Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Эзгулик ҳақида қулоққа чалинган гаплар

Бўлимлар: Дунё
Теглар:
Добавлено: 17.03.2017, 10:09

Кимгадир яхшилик қилиш, эзгулик улашиш одамдан кўп нарсани талаб этмайди. Қуйида қулоққа чалинган гаплар эса буни тасдиқлайди. Уларни ўқигандан кейин сизда ҳам кимгадир яхшилик қилиши истаги пайдо бўлиши табиий ҳолдир, деб хабар берди Аdme.ru нашри.

  • Дугонам ўғли билан кинога кетаётган экан. Бола реклама варақалари тарқатаётган қизларнинг олдига бориб, гўёки бу варақалар ҳаёт-мамот масаласини ҳал этадигандай сўраб, йўл-йўлакай варақаларни йиғиб борибди. Дугонам “Ўғлим, буларни нима қиласан?” деб сўрабди. “Ҳеч нима қилмайман, ойижон. Қарасам, ҳеч ким реклама варақаларини олмагани туфайли қизлар хомуш турган экан. Уларнинг озгина бўлса ҳам кайфиятини кўтариш учун олдим”, деб жавоб берибди бола.

  • Ёшим 18 да, совуқ қиш оқшомларидан бирида уйга шошилиб, тўхтаб турган таксилардан бирига ўтирдим. Ҳайдовчининг олдидаги ўриндиққа ўтирганимда, орқада яна икки нафар йигит ўтирганига кўзим тушди. Улар қаерга кетаётганимни сўрашди, манзилимни эшитиб, “биз ҳам шу ёққа кетяпмиз, йўлимиз бир экан”, деб жавоб беришди. Ёнимда пулим камлигидан уларнинг мен борадиган жойга кетаётганликларидан хурсанд бўлдим. Йўлкирани бўлиб тўлаймиз, деб ўйладим. Такси мени керакли жойга олиб келганда, улар таксидан тушишди. Мен ҳам энди ўрнимдан қўзғалган эдим, таксичи қўлимдан маҳкам ушлаб, яна жойимга ўтқазди ва газни босиб, таксини олдинга ҳайдади. Қўрққанимдан қичқириб юбордим. Аммо таксичи бироз йўл юргач, яна орқага қайтди. Тушмоқчи бўлган жойимга келганда нотаниш йигитлар кетиб бўлганди. Мен шундан кейингина таксичи мени номаълум йигитларнинг ҳужумидан асраб қолганлигини тушундим. Унинг айтишича, йигитларнинг ўзини тутиши уни шубҳалантирган экан.
  • Ҳар тонгда ишга кетаётганимда, метро ёнидаги қаҳвахонадан қаҳва сотиб оламан. Қаҳвахонадан чиққанимда йўл бўйида кўксига орден-медал тақиб олиб, гармон чалиб ўтирган отахонга кўзим тушди. У ҳар куни эрталаб шу ерда ўтирар, ўтган-кетган унга пул ташлаб ўтарди. Унга раҳмим келди, энди ҳар тонгда қаҳва сотиб олиш учун ишлатадиган пулимни унга берадиган одат чиқардим. Қария эса менга сўрғич конфет совға қилди ва “Бу оддий конфет эмас, балки сеҳрли конфетдир. Уни оғзингга солишдан олдин нимани ният қилсанг, ҳаммаси амалга ошади”, деди. Ният қилдим, у албатта амалга ошишини кутяпман, орзиум рўёбга чиқишига ишонаман...
  • Ишда ушланиб қолиб, уйга кетиш учун таксига ўтирдим. Мудраб кетаётганимда қоронғи йўлда шамолдай елиб кетаётган таксининг бирдан тормоз бериши ўтакамни ёриб юборди. Таксичи машинадан тушиб, йўлнинг ўртасида бир-бирининг пинжига тиқилиб турган типратиканларни четга олиб қўйди. Унинг меҳрибончилигидан кўнглим ёришиб кетди...

  • Нон олиш учун дўконга кирдим. Ноннинг пулини тўлаш учун кассага навбатда турганимда, дўконга бурнидан қон оқаётган бола югуриб кириб, “ёрдам беринг!” деб бақирди. Боланинг айтишича, уни бир нечта номаълум шахслар калтаклаб, телефонини олиб қўйибди. Бола босқинчилардан қутулиш учун дўконга ўзини урган экан. Дўкон ходимларининг болага ёрдам бериш учун баҳамжиҳат ҳаракат қилгани мени ҳайратга солди. Ходимлар болани ҳимоя қилиб, эшикни тўсишга ҳаракат қилди, сотувчи аёл эса полицияга қўнғироқ қилиб, боланинг юзини ювди, ота-онасига қўнғироқ қилиш учун телефонини бериб турди. Бир-нечта харидорлар эса полициячиларга гувоҳлик беришга тайёрлигини билдирди.
  • Мен яшайдиган кўп қаватли уйда асосан нафақага чиққан қариялар яшайди. Улар ёшликларида заводда ишлаганликлари туфайли, ишхона томонидан квартира берилган. Қарияларнинг барчаси деярли тенгдош, улардан бирининг набираси Юра 35 ёшда бўлишига қарамай, тадбиркорлиги туфайли анча-мунча пулдор одамга айланган. У ҳар ойда бир марта ёрдамчилари билан келиб, квартираларни айланади. Эшик қўнғироғини босиб, “Бувижонлар, Темур ва унинг командаси келди!” деб қичқиради. Барча кекса аёллар ўзларига зарур бўлган озиқ-овқат рўйхатини беришади ва эркак киши бажариши лозим бўлган юмушни кўрсатишади. Набира рўйхатга киритилган барча нарсаларни сотиб олади, таъмирлаш ишларини бажаради. Мазкур қариялар ёлғиз ёки бефарзанд эмас, Юра шунчаки, чин кўнгилдан уларга ёрдам беришни истайди ва беҳараз ёрдам беради.
    • Автобусга чиқдим, ёнимга бир қўли гипс қилинган 20-25 ёшли йигит келиб ўтирди. У йўл бўйи чалкашиб кетган қулоқчин (наушниги)ни очиб, қулоғига тақишга ҳаракат қилди, аммо буни бир қўли билан эплай олмади. Мен қулоқчинни унинг қўлидан олиб, тортиб ёздим ва қулоғига тақишга ёрдам бердим. Йигитнинг лабига табассум югуриб, менга раҳмат айтди.
    • Маршруткага ўтирганимда ўриндиқда букланиб ўтирган аёлга кўзим тушди. Ундан нима бўлганлигини сўрадим, аммо аёл жавоб беришга куч тополмади. Ўтирганларнинг ҳаммаси ўрнидан туриб, тушиб кетди. Ҳайдовчи билан бирга уни касалхонага олиб боришга қарор қилдик. Ундан қариндошларининг телефон рақамини сўраганимда, инсультга чалинган турмуш ўртоғидан бошқа ҳеч кими йўқлигини базўр тушунтирди. Аёл касалхонага еткунча, қўлидан ҳамёнини қўймади. Касалхонага борганда шифокорлар унинг инсультни бошдан кечирганини, вақтида олиб келингани туфайли ҳаёти сақлаб қолинганини маълум қилишди.
  • Google+
    WhatsApp
    VK
    Telegram

    Комментарии