Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Ўзбекистонда янги вазирлик ташкил қилинади

Бўлимлар: Жамият
Теглар: Вазирлик
Добавлено: 20.04.2017, 11:33

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.

Республика аҳолисининг сифатли уй-жой коммунал хизматлари билан қамраб олинишини тубдан яхшилаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида барча ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги уйғунлашган технологик занжирини шакллантириш асосида уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларнинг сақланиши талабларига риоя этилиши устидан техник назоратнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини ошириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил қилинади.

Фармонга кўра, янги вазирлик таркибида Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳамда уларнинг туманлар (шаҳарлар)даги бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Уйжойфондинспекцияси”) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий инспекциялари, шунингдек “Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси (ДУК) ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил қилинади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

кўп хонадонли арзон уйлар қурилиши бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, кўп хонадонли арзон уйлар, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектлари қурилиши бўйича буюртмачи функцияларини амалга ошириш, эски ва авария ҳолатидаги уй-жойлар бузилишини ташкиллаштириш;

кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, шу жумладан, кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини ташкил қилиш;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини аниқлаш бўйича талабларга, кўп хонадонли уйларни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва нормаларига, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланишига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

сув таъминоти ва канализация объектларини, иссиқлик таъминоти тизимларини аҳоли пунктларини ривожлантириш схемалари ва бош режалари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш, модернизация ва реконструкция қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг сифатли бажарилишини ташкиллаштириш, мазкур соҳа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқарувини таъминлаш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига ресурс ва энергия тежайдиган технологиялар ҳамда ускуналарни татбиқ этиш, жумладан, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини замонавий ҳисоблаш ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш, қурилиш-монтаж ишлари таннархининг пасайишини таъминлайдиган маҳаллий замонавий ва сифатли қурилиш материаллари ҳамда буюмларини кенг қўллаш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишнинг замонавий шакл ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматларга тариф сиёсатини шакллантириш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, ўқув стажировкаларини чет элларда ўтказишни назарда тутган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотлар, идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси жорий этилишини назарда тутиш.

Фармоннинг тўлиқ матни билан ЎзАда танишиш мумкин.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии