Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Аллергия? Унга «ЙЎҚ» денг!

Бўлимлар: Саломатлик
Добавлено: 13.03.2017, 15:05

Йил сайин ёш болалар орасида озиқ-овқатга аллергия кўпайиб бормоқда. Касалликнинг ривожига тўсқинлик қилиш чораси борми?

Маълумки, бу дард эрта баҳорда авж олади. Озиқ-овқатдан аллергия бирон маҳсулотни қабул қила олмаслик, унга нисбатан организмнинг жавоб реакцияси тарзида кечади. Бу мураккаб иммунологик жараёндир. Қисқа қилиб айтганда, танамизни ёмон таъсирлардан ҳимоялаши керак бўлган моддалар табиатнинг аллақандай хатоси туфайли ўзимизга қарши ҳаракат қила бошлайди. Кураш бошланади, жанг майдони эса, афсуски, бизнинг организмимиздир. Организмнинг бундай хато ҳимоя реакцияси бола туғилган илк кунларданоқ ишга киришиши мумкин. Бунинг сабаблари талайгина:

  • ирсий мойиллик;
  • атроф-муҳит ифлослиги;
  • онада айрим сурункали касалликлар мавжудлиги;
  • бола овқат ҳазм қилиш тизимининг ҳали яхши ривожланмаганлиги;
  • эмизикли онанинг нотўғри овқатланиши;
  • гўдакни жуда эрта сунъий овқатлантира бошлаш...
  • Имкон борича ана шу омилларни бартараф этиш ва болани тўғри овқатлантириш керак.

    Озиқ-овқатга аллергияси бор гўдакни нима билан боқиш керак?

    Аввало, аллергия чақирувчи маҳсулотларни аниқлаб олиш ва болага бермаслик лозим. Шунинг ўзиданоқ аллергиянинг бошланғич босқичларида катта натижаларга эришиш, касаллик ривожини тўхтатиб қўйиш мумкин. Аммо касаллик белгиларининг йўқолиши ҳали буткул соғайди дегани эмас. Белгилар йўқолгани билан организмда аллергияга мойиллик ҳолати сақланиб қолаверади. Шу сабабли шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда бола буткул соғайиб кетгунича парҳезда давом этиш шарт. Қўрқманг, бу боланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмайди. «Айбдор» маҳсулотларни топиш учун она боланинг овқатланиш кундалигини юритиб, унга ҳар куни гўдакнинг қайси маҳсулотдан қанча истеъмол қилганини ёзиб бориши даркор. Қолгани шифокорлар билан бамаслаҳат ҳал этилади.

    Агар бола кўкрак сути билан боқилса…

    Бу ҳолда онага ҳам, болага ҳам омад кулиб боқди деяверинг. Яъни касалликнинг сабабларини аниқлаш ҳам, оқибатларини бартараф этиш ҳам осонроқ кечади. Аммо айрим гўдакларда ҳаётининг илк куниданоқ сутга, ундаги оқсилларга аллергия кузатилади. Албатта, бу ҳол жуда кам учрайди, аммо шифокорлар айни вазиятда ҳам она эмизишдан тўхтамаслигини тавсия этишади. Чунки гўдак учун она сутичалик табиий бошқа озуқа йўқ. Фақат бола иммунологик даволаш курсидан ўтиши керак.

    Эмизикли оналар учун аллергияга қарши парҳез

    Сутли маҳсулотлардан фақат қатиқ, сметана, пишлоқнинг аччиқ бўлмаган турлари тавсия этилади. Аммо онанинг ўзида сигир сутига аллергия бўлса, сут маҳсулотларини таомномадан буткул чиқариб ташлаш керак. Шунингдек, пиёз, саримсоқ пиёз, турп, редиска, ёғли шўрва ва аччиқ зираворлар ҳам тақиқланади. Донлар, макарон маҳсулотлари, буғдой нони ва қанд миқдори ҳам тўртдан бир қисмга камайтирилади. Яъни, сутли бўтқа ва макаронлар ҳафтасига 2-3 марта истеъмол қилиниши, буғдой нонидан эса кунига кўпи билан 250 гр. ейиш мумкин.

    Аралаш овқатлантиришда…

    Баъзида гўдак ҳам она сути, ҳам сунъий сут билан боқилиши мумкин. Мақсад она сути билан боқишни имкон қадар сақлаб қолиш. Бунда кўкрак сутининг ҳар томчиси қадрлидир. Албатта, она аллергияга қарши парҳез тутади. Қўшимча овқат сифатида эса айнан аллергияга қарши сунъий сутлардан фойдаланиш керак.

    Озиқ-овқатга аллергияли болага қўшимча маҳсулотлар бериш

    Вақти келиб, эмизикли гўдак таомномасига қўшимча егуликларни киритишга тўғри келади. Аммо аллергияга мойил болалар учун бу ўзига хос тарзда амалга оширилади. Бола 6-7 ойлик бўлганда сабзавот бўтқаларидан оз миқдорда бериб бошланади. Унутманг, ҳар қандай қўшимча егуликни илк марта оз миқдорда куннинг биринчи ярмида бериб кўрасиз. Шунда кун давомида боланинг янги маҳсулотга реакциясини кузатиш ва зарур чораларни қўллаш имконингиз бўлади. Агар бирон нохуш ўзгариш сезсангиз (тошмалар, ич кетиш ва ҳ.к.), дарров шифокорга мурожаат этинг. Мева бўтқаларини эса 1-2 ой кейинроқ берасиз. Энг гипоаллерген (аллергик реакция чақирмайдиган) мевалар, масалан, олма ва банандан бошланг. Аллергияга мойил болага 1 ёшгача творог ва тухум сариғи бермаслик керак. Гўштли бўтқани эса 6-6,5 ойдан бошлаб берилади.

    Термик ишловдан ўтган (буғда пиширилган, қайнатилган, димланган) маҳсулотлар аллергия чақириш хусусиятини анча йўқотади. Демак, аллергияга мойил болаларга мева ва сабзавотларни аввал термик ишловдан ўтказиб, кейин бериш керак.

    Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади

    Google+
    WhatsApp
    VK
    Telegram

    Комментарии

    Мутолаа

    СУҒДИЁНА