Долзарб мавзулар Абитуриент

Феълингиз ёмонми? Даволанинг!

Бўлимлар: Саломатлик
Добавлено: 14.01.2017, 10:55

Баъзан ўз-ўзидан асабий, баъзида эса жиззаки бўлиб қоламиз. Яна бўлар-бўлмасга йиғлашимизни айтмайсизми? Тўғри, бу каби ҳиссиётлар атрофимиздаги воқеа-ходисалар таъсирида ҳам юз беради. Аммо руҳшунослар фикрича организмдаги ўзгаришлар ҳис-хаяжонларнинг жунбушга келишига сабаб бўлар экан. Қуйида европалик руҳшуносларнинг тадқиқотларидан мисол келтирамиз.

Агрессия

Тўғри танбеҳ беришаётганини биласиз, бироқ тезликда жавоб қайтариб, суҳбатдошингизни «мот» қилишни истайсиз. Изн берилса, ер билан битта қилишга ҳам тайёрсиз. Яъни сизда агрессия аломатлари сезилаяпти. Руҳшунослар бу ҳолатни тез-тез юзага келадиган бош оғриқлари (кўпинча мигрен), ўт пуфаги, қорин дам бўлиши ёҳуд ушбу аъзо билан боғлиқ ўзгаришлар ҳамда тиш оғриғининг асоратидан, деб тахмин қилишади.

Ўзингизни нотинч сезишингиз

Овқат ҳазм қилиш фаолияти, юрак, қон айланиши тизимидаги бузилишлар ҳамда эт увишиши сабабли юзага келиши мумкин дейилади. Нимага ҳавотир олаётганингизни билмайсиз, лекин кўнглим нотинч, дея қўлингиз ишга бормайди.

Қувватсизлик

Гипотония, милклар яллиғланиши, умуртқа поғонасидаги оғриқ, ўпка ва нафас йўлларига доир касалликларда кузатилиши мумкин.

Хафагарчилик

Агар тушкун кайфиятингизнинг сабабини тушунолмасангиз қуйидаги аломатларга диққат қилинг. Эҳтимол сизда тиш билан боғлиқ безовталиклар, юрак ёки ҳазм қилиш фаолияти билан муаммолар бордир. Тумов ёки синусит бўлмаганмисиз? Текшириб кўринг!

Манманлик

Шуниси қизиқки, айрим инсонларга хос манманлик ҳам руҳият ва тана саломатлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин экан. Хусусан ўз-ўзидан димоғдор бўлиб қолиш бўғимлар яллиғланиши, нафас йўллари, жигар фаолиятига доир ўзгаришларга ишора қилиши мумкин.

Хасад

Кимгадир ҳасад қилишдан аввал жигарингиз, қорин ва ўт пуфагингиз саломатми, ўйлаб кўринг. Руҳшунослар фикрича, айнан ушбу аъзоларда хасталик бўлганида бировга ҳасад қилиш, бошқаларнинг ютуғини кўролмаслик туйғуси юзага келаркан.

Қониқмаслик хисси

Турмушингиздан тортиб, қилаётган ишингизгача қониқтирмаётган бўлса, юрак, қон айланиш тизими, мигрень, нафас йўллари касалликлари, умуртқа поғонасининг қийшайиши ҳамда ортиқча вазн каби муаммоларга аҳамият беринг. Кўпинча мазкур аъзолардаги безовталиклар қониқмаслик ҳиссини келтириб чиқаради.

Қатъиятсизлик

Аввалига ҳаммаси яхши кетаётганди. Бироқ ишни тугатай деганингизда ўзингизни қандайдир қатъиятсиз сезаяпсиз. Мутахассислар бу ҳолат жигар, нафас йўллари, умуртқа поғонаси ҳамда бош оғриқлари сабаб юзага келиши мумкин дейишади.

Жиззакилик

Танадаги оғриқлар, уйқусизлик, бош соҳасидаги безовталиклар, қон босимининг кўтарилиши ёҳуд пастлаши шунингдек овқат ҳазм бўлмаслиги жиззакаликка сабаб бўлиши мумкин.

Қўрқув

Бу хис борасида шифокорлар ва руҳшуносларнинг фикри бўлинади. Бири қўрқувнинг соғлиқ билан боғлиқлиги йўқ деса, бошқаси аксини айтади. Қўрқув нафас йўлларининг сурункали касалликлари, бош оғриқлари, кўриш ва эшитиш қобилияти билан алоқадор ўзгаришларда учраши мумкин экан.

Ҳамма нарсадан зерикиш

Қон айланиш тизимининг бузилиши, ўт қопи, тери ва сочлар билан боғлиқ ўзгаришлар, шунингдек, организмнинг иммун тизими заифлашганида атрофдаги воқеа-ходисаларга нисбатан зерикиш хисси келиб чиқади.

Урушқоқлик

Арзимас нарсаларга ҳам қўлини мушт тугиб, овозини баландлатадиган кишилар бавосил, юрак-қон томир тизими, оёқ томирларининг сиқилиши (спазм), буйрак ва сийдик йўли касалликларига диққат қилишлари лозим. Мутахассислар, айнан мана шу аъзоларда аниқланган хасталиклар жанжалкашликка туртки бўлади дейишади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии