Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​“Отамнинг руҳи икки марта асраб қолди”

Добавлено: 15.03.2017, 16:16

“Машинанинг олд ойнасини синдириб, учиб чиқиб, ерга урилдим”

Бу воқеани менга санаторияда даволанаётганимда хонадош аёл гапириб берганди.

Тиббиёт ходими бўлганим учунми, қайта тирилиш, руҳнинг танадан танага кўчиб юриши каби воқеаларга ишонмасдим. Бу нарсаларни одамларнинг ўзи ўйлаб топган чўпчак деб ҳисоблардим. Аммо бошимга тушган фалокат барча тасаввурларимнинг оёғини осмондан қилди. Турмуш қурганимиздан кейин бу дунёда эрим иккаламиздан бахтли одам йўқ эди. Бизнинг бахтимизга ҳеч ким рахна сололмайдигандек, иродамизни бука олмайдигандек туюлар, муҳаббат бизга битмас туганмас куч-қудрат ато этганди. 14 декабрь, тўйимиз бўлган кунни нишонлаш учун эрим билан кафега йўл олдик. Эрим рулга, мен эса унинг ёнига ўтирдим. Йўлдаги чорраҳалардан бирида тезликда келаётган машина тўғри бизнинг устимизга учиб келаётганини кўрган эрим, тормозни босишга улгурмади ва биз катта тезликда келаётган машинага урилдик. Машинанинг олд ойнасини синдириб учиб чиққаним ёдимда, ерга урилдим, аммо оғриқни ҳис қилмадим. Кўзимни базўр очиб, асфальтда ётганимни кўрдим. Орадан бир неча сония ўтгач, мен томонга югуриб келаётган отамга кўзим тушди. Отам бу ерда нима қилиб юрибди, деб ўйладим. Шу пайт уларнинг бундан бир неча йиллар муқаддам вафот этгани эсимга тушди, у мени қўлимдан тортиб қаергадир судрарди. Автофалокатга учраган бўлсам, нега ҳеч қаеримга ҳеч нима қилмаган деб ўйладим, отамнинг ортидан эргашиб кетар эканман. Шу пайт отамнинг эримни қутқариш ҳақидаги гаплари хаёлимни тўзғитиб юборди. Биз отам билан бирга ағдарилиб ётган машина олдига югуриб бордик. Биргаликда машина ичидан беҳуш ётган эримни тортиб олдик, уни оёққа турғизиб, машинадан бир неча метр нарига олиб ўтдик.

Отам эрим иккаламизни йўл четида қолдирди.

– Буёғига ўзим кетаман, сизларга мумкин эмас, – деди у биздан узоқлашар экан. Мен дод-фарёд қилиб, кетмаслигини, биз билан қолишини илтимос қилиб, йиғлашга тушдим. Аммо у менга қулоқ солмай, йўлида давом этди...

Кўзимни очганимда касалхонада ётардим. Кўрганларимнинг ҳаммасини туш деб ўйладим. Бирор соатлардан кейин эрим қўшни палатада ётганлигини, автофалокатдан кейин машина портлаб кетганини, эрим иккаламизни машинадан узоқда, йўл четидан топишганини билиб олдим. Аммо энг даҳшатли воқеани кейин эшитдим. Мен ҳомиладор бўлган эканман, ҳомилам нобуд бўлибди. Тухумдонларимдан бирида пайдо бўлган ўсимта ёрилиб кетганлиги сабабли, шифокорлар мени омон сақлаш мақсадида тухумдонлардан бирини ва бачадон найчасини олиб ташлашибди. Энди она бўлолмасам керак деб, ўлиб кетмаганим учун аччиқ кўз ёш тўкдим.

Касалхонадан чиққанимиздан кейин эрим ҳам, мен ҳам камгап, одамови бўлиб қолгандик. Энди уйимизда аввалги кулги овозлари янграмасди. Бундай аҳволда яшаш менга оғирлик қилди. Эримга ажрашишни, фарзанд кўриш учун бошқа аёлга уйланишни айтдим. Мен учун яшашдан маъно қолмаганди. Аммо эрим мени эшитишни ҳам истамади, у ҳам тушкунликка тушиб қолганидан ҳали туғилмай нобуд бўлган гўдагимиз ортидан кетишни таклиф қилди. Эртаси куни машинага ўтириб, гўёки шаҳар айланаётган одам бўлиб, машинани уриш учун қулай бўлган бетон устунларни излай бошладик. Шундай жойни топиб, уйга қайтдик. Дастурхон тузаб, сўнгги бора овқатландик, чиройли кийимларимизни кийиб, тунда йўлга тушдик. Суиқасд уюштиришни мўлжаллаган жойимизга етишимизга бир неча метр қолганда, орқадан кучли ёруғлик тушди. Эрим қўрқиб кетганидан, тормозни босиб, орқага ўгирилди. Мен ҳам ортимга ўгирилиб, отамни кўрдим. У бизга вазиятдан чиқиш учун танлаган йўлимиз нотўғрилигини тушунтира бошлади. Агар бизга бирор кор-ҳол бўладиган бўлса, оналаримиз бу дардни кўтара олмаслигини, улар ҳам бизнинг ортимиздан кетиб қолиши мумкинлигини айтиб, уйга қайтишимизни буюрди. Атроф янада ёруғлашиб кетгандан кўзимизни маҳкам юмиб олдик, очганимизда эрим иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Қўрққанимиздан яна қанча вақт машинада ўтирганимизни билмадик, тонг ёришай деганда уйга қайтдик. Бу воқеадан кейин эрим билан бола асраб олишга, топган-тутганимизни етимхоналарга хайрия қилишга қарор қилдик…

Шундан кейин етимхонадан қиз чақалоқ боқиб олдик. Ҳаётимиз изига туша бошлади. Кунлардан бир кун кўнглим айниб, ўзимни беҳол ҳис қилдим. Эрим мени касалхонага олиб борди. Текширувлардан кейин икки ойлик ҳомилам борлигини эшитиб, бошимиз кўкка етди. Врачлар буни ҳақиқий мўъжиза деб аташди. 14 декабрь, тўйимиз бўлган куни ўғилчали бўлдик. Илк бора унга назар ташлаганимда, унинг кўзларида отамни кўрдим...

Лола Шоимова

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

02.04.2017, 15:58
Allohning mo'jizasi