Долзарб мавзулар Абитуриент

​Сиз билан суҳбатлашиш ёқимлими?

Бўлимлар: Lady
Теглар:
Добавлено: 16.03.2017, 12:31

Шундай кишилар борки, улар билан бир марта гаплашсангиз, кўнглингиз суҳбатига ошуфта бўлиб қолади, оҳанграбодек ўзига тортади. Айримлар билан эса бир неча дақиқалик учрашув ҳам зерикарлидан зерикарли ўтади. Яна бир тоифа борки, қачон гапи тугаркан, дея оғзига қараб турасиз. Хуллас, бу гал сизга тақдим этилаётган тест орқали ўзингизнинг қандай суҳбатдош эканлигингизни аниқлаб олишингиз мумкин.

1. Суҳбат жараёнида асосан қайси ролдасиз: тингловчими ёки сўзловчи?

А. «Тингловчиман. Бу билан ҳам сирларимни асрайман, ҳам кўпроқ маълумотга эга бўламан».

Б. «Менга кўпроқ гапириш ёқади».

В. «Ҳар доим ҳар хил. Вазият, кайфият, суҳбатдошимнинг кўнглим, дунёқарашимга яқинлигига қараб йўл тутаман».

2. Айтайлик, умуман танимаган бегона киши билан сафарда ҳамроҳсиз. У билан суҳбатлашиш учун доим мавзу топа оласизми?

А. «Камдан-кам ҳолларда. Одатда ўзи гап бошласа ҳам, суҳбатни давом эттириб кетишим мушкул».

Б. «Албатта, бу менга муаммо эмас! Нотаниш кишилар билан гаплашиш яна-да қизиқ-ку!»

В. «Бу ўша вақтда юз берган воқеа-ҳодисалардан таъсирланишимга боғлиқ. Масалан, ёмғир ёғаётган бўлса, шу мавзуда сўз очишим мумкин».

3. Жон куйдириб нимадир ҳақида гапираяпсиз, аммо қарасангиз, сизни ҳеч ким (у) тингламаяпти. Бундан жаҳлингиз чиқаётганини намоён қиласизми?

А. «Бундай вазиятларда асабийлашмайман».

Б. «Кайфиятимга боғлиқ. Агар асаб торларим тортилиб турган бўлса ва ҳамма учун муҳим гапларни гапираётган бўлсам, албатта, буни билдириб қўяман».

В. «Тез-тез шунақа ҳол юз беради ва мен эътиборсиз суҳбатдошимга кайфиятимни ошкор этаман».

4. Атрофингиздагиларга маслаҳат беришни яхши кўрасизми?

А. «Баъзан тажрибам билан ўртоқлашганим ёқади».

Б. «Жуда ҳам!»

В. «Йўқ, кимгадир ақл ўргатадиган одатим йўқ!»

5. Сиз эътиборли суҳбатдошмисиз?

А. «Шак-шубҳасиз, ҳа!»

Б. «Менинг феълимга бу таъриф мос эмас, назаримда».

В. «Агар менга қизиқ мавзуда гапираётган бўлса, ўша одамни жон қулоғим билан эшитаман».

6. Сизга ёқмаётган, умуман қизиғи бўлмаган мавзуда сўзлаётган одамни гапиришдан тўхта оласизми?

А. «Йўқ, беодоблик қилган бўламан-ку».

Б. «Ҳа! Сафсаталарни эшитишга бекорчи вақтим йўқ менинг».

В. «Бу суҳбатдошимнинг кимлиги, мен учун қанчалик яқин ва аҳамиятли инсонлигига боғлиқ».

7. Сизга давраларда ёки ишхонада диққат марказда бўлиш ёқадими?

А. «Ҳа, агар бу ҳолат кайфиятимга ҳамоҳанг бўлса».

Б. «Йўқ, ҳамманинг кўзи ва қулоғи менда бўлганида ўзимни жуда ноқулай сезаман».

В. «Ҳа, эътибордан куч олиб, ўзимни жуда яхши ҳис қиламан».

8. Сиз маълумотга эга бўлмаган мавзуда гапираётган кишини ҳам қўллаб-қувватлайсизми?

А. «Йўқ. Билмаган нарсаларим ҳақидаги фикрларни жимгина эшита қоламан».

Б. «Ҳа, ахир ёниб гапираяпти, нимадир дейишим керак-ку!»

В. «Бу саволга жавоб беролмайман».

9. Ўзингизни чуқур билимга эгадек ҳис қиладиган давраларингиз борми?

А. «Ҳа, аммо кўп эмас, 2-3 танишимнинг ёнида, холос».

Б. «Ҳа, кўпчилик билан суҳбатлашганимда бунга амин бўлганман».

В. «Йўқ».

10. Муҳокама қилинаётган ҳар бир мавзуга фикрингизни билдирасизми?

А. «Албатта!».

Б. «Йўқ, доим ҳам эмас!»

В. «Ҳамма мавзуга қўшилиб, бўлар-бўлмасга гапиришни ёқтирмайман».

Жавобларни ҳисоблаймиз

№ 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10

А 2 0 0 2 2 0 1 0 1 2

Б 0 2 1 0 0 2 0 2 2 1

В 1 1 2 1 1 1 2 1 0 0

Натижалар

17-20 балл: жуда киришимлисиз, аммо...

Ҳа, сиз жуда гапга чечан кишисиз. Кўпчилик олдида, хоҳ улар қадрдон бўлсин, хоҳ нотаниш, ўзингизни бемалол тутасиз. Тил топишишга ҳам устасиз. Сиз билан киши зерикиш нималигини унутади. Баъзида бу ёқимли, бироқ ҳар доим эмас. Гоҳида бир гапга тушсангиз, нуқтани унутиб қўясиз. Иккинчи томонга гап бермаслигингиз яхши одат эмас. Бўлмаса, сўзамоллигингиз маҳмадонликка айланиб, одамлар сиздан қочишга жой қидириб қолишлари ҳеч гапмас. Шунинг учун тинглашни, кези келганда сукут сақлашни ўргансангиз, фойдадан ҳоли бўлмайди. Яна бир маслаҳат, баҳс-мунозараларда ким доирани қаттиқ чалса, ўшанинг ноғорасига ўйнаб кетманг. Аввал ўз фикрингизга эга бўлинг, кейин уни баён этинг. Шундагина атрофдагиларда ижобий таассурот қолдирасиз.

7-16 балл: эътиборлисиз...

Тўғри, сизни жуда киришимли санаб бўлмайди. Аммо суҳбат одоби борасида ижобий хислатларингиз бор. Айниқса, суҳбатдошингизга илтифотли ва эътиборлилигингиз, бегона давраларда ўзингизни рисоладагидек тутишингиз, ҳар нени гап деб оғиз жуфтламаслигингиз таҳсинга сазовар. Тўғри, кайфиятингиз йўқ бўлса, париншонхотир бўлишингиз ёки қовоқларингизни уюб олишингиз мумкин. Бунинг учун ўзингизни айбламанг, сохта мулозамат қўлингиздан келмайди-да. Битта маънисиз гапни айлантириб гапираверадиганларга нисбатан шундай қилишга ҳам мажбур бўласан киши. Агар бирор яқинингиз билан бу ҳолат юз бераётган, яъни унинг гаплари юрагингизга сиғмаётган бўлса, чиройли қилиб кейинроқ бу мавзуга қайтишини илтимос қилинг.

6-0 балл: камгап ва тортинчоқсиз...

Сиз нафақат нотанишлар орасида, балким яқинларингиз даврасида ҳам кўпинча мум тишлаб ўтирасиз. Ўнта гапга битта жавоб қайтаришингиз жуда камгап, камсуқум ва тортинчоқлигингиздан дарак. Бир ўйлаб кўринг, булар заминида қўрқув ётмайдими? Ўзингизга бўлган ишончнинг жуда пастлигидан «ҳозир нимадир десам, менга ишонишадими? Барибир, қабул қилишмайди гапимни» деган ҳадигингиз борми ё? Ёхуд «оч қорним, тинч қулоғим» қабилида ҳар қандай вазиятда ҳам тилингизни тишлаб ўтираверасизми? Мана шу саволларга жавоб излаб кўринг ва зарурат туғилса, мутахассис билан ишланг. Бўлмаса, сиз учун қарор қабул қилашаверишади. Тинглаш, хўп дейиш яхши, ўз фикрини билдириш эса асло одобсизлик эмас.

Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии