Долзарб мавзулар Абитуриент

​Бехосият уй

Добавлено: 13.02.2017, 16:50

Ҳозир излаётган одамларингиз бу уйда бор-йўғи саккиз йил яшашди

Шаҳодат жуда синчков. Бунинг устига, ўта қизиқувчан. Бир нарса кўзига ажабтовур кўриндими, тамом, шуни миридан-сиригача ўрганмасдан қўймайди. Мана, неча ойдирки, уй изляпти. Вилоят марказида олти йилдан буён сотилмай турган ҳовлининг олдидан ўтиб кетади-ю, унинг эшигига осилган эълондаги рақамларни қайта-қайта теради. Аммо доим “Бу рақам билан вақтинча уланолмаймайсиз” деган ширинсухан хонимнинг овозини эшитади.

Ҳовлининг шундоқ олдида дарахтлар бор. Ташқи томондан қараганда туппа-тузук уй. Дарвозалари ҳам мустаҳкам. Мана шундай уйи бўлишини ижарада яшаб ўтирган қайси киши истамайди, ахир. Охири Шаҳодат шу ҳовлига ёндош уй эгалари билан бир суриштирув ўтказишга қарор қилди.

— Вой, бу ҳовли сотувга қўйилганига олти йил бўлдиёв, — эшикни дарров очган аёл Шаҳодатнинг «Уй эгаларини қандай топсам бўлади» деган саволидан ҳаяжонланиб сўзга тушди.

— Нега ҳеч сотилмаяпти?

— Вой, сиз шу ерликмасмисиз? —аёлнинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди.

Шаҳодат дабдурустдан шу ерликмасмисиз деган сўроқдан ҳайрон қолди.

— Йўқ, яқинда кўчиб келдик. Асли Когонликмиз.

— Тушунарли, — бош чайқади аёл. — Унда киринг, бир пиёла чой устида гаплашамиз, меҳмон, — дея Шаҳодатни уйи томон бошлади.

— Мен йигирма йил олдин шу маҳаллага келин бўлиб тушганман. Ўшанда ҳам бу уйда бирор зоғ яшамасди. Уй ҳам харобадан фарқ қилмасди. Бугун сизнинг кўзингизни ўйнатаётган дарахтларнинг бирортаси йўқ эди. Қайнонам саҳарда туриб дарвоза олдини супуришга чиққанимда қаттиқ тайинлагани ҳамон ёдимда.

— Соҳибахон, ўзингиз ёлғиз чиқманг. Ўғлим ёнингизда турсин. Кейин икки қулоғингизга зиракдек илиб олинг, асло мана бу харобо уй томон ўтманг.

Мен ҳайрон қолганман. Табиийки, турмуш ўртоғимдан қайнонам нега бундай шарт қўйганини сўраганман.

Биласизми, сиз харидор бўлаётган ҳовли бехосият. У ерга ким кўчиб келса, бир балога йўлиққан бўларкан. Мен келин бўлиб келгунимча, уч оила яшаган, бирининг ўғли оддий ари чаққанидан ўлган, бир гал уй ёниб кетган, бир эгасининг эса оёқ-қўли шол бўлиб қолган, — аёл гап орасида ёқасига туфлаб қўйишни унутмади. — Ҳозир излаётган одамларингиз эса ўн беш йилча аввал кўчиб келишди. Ҳамма “Бу уйнинг файзи йўқ, бошингга мусибат тушади” деса ҳам, арзон-гаров олишдими, нима бало, ҳеч кимга қулоқ осишмади. Роса дарахтлар экишди, таъмирлашди, бир йил деганда эпақага келтиришганди, беш яшар ўғилларини шундоқ кўчада машина уриб кетса бўладими... Худо қайғурдики, бола омон қолди. “Биз сизни огоҳлантиргандик” дея қўни-қўшни айтса ҳам, “Пешанада борини кўрамиз”, деб саккиз йил шу ерда яшашди.

Шаҳодат қўрқувдан титрай бошлади. Ҳамсуҳбати айтган ҳар бир воқеа кўз ўнгидан ўтиб, уни ларзага соларди. Ахир юраги тошмас, уч боланинг онаси у ҳам.

— Кейин-чи... — деди у овози титраб. — Наҳот автоҳалокатдан омон қолган бола дунёдан кўз юмган бўлса?

— Йўқ, Мирсодиқ акани пойтахтга ишга чақиришди, шу билан кўчиб кетишди. Аммо уй кўриб турганингиздек сотилгани йўқ. Ким ҳам олади, дейсиз?

Шаҳодат мезбонга раҳмат деганча, катта сариқ рангли қоғозга ёзилган эълон томонга қарамасдан тез-тез юриб кетди.

Уйнниг бехосиятлигини билди-ю, сирини англолмади. Худди бошқалардек.

Уруш йилларида худди шу ҳовли ўрнида раиснинг уйи бўлгани, у бутун қишлоқ очарчиликдан қийналган бир пайтда халқнинг нонини ўғирлаб болаларига едиргани касофати неварасига урганини қишлоқнинг бугунги одамлари билмайди. Иккинчи эгаси зино йўлларига юргани ҳақида ҳам олдингилар билишарди. Учинчиси эса шифокор бўла туриб, беморларнинг чўнтагига қараб, операциялар ўтказган эди. Шу ҳовлини обод қилишга уринган Мирсодиқ ака эса бир одамнинг илтимосини катта пора эвазига битказиб бермоқчи бўлади. Шу куни белгиланган учрашув пайти эса ўғли автоҳалокатга учраб, бу ниятидан қайтади...

Ҳа, одамлар бехосият дея уйни айблашади, унинг деворлари адашган кишиларнинг гуноҳига гувоҳлиги ҳақида эса ўйлаб ҳам кўришмайди.

МУХЛИСА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии