Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Давсувинспекция” ташкил этилади

Бўлимлар: Жамият
Теглар: сув
Добавлено: 20.04.2017, 11:17

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.

Республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини самарали эксплуатация қилиш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди. “Давсувинспекция” Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекциялари билан биргаликда ташкил этилади.

Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари ҳамда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

сув таъминоти ва канализация ташкилотлари томонидан технологик жараённи такомиллаштиришга ва энергияни тежашга йўналтирилган сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг техник аудитдан ўтказилиши;

сув таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя этилиши, сув таъминоти ва канализация тизимига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик;

сув таъминоти ва канализация тизими объектларининг ҳолати ва уларни ишлатиш шарт-шароитлари, сув таъминоти ва канализация тизимидаги бузилишлар ва аварияларнинг профилактикаси ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг амалга оширилиши, ичимлик суви йўқотилишининг белгиланган нормаларига риоя этилиши;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ерости сувлари қудуқларининг ҳолати ва уларни ишлатиш шарт-шароитлари юзасидан давлат назоратини амалга ошириш.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциялари “Давсувинспекция”га бевосита ҳисобот берадилар, “Давсувинспекция” бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади ва ўз мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

Фармоннинг тўлиқ матни билан ЎзАда танишиш мумкин.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Ўхшаш