқ ва худбин кимсага айланиб қолди. Бир ҳафталик келинлигимдаёқ «Мошхўрдага нега картошка солдинг?» дея жанжал қилиб, қон йиғлатган. Шундан кейин қанчадан-қанча уруш-тўполонлар бўлиб ўтди. Қизиғи, уларнинг бари арзимас нарсалардан чиқарди. Масалан, эримнинг 4 та шими бўлиб, улардан 3 таси жавонда дазмолланган, тахт турса-да, негадир айнан дазмолланмаган шимни кийгиси келади ва жанжал кўтаради. Кошки бошқаларга ҳам шундай бўлса. Йўқ, ҳаммага мулойим, мулозаматли... Менга қолганда арзимас баҳона билан жанжални бошлайди. Оила қурганимизга етти йил бўлди. Ортиқ чидай олмайман...

Эр: — Мен аёлимнинг бефаросатлигидан куяман. Ўзига нисбатан заррача эътиборсизликни кўтара олмайди. Масалан, атиргулни севишини айтган экан. Мен эса буни унутиб, чиннигул совға қилганим учун роса аразлаганди. Аммо унга картошка қўшилган мошхўрдани ёмон кўришимни минг марта айтганман. Бироқ ҳамиша мошхўрдага картошка солади. Нега? Мени менсимаганиданми ёки жаҳлимни чиқариш учунми? Дастурхонга сочиқ ва чиқиндилар учун ликоп қўйгин, деб етти йилдан буён жаврайман. Аммо бирон марта шу ишни ўзича қилганини эслолмайман. Ҳар сафар менинг бир танбеҳимни эшитиб, кейин ликоп ва сочиқ келтиради. Наҳотки, шунчалар қийин, иложи йўқ нарсани сўраётган бўлсам?! Тўғри гапга кирмаганидан кейин жанжал қиламан-да!

Мутахассис фикри: — Ҳақиқий муҳаббат билан қурилган оилада муносабатларнинг қисқа фурсатда бундай кескинлашуви кам учрайдиган ҳолат. Бошида ҳар қандай инжиқ эркак ҳам майда камчиликларга бундай кескин реакция билдирмайди. Эрнинг бу тарздаги муносабати ортида жинсий ҳаётдаги муаммолар яширинган бўлиши керак. Эр-хотин бу ҳақда очиқ гаплашиб кўришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари, икки қайсар одам фақат ўз талабларидан бошқа нарсани кўрмас экан, муроса ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Агар аёл оиласида тинчлик ўрнатмоқчи бўлса, эрининг тартиб-қоидаларини қабул этиб, керак жойда усталик билан ўз талабларини ўтказишга ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда оила бузилади ёки ёш бир жойга борганда ўтган умрдан надомат чекилади.

2-вазият. Сергап келин

Қайнона: — Келиним зиёли, олийнасаб, бамаъни инсонларнинг фарзанди. Бироқ айрим ишлари билан кўчада катта бўлган қизларни эслатади. Унга «суҳбатдошингизнинг гапини бўлманг» деб минг марта айтганман. Аммо каттани катта, кичикни кичик демай, орага лоп этиб суқилиб, ўзининг айтадиганини айтиб олади-да, кетаверади. Бу ёқда сиз калаванинг учини йўқотиб қолаверасиз. Ахир ҳар гапнинг мавриди, ўрни бор-ку? Бу ҳам майли, сергаплигини айтмайсизми? Ўғлим шўрлик камгапгина эди, шунга уйлангач, умуман гапирмай қўйди. Фақат келиннинг ўзи шақиллагани-шақиллаган. Нуқул қаёқдаги бекорчи гаплар, ғийбатлар, етти кўча нарида яшайдиган одамларнинг муаммоларини гапиради. Уйда ўтириб, шунча маълумотни қаердан топади, билмайман. Танбеҳ берсам, гап кўтаролмайди. Шунинг орқасидан қайнона-келин кўп жанжаллашадиган бўлиб қолганмиз. Ўзи чаққон, пазанда, саранжом-саришта аёл. Аммо кўп гапириш одати оиладаги тинчликни бузаяпти.

Келин: — Янги келинлик пайтларимда ҳеч гапирмасдим. Шунда қайнонам қўшниларга, «Келиним писмиқ экан. Ҳамманинг олдида жим юраркан-у, бор гапни оқизмай-томизмай эрига айтаркан», дебди. Буни эшитиб, роса хафа бўлдим. Кейин эса ўзимни гапдан тиймайдиган, кўнглимдагини очиқ айтадиган одат чиқардим. Ҳар ҳолда, ичга солиб, сиқилиб, етмаганига «писмиқ» деган ном олгандан яхшироқ-да! Нима қилай, эрим мен билан дилдан гаплашай демаса, қайнонам билан оддий суҳбатимиз ҳам жанжалга айланаверса. Охири, йўл-йўлакай ўйлаганимни айтадиган, бирор суҳбатдош топилса, мириқиб гаплашадиган бўлиб қолдим.

Мутахассис фикри: — Келини билан муаммолар сабаб менга мурожаат қилган қайнонага ҳар доим бир саволни бераман: «Келинингиз сизга ўзингизни эслатмаяптими?». Инкор қилишга шошилманг. Нима учун келинингизнинг айнан сергаплиги сизга кучли таъсир қилаяпти? Агар бу камчилик сиз учун жиддий муаммо даражасига етган бўлса, уни бир муддатга эътибордан қочиришга ҳаракат қилинг. Яхшиси, диққатингизни келиннинг яхши жиҳатларига қаратинг. Биз энг кўп эътибор қаратадиган нарсамиз ривожланади ва кўпаяди. Ҳозирча сиз келинингизнинг камчилиги кучайишига ҳисса қўшаяпсиз. Келин, сиз эса ҳаётга, яшашга қизиқиши, энергияси тўлиб тошган аёлсиз. Фақат бу энергияни тўғри йўналтира олмаяпсиз. Бирор касб билан шуғулланинг, ишга киринг ёки қизиқарли ва фойдали машғулот топинг. Муаммога ижобий ёндашув нафақат уни бартараф этади, балки кутилмаган муваффақиятларга ҳам сабаб бўлади.

3-вазият. Жиззаки ва беғам

Эр: — Аёлим билан 15 йилдан бери тинч-тотув яшаб келаётган эдик. Бироқ охирги икки йилда муносабатларимиз жуда ёмонлашиб кетди. Арзимас нарсаларга жиғибийрони чиқиб, жанжал кўтараверадиган бўлиб қолган. Масалан, пойафзалимни остонадан ташқарида ечишимни талаб қилади. Оёғимни ечмай ичкарига бир қадам қўйсам борми, қиёмат қўпади. Сочиқни жойига илмаганим, ётоқнинг устидаги ёпқични кўтармай ухлаб қолганим ёки пиёзни 100 сўм қимматроққа олганим ҳам катта жанжалга сабаб бўлиши мумкин. Ўзимни миналаб ташланган майдонда юргандек ҳис қилаяпман. «Оёғимни қаерга қўйсам портламас экан?» деган хаёлда яшаш кишини ҳам маънан, ҳам жисмонан чарчатади. Узоқ-узоқларга қочиб кетгим келаяпти.

Хотин: — Қайси аёл «жанжалкаш» деган ном олгиси келадики, мен истасам. Мен ҳам ширинсўз, меҳрибон, дилбар аёл бўлгим келади. Бироқ бу эр деганига тўғри гапни тушунтириб бўлмаса нима қилай? Ошхонадаги жўмрак бузилди, сантехник чақириш керак, деб олти ой мулойим гапирдим. Ҳеч натижа чиқмади. Охири бир жанжал кўтарувдим, икки соатдаёқ ҳал бўлди. Шундан кейин талабларимни қаттиқроқ овозда ва қатъийроқ оҳангда айтадиган бўлдим. Акс ҳолда эрим боқибеғам бўлиб юраверади. Эрта-индин қизимизга совчилар келишни бошлайди, биз эса рўзғордан бир тийин орттириб, орзу-ҳавас учун пул йиға олмаяпмиз. Эрим «бир гап бўлар» дейишдан нарига ўтмайди. Истасам-истамасам, асабийлашаман-да! Неча йиллар мулойим бўлдим, аммо бирим икки бўлмади. Энди озгина тишларимни кўрсатсам, бу кишимнинг кўзларига дунё тор бўлибди. Бўлмаса, ўзи ҳам рўзғорнинг у ёқ-бу ёғига қараб, эртани ўйласин-да!

Мутахассис фикри:Бу вазиятда икки муаммо бор: биринчиси — аёл учун фарзандлар биринчи, эр эса иккинчи ўринга ўтган. Фарзанд дунёга келиши билан аёл унга бутун борлиғини бериб, эрини эсидан чиқариб қўйиши жуда кўп учрайдиган ҳол. Иккинчиси эса иқтисодий муаммо. Қизига сеп йиғиш — аёлларнинг орзу-ҳаваси, эркакларнинг эмас. Шунинг учун эр бунга маблағ орттириш ҳақида бош қотириб ўтирмайди. Аммо эрнинг омади чопишида хотиннинг роли жуда катта. Бу эркакда эса ишлаш у ёқда турсин, яшашга ҳам рағбат қолмаганга ўхшайди. Эркак учун оила — хордиқ чиқариш, куч тўплаш ва янгидан-янги ғалабаларга илҳомланиш учун бир қўрғон. Бу қўрғоннинг бекаси маликалардек яшашни истаса, ўз эрини қирол деб билиши керак. Хотин эрининг кичкина бўлса-да мувафақиятларини эътироф этиб, ундан фахрланишини кўрсата олсагина, мақсадига етади. Шундагина эрини яна-да кўпроқ ишлашга рағбатлантиради. Омадсизлигини ҳадеб юзига солавериш орқали эса эрини ўзидан бездиради ёки руҳан ўлдиради. Унутманг, жазодан қўрқиб ҳаракат қилиш ҳеч қачон ижобий натижа бермайди. Мукофот эса барчани илҳомлантиради. Эрингизга ишонинг. Унинг эр ёки «қаро ер» бўлиши сизнинг қўлингизда.

Хулоса

Муаммони йўқ деб фараз қилганингиз билан, йўқолиб қолмайди. У ёки бу тарзда ўзини намоён қилиб туради. Яхшиси, жуфтингизнинг нимаси сизни қониқтирмайди, муносабатларингизнинг қай жиҳатидан норозисиз — барини рўй-рост тан олиб, ўзаро муҳокама қилинг. Шундагина муттасил жанжалларга барҳам беришингиз ҳамда асабларингиз, соғлиғингиз ва бахтингизни асраб қолишингиз мумкин.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии