Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​Яккасарой туман ҳокимлигида мурожаатлар билан ишлаш тўғри ташкил этилмагани аниқланди

Бўлимлар: Жамият
Теглар: Тошкент, ҳоким
Добавлено: 21.04.2017, 16:06

Сайёр қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳа раҳбарларига мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имкониятига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан ташкил этилган очиқ мулоқотда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, марказий идора ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва Яккасарой тумани ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилдилар. Қўшимча ўрганиш зарур, деб топилган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани аҳолисидан 2017 йилнинг 20 апрель ҳолатида жами 6 654 та мурожаат келиб тушган.

Уларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг тамирга мухтожлиги юзасидан масаласи бўйича 1 094 та мурожаат (16,4%), банк-молия ва солиққа тортиш масалалари бўйича 581 та мурожаат (8,7%), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши бўйича 514 та мурожаат (7,7%), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича 385 та мурожаат (5,8%), фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш, паспорт олиш ва пропискага ўтиш масалалари бўйича 354 та мурожаат (5,3%), суд қарорларининг ижро этилиши масалалари бўйича 317 та (4,8%), меҳнат ва бандлик масаласи, шу жумладан ишга жойлашиш ва ишга тикланиш масалалари бўйича 252 та мурожаат (3,8%) ва бошқа масалалр бўйича келиб тушган.

Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, бу рақамлар бир томондан халқимизнинг давлат ҳокимияти ва қонун устуворлигига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат берса, иккинчи томондан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул шахсларининг халқдан, уни қийнаб келаётган муаммолардан узоқлашиб қолгани, мурожаатлар билан ишлаш соҳасига етарли даражада эътибор қаратмагани каби салбий омиллар чуқур илдиз отиб кетганини кўрсатади.

Мурожаатларнинг 2 177 тасини бевосита Яккасарой тумани ҳокимлиги ваколатига тааллуқли масалалар ташкил этади. Туман ҳокимлигида мурожаатлар билан ишлаш тўғри ташкил этилмагани, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрлар жалб этилмагани ҳамда таҳлил ишлари йўлга қўйилмагани оқибатида фуқароларнинг шикоят ва аризаларига қонунда белгиланган муддатда жавоб бериш шартлари бузилишига йўл қўйилмоқда. Мисол учун, ҳозирги кунда 145 та муддати ўтган мурожаат мавжуд бўлиб, шундан 42 таси 2016 йилдан қолдиқ бўлиб ўтган, 103 таси эса жорий йилнинг январь, февраль ва март ойларида келиб келиб тушган.

Очиқ мулоқотда туманда мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг ичига чуқур кириб бориш, уларни тинглаш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар кескин танқид қилинди. Одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушни таъминлаш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларни бартараф этиш учун жон куйдириш, барча ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклигига эътибор қаратилди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии