41

​«Қайнона қайнамаса, келин айнимайди»ми?

ШОУ-БИЗНЕС 29.05.2017, 15:29
Теги: Шоҳруҳхон, Асал Шодиева, Келин
12383
​«Қайнона қайнамаса, келин айнимайди»ми?

«Қайнона қайнамаса, келин айнимайди» деган нақлни кўп эшитамиз. Саҳифани бу мақол билан бошлашимиз ҳам бежизга эмас. Келинг, бу ҳақда таниқли режиссёр, уч ўғилнинг онаси, икки келиннинг қайнонаси ва бир набиранинг меҳрибон бувижониси Зебо НАВРЎЗОВАдан сўраб кўрамиз.

ИЧКИ ҚОНУНЛАР БИЛАН ТАНИШАМИЗ

– Ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Парданинг бу томони ташқаридан келган инсонга кўринмайди. Шуни инобатга олган ҳолда қайноналар келинга тушунтириб, янги муҳитга мослашишига кўмаклашишлари лозим. Ўз навбатида келин ҳам маслаҳатларни тўғри қабул қилиши керак.

«КЕЛИНЛАРНИ СИНАШ КЕРАК!»

– Ҳар бир она, кези келганда, фарзандини ҳам синаб туради. Келинлар ҳам ўз боламиз. Шунинг учун имтиҳонимиздан улар ҳам ўтишга мажбур. Ахир ўргатганларимиз қулоғига кирдими, қўлидан келадими, йўқми билиб олишимиз керак-ку. Масалан, ўзим келинларимни кўп бора синовдан ўтказганман. Хонадонимизда бир қонун бор. Ҳар қандай шароит ва кайфиятда ҳам инсон, албатта, кулиб туриши шарт. Чунки ишдан чарчаб келган инсон ана шу таббасумга қараб чалғийди. Бу борада катта келиним Хуморахонни ва Асални ҳар ҳил вазиятлар билан текшириб кўрганман. Ҳар иккалалари ҳам имтиҳондан аъло баҳо билан ўтишганидан ҳурсандман.

ОВСИНЛАРНИНГ РАШКИ...

– Хонадонга янги келинчак тушганда истасак, истамасак катта келинларда бироз қизғониш, «меники» деган ички кечинмалар ўтиши аниқ. Бошқа киши келгандан кейин, албатта, ишлар ҳам, диққат-эътибор ҳам иккига бўлинади. Бу пайтда қайнона вазиятни ўз қўлига олиши шарт. У овсинларнинг ўртасидаги нозик ришталарга путур етказмаслигига, улар опа-сингилдек қадирдон бўлишига масъул, назаримда. Қайнонажонларга бу жараёнда осон тутманг. Чунки артистлик қилиб, уларни бир-бирига яхши кўрсатиш, меҳр ва эътиборни ҳам икки барабар ошириш, овсинларга бир-бири ҳақида яхши гапларни айтиб, мақташ керак!

«ҚИЗЛАРИМИЗГА ТЎҒРИ ТАРБИЯ БЕРАЙЛИК!»

– Яхши келинни тарбиялашга қизнинг онаси ҳам масъул. Дугоналаримдан бири яқинда келин туширди. Тўйдан кейин келин 10–15 кун ҳомуш юрибди. Гапирса ҳам, иш қилса ҳам ҳеч чеҳраси очилмапти. Кейин дугонам гап нимада эканини билиш учун уни гапга солса, «Онам тўйдан кейин телефонингни қўлингга олмайсан. Қачон ойижонинг «Онангизга қўнғироқ қилиб қўйдингизми?» деб сўрасалар шунда сим қоқасан. Энди ўша хонадоннинг фарзандисан» деб айтгандилар, дебди. Очиғи, онасига қойил қолдим. Берган тарбиямиз ва ўргатган одобимиз қизларимизнинг яхши келин бўлишини таъминлайди.

ИШЛАРНИ ТЎҒРИ ТАҚСИМЛАЙМИЗ

– Бир уйда яшовчи келинларга, ёки турли йиғинларда кўришадиганларига ҳам юмушларни тенг тақсимлаб бериш катталарнинг вазифаси. Бизнинг хонадонда рўзғор юмушлари ҳеч муаммо бўлмаган. Катта келиним уйимизга келганига 3 йилдан ошди. У ҳам ўнг, ҳам чап қўлим, десам муболаға бўлмайди. Гап сўзларим, қарашларимдан нима хоҳлаётганимни билиб туради. Асал хонадонимизга келганида ҳам Хуморахон билганларини ўргатиб, ёрдамини аямаган.

«КЕЛИНЛАРИНГИЗНИ СИЙЛАБ ТУРИНГ»

– Ҳар бир инсонда кўнгил, деган нозик ҳилқат бор. Унинг райига қараб туриш эса катта ва кичикнинг вазифаси. Келинларни рағбатлантириб туриш шарт. Қайноналаримиз ҳам байрамларда, ҳаттоки, оддий кунларда ҳам келини кўпдан бери орзу қилиб юрган нарсаларни совға қилсалар олам гулистон.

«АЛОҲИДА ЯШАШ? ҚАРИШМАСМАН, АММО...»

– Бугун ёшларимиз хорижий кино, сериалларни кўриб, ёки замоннинг зайли биланми, билмадим, дарҳол алоҳида яшашни исташади. Аммо мен, тўйдан сўнг шу заҳоти уларни мустақил ҳаётга учирма қилишга бироз қаршиман. Чунки қайнона уйнинг каттаси сифатида ҳамма нарсани ўз назоратига олиши лозим. Ёшлар бир-бирига кўникиб, оилага сингиб кетгунича уларга кўз-қулоқ бўлиб туриши керак. Ахир янги келин хонадоннинг қоидаларини ўргангунича катталар ёнида бўлса, нимаси ёмон? Айнан ўзимга келсак, мен ҳам тўйдан кейин келинларим билан бирга яшадим. Ҳозир эса икки ўғлимни ҳам алоҳида чиқарганман. Чунки улар ижодкор. Уларга тинчлик, эркинлик керак. Илҳом келганда чалғимасдан, ўз иши билан машғул бўлишини истадим. Бундан ташқари ҳали қариганимча йўқ. Ўзимни ўзим эплай оламан. Аммо дам олиш ёки байрам кунлари ҳаммамиз ҳовлимизда йиғилиб, биргаликда вақт ўтказишни яхши кўрамиз.

Алия СУЛАЙМАНОВА

Комментарии

​Шоҳруҳхон Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг битирувчиси

24.07.2019, 10:32

Бу ҳақида хонанда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Қуйида ушбу муҳим кундан фотоларни томоша қилишингиз мумкин.
Машҳурлар тарихий образда (фото)

24.07.2018, 10:27

Интернет тармоқларида ўзбек кино юлдузларининг янги қиёфалари пайдо бўлди... Аввал ҳеч ҳам бундай тарихий образда намоён бўлмаган машҳурларнинг суратларини сизларга ҳам “илиндик”... Маълумот ўрнида: Ушбу...
Асал Шодиева янги қиёфада

10.07.2018, 17:08

Мафтункор ва жозибали ўзбек актрисаси Асал Шодиева янги фотосессия тақдим этди... Ўзбекона стилдаги бу жамламада Асални умуман ўзгача қиёфада кўриш мумкин. Маълумотларга қараганда, янги фотосессия...
​Зиёда ва Шохруҳхоннинг океан орти концертидан... (видео)

15.05.2018, 14:06

12 май куни океан ортида, ўзбек эстрадасининг икки вакили — Зиёда ва Шохруҳхон концерт бериши ҳақида хабар берган эдик... Зиёданинг инстаграмдаги саҳифасида концертдан видео-репортаж тақдим...