Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

«Аммам онамни ранжитади...»

Бўлимлар: Lady
Теглар: Оила, SUGDIYONA

— Уч аммам бор. Уларни яхши кўраман. «Онамдан қолган ёдгорларим» деб дадам ҳам жигарларини жуда ардоқлайди. Аммо онам ва аммаларим ўртасидаги совуқ муносабат мени хафа қилади. Чунки улар уйимизга келишса, албатта, онамнинг кўнглини оғритиб кетишади. Қариндошларимизникида йиғин ёки тадбирлар бўлса, волидамни яккалаб қўйишади. Бир куни холамнинг тоби қочиб, уйимиз яқинидаги шифохонада даволана бошлади. Онам «Узоқдан қатнаб, қийланиб юрасизми», дея холамни икки кун уйимизда қолишга кўндирди. Бу гап аммамнинг қулоғига қаердан чалинган билмайман, уйимизга келиб, катта жанжал кўтарди. Отам аммамнинг, онам холамнинг тарафини олди. Шундан буён ҳаммамиз қандайдир тушкун кайфиятда юрибмиз. Мен онам билан аммам юзкўрмас бўлиб кетишларини хоҳламайман. Уларни кўриб, биз — опа-укалар ҳам келажакда бир-биримизга шундай бемеҳр бўлиб қолмасмикинмиз деб хавотирланяпман.

З.Н., 16 ёш, Тошкент шаҳри

Қайнонажон: — Болажоним, катталар ўртасида баъзида мана шундай тушунмовчиликлар ҳам бўлиб туради. «Ақлни ақлсиздан ўрган» деган мақол бор-ку, сиз ҳам қариндошларингиз ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб, ака-укаларингиз билан янада аҳил яшашга ҳаракат қилинг. Яна бир гап, онангизга аммаларингиздан нолиманг. Яхшиси, муаммоларига аралашманг, аксинча ўртада кўприк бўлинг. Аммаларингизнинг ҳурматини жойига қўйинг.

Аммажонларга айтар сўзим: бошингизга ташвиш тушганда ҳам, эрта бир кун эл-юртга тўй-томоша берганингизда ҳам, ака-укаларингиз, жигарларингиз ёрдамга келади. Шунинг учун уларнинг тинчини бузманг. Келинингизни укангизнинг аёли, жиянларингизнинг онаси сифатида ардоқланг. Іатти-ҳаракатларингиз билан ёшларда нотўғри таассурот қолдирманг.

Феруза Акромова, рухшунос: — Сингилжоним, сиз ўсмир ёшдасиз. Балким, катта деб ўйлаётган муаммонгиз оддийгина келишмовчиликдир. Ушбу вазиятда  катталарнинг муносабатларига аралашадиган бўлсангиз, низолар янада чуқурлашиб кетиши мумкин. Онангизнинг кўнглини  ўйлаётганингизни  ҳам тушунаман. Аммо бу муаммоларни уларнинг ўзлари ҳал қилгани маъқул. Бўлаётган воқеалардан тўғри хулоса чиқаринг.

Саодат Очилова ёзиб олди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии