Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Томорқасида “марихуана” етиштирган фуқаро қўлга олинди

Добавлено: 27.02.2017, 15:17

Бугунги кунда юртимиз бўйлаб аҳолини гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолишдан сақлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга оширилмоқда. Шунинг билан бирга наркотик моддаларни етиштириш, олди-сотдиси қонун зид эканлиги, бундай фаолият билан шуғулланганлар жиноий жазога тортилиши белгилаб қўйилган. Лекин ҳаётимизда бу қоидаларни писанд қилмай, осонгина мўмай пулга эга бўлишга интилаётган инсонлар ҳам учраб тургани ажинарли ҳол. Даврон ва Носир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) каби шахслар шундай кимсалардан ҳисобланади.

Даврон қўшимча даромад топиш мақсадида ўзи истиқомат қиладиган ҳовлининг томорқа ерига, таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган, 2 туп «марихуана» ўсимлигини экиб, парваришлайди. Ҳосил пишиб етилганидан сўнг уни йиғиб олиб, келажакда пуллаш мақсадида уйининг бир четига яшириб қўяди.

БИРИНЧИ МИЖОЗ

2016 йил август ойининг бошлари Давроннин уйига таниши Носир кириб келади. Улар дастлаб саломлашиб ҳол-аҳвол сўраган бўлишади. Сўнгра Носир мақсадга кўчади.

— Оғайни сенда ҳалиги “қуруғи”дан борми?

— Нашами? — жавоб қайтарди Даврон.

— Ҳа, шундан керак эди, топишнинг иложи борми?

— Бу дунёда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ.

— Ростданми, илтимос, шу ишда ёрдам бериб юбор.

— Сиз илтимос қиласиз-у, мен рад этаманми? Меҳмонни хафа қилиш ярамайди. Фақат озгина чиқими борда. Биласиз-ку ҳозир мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди.

— Қанча? Нархини эшитайлик-чи. Бир бўлаги 30 000 сўм бўлади. Чўнтак кўтарса, ҳозир муҳайё қилишим мумкин.

— Розиман, олиб чиқавер, сўраган пулингни бераман.

Шундан сўнг мезбон бошқа хонага кириб, қўлида бир бўлак целлофан парчасига ўралган, соф оғирлиги 10 грамм бўлган «Марихуана» гиёҳвандлик моддаси билан меҳмонни олдига қайтиб чиқади.

— Мана қидирган нарсангиз, пулини берсангиз бу сизники. Айтганча, буни ўзи нима қилмоқчисиз, чекасизми ё бирортасига ўтказасизми?

“Ишинг бўлмасин, “Узумини егину боғини суриштирма” деган ўй билан уй эгасига пулни узатиб, Носир ташқарига чиқиб кетади. Уларнинг илк савдоси шундай бошланган эди.

ТАКРОРИЙ ТАШРИФ

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Носир танишини йўқлаб келади. Бу сафар ҳам аввалгидек, 30.000 сўм эвазига ўзига керакли нарсани олиб кетади.

2016 йил 28 август куни 12:00да Давроннинг уйига таниши ташриф буюради. Бу ташрифдан асосий мақсад яна бир бор героин моддасини сотиб олишдан иборат эди. Шу куни бир неча соатдан сўнг Носир қайтиб келади.

— Нима бўлди, тинчликми, бу сафар тез йўқлаб қолдингиз? – сўради Даврон ҳайратланиб.

— Ҳеч нарса, ҳалиги нарсадан яна керак бўлиб қолди.

— Боя олиб кетгандингизку, тезда чекиб тугатдингизми ёки бирор кимга яхшигинага пулладингизми?

— Ҳозир ортиқча гапларнинг ўрнимас. Жуда зарур бўлиб қолди, шунга келдим. Яна битта целлофан бер.

— Хўп, фақат “ҳалиги”си нақдми, мен насияга иш қилмайман.

— Бу ёғидан хавотирланма.

ПОЁНИГА ЕТГАН КЕЛИШУВ

Шундан сўнг хонадон соҳиби меҳмонга сўраган нарсасини беради. Ўз ўрнида Носир ҳам келишилган пулни узатади. Даврон пулларни қуртдай санаётган вақтида қонун ҳимоячилари томонидан қўлига кишан тақилади.

Суд ҳукмига кўра, жиноятчилар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми, 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Шу тахлит яна бир қора оғу савдосига чек қўйилди. Энди жиноятчилар қилган қора қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

Жиноят ишлари бўйича

Боғот туман суди тақдим этган суд ҳукми

асосида Зуҳриддин РАҲМОНОВ тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии