Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Психотроп моддалар сотиш билан шуғулланган дорихоналар фош этилди

Бўлимлар: Жиноят
Теглар: Жиноят
Добавлено: 18.04.2017, 16:52

Бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган фуқароларга барча давлат идоралари томонидан беминнат ёрдам кўрсатилмоқда. Бошланғич маблағи бўлмаса, имтиёзли кредитлар, ер-жой ва фойдаланилмаётган бино-иншоотлар тадбиркорлар ихтиёрига берилаётир. Бундан унумли фойдаланиб, тўғри иш юритаётган тадбиркорларимиз оиласи фаровонлиги ва моддий эҳтиёжларини таъминлаш билан бирга давлатимиз иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Гуруч курмаксиз бўлмайди

Бироқ, айримлар берилаётган имтиёзлардан фойдаланишга фойдаланаяптию, фаолияти давомида қонунларимизни четлаб ўтиб, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймоқдалар. Баъзи ишбилармонлар белгиланган қоида ва меъёрларга амал қилмаса, бошқалари солиқ тўлашдан қочиб, даромадларини яширган ҳолда ўзларига муаммо орттирмоқдалар. Масалан, Рустам Авазов ва унинг шериклари ҳам уч-тўрт сўм фойда кўраман деб жиноят кўчасига кириб қолди ва эл-юрт олдида юзлари шувут бўлди.

Рустам Авазов 2010 йилда тадбиркорлик билан шуғулланаман, оиламнинг моддий имкониятларини яхшилайман, деб “Анора Р” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, унинг балансида дорихона очади. Дорихонага ўғли Даврон Авазовни директор қилиб тайинлайди, ўзи эса таъсисчи сифатида иш олиб боради. Шу тариқа “Анора Р” МЧЖ иш бошлайди.

Тартибни бузган “доришунос”

Орадан бироз вақт ўтиб, Рустам Авазов томонидан дорихоналар фаолияти, мазкур соҳадаги паст-баландликлар ўрганиб чиқилади ва “Феназепам” таблеткасини сотиш орқали яхши фойда олиш мумкинлиги ойдинлашди. Шундан сўнг у белгиланган қоидаларга зид равишда, қонунни четлаб ўтиб, “Феназепам” таблеткасини ўзининг танишлари орқали олиб келиб, дорихонада сотишни йўлга қўяди.

Жамиятимизда белгиланган тартибларга кўра, психотроп моддаси бор дорилар қатъий равишда шифокор тавсияси ва йўриқнома асосида сотилиши керак. Гиёҳванд воситалари ва психотроп моддаларини бемалол сотиш қонунга зид ҳисобланади ва буни барча соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, шу жумладан, дорихоналар хизматчилари ҳам жуда яхши билишади. Бироқ билган бошқа, билиб қонунга амал қилмаслик бошқа экан.

Р.Авазов ҳам “Феназепам” таблеткасини сотиш таъқиқланганини била туриб, ўзининг таниши бўлган М.Абдуазимовдан у истеъмол қиладиган “Феназепам” таблеткаларини бошқа бир мижозга сотиш мақсадида, “сизга кейин ўзим топиб бераман”, деб сўраб олади.

Таркибида гиёҳванд модда бўлган...

Маълум вақт ўтгандан сўнг қайд этилган мижоз Зангиота туманида жойлашган Р.Авазов раҳбарлигидаги дорихонага келади ва ундан 10 дона юқорида номи айтилган дорини 8 минг сўмга сотиб олади. Аммо дорихона эгаларидан дорининг тааллуқлилик ҳужжатини сўраганида, бу дорини сотиш тақиқланганлиги, шунинг учун дорини истеъмол қилиш тартиби ёзилган қоғози бўлмаслигини айтишади.

Унда бу дориларга нисбатан шубҳа пайдо бўлади ва у таблеткаларни текширтириб кўриш учун Миробод тумани ИИБ ходимларига ариза билан мурожаат қилади. “Феназепам” таблеткалари текширилгандан сўнг ИИБ ходимлари бу дорининг шифокор тавсияси билан сотилиши лозимлигини ва унинг таркибида гиёҳванд моддалар борлигини айтишади.

Шундан сўнг, ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ходимлари гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказаётган кимсаларни аниқлашга киришишади. “Анора Р” МЧЖ тасарруфидаги дорихона мижозининг аризаси асосида амалга оширилган чора-тадбирлар давомида “Анора Р” МЧЖ дорихонаси ходимлари бўлган Р.Авазов ва Д. Иркаева қонунга хилоф равишда психотроп моддаларни сотишда айбланиб қўлга олинади.

Жиноятга жазо муқаррар

“Анора Р” МЧЖ дорихонасини тинтув қилиш вақтида дорихона стол тортмасидан “Феназепам 1 мг” ёзувли 14 дона қоғоз қутисида бўлган, жами 140 дона таблеткалар, шкаф ичидан 3 дона елим идишдаги суюқ моддалар, 1 дона полиэтилен кичик пакетда бўлган пластмассасимон оқ сариқ рангдаги модда, қоғозга ўралган яшил рангдаги кукунсимон ноқонуний моддалар топилади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЭКМ нинг хулосасига кўра, мижоз томонидан тақдим этилган дориларнинг психотроп модда эканлиги аниқланади. Р. Авазовдан олинган 2 та дори ўрамига жойлаштирилган 10 дона дори таркибида психотроп моддаси бўлиб, номига мос келиши, завод қадоғига кўра, бир дона доридаги “феназепам”нинг оғирлиги 0,001 грамм бўлиб, бу 20 дона доридаги “феназепам”нинг оғирлиги 0,02 граммга тенглиги аниқланган. Рустам Авазовга ушбу дориларни етказиб берган Мўминхон Абдуазимов жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланади.

Тақиқланган дори воситаларини сотишдан ташқари “Анора Р” МЧЖ балансидаги дорихона ходимлари нақд пулга сотилган дори воситаларини назорат-касса машинасига кирим қилмасдан даромадни яширишга уринганликлари аниқланди. Улар 2014-2016 йиллар давомида 227.918.100 сўм миқдоридаги нақд пулни назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилмасдан савдо қоидаларини қўпол равишда бузиб келганлар.

Кўпроқ даромад кўраман деб қинғир ишга қўл урган бу шахсларнинг ҳам қилмишлари фош этилди. Суд ушбу жиноят ишини ҳар томонлама холис кўриб чиқиб, жиноятчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 189- ва 273-моддалари асосида айбдор деб топилди ва тегишли тартибда жазога тортилди.

БЕК

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа

СУҒДИЁНА