Долзарб мавзулар Молия

​МЕВА-САБЗАВОТЛАРНИ ҚИШГА ҒАМЛАШНИНГ 5 УСУЛИ

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 14.07.2017, 12:24

"Қиш ғамини ёзда е" деган мақолни ёшлигимиздан яхши биламиз. Ҳар бир оила бекаси ҳар йили бу қоидага сўзсиз амал қилади. Авваллари ёз неъматларини қиш учун сақлаб қўйишнинг фақат қуритиш (қоқи) ва тузлаш усуллари қўлланар эди. Кейинчалик тараққиёт янги усулларни олиб келди. Қуйида уй шароитида мева-сабзавотларни қишга олиб қўйишнинг кенг тарқалган усулларига таъриф берамиз.

  • Консервалаш

Сабзавотлар, мевалар, резамевалар, қўзиқоринлар – хуллас, кўп нарсаларни банкаларга солиб консервалаш мумкин. Қишда тузламалар, компотлар, мурабболар... эҳ, маза!

+

  • Узоқ сақлаш муддати (1 йилгача).
  • +15 даражагача ҳароратда ҳам маҳсулотнинг бузилмай туриши.

-

  • Уксус, туз, шакар фойдали маҳсулотлар сирасига кирмайди. Ёш болаларга бериш тавсия этилмайди. Юқори ҳароратда ишлов берилганда масаллиқлар таркибидаги витаминлар ва фойдали моддалар ўлади (минераллар ва В гуруҳ витаминларнинг 30 фоизи, А гуруҳ витаминларнинг 50 фоизи, С гуруҳ витаминларнинг 70 фоизи йўқолади).

1.Тузлаш

Карам, бодринг, помидор кабиларни катта кастрюллар ва бочкаларда кўп миқдорда туз солинган сувда сақлаш мумкин.

+

  • С витамини ва бошқа кўплаб фойдали микроэлементлар сақланиб қолади.

-

  • Таркибида туз кўп бўлгани учун болаларга, ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигидаги аёлларга ва кексаларга бериш мумкин эмас.

1.Қоқи қилиш

Мевалар учун жуда маъқул усул. Қоқилардан қишда мазали компотлар қайнатиш, таомларга қўшиш мумкин. Қуритилган кўкатлар эса таомнинг таъмини бойитади.

+

  • Қуритилганда мевалардан 80 фоиз намлик кетади ва улар таркибидаги темир, калий каби фойдали моддаларнинг узоқ муддат сақланиб қолиши учун замин ҳозирланади.
  • Турли консервантлар (уксус, туз, шакар...) дан холи бўлгани учун, ёш болаларга ҳам бемалол берса бўлади.

-

  • Тайёрлаш узоқ вақтни олади. Сабзавот ва меваларни ювиш, қуритиш, бир неча кун маълум ҳароратда очиқ ҳавода сақлаб туриш меҳнат ва эътибор талаб қилади.

1.Музлатиш

Бу сабзавот ва меваларни сақлашнинг энг қулай ва тез бўладиган усули. Музлатилган мевалар янги дарахтдан узилган ҳолатда сақланади.

+

  • Манфий ҳароратда зарарли микроорганизмлар ўлади, фойдали моддалар эса тўлиқ сақланиб қолади.
  • Консерваланган, шакарга ботирилган меваларга нисбатан музлатилганларининг озуқавий хусусиятлари юқори, улар шакар, туз каби моддалардан холи, демак, соғлиққа зарари йўқ.

-

  • Фақат шок усулида музлатилгандагина фойдали хусусиятлар сақланиб қолади, яъни музхона ҳарорати -18 даражадан паст бўлиши керак. Бир марта эритилган меваларни қайта музлатиб бўлмайди, шу сабабли музхонага уларни порцияларга бўлаклаб алоҳида пакет ё контейнерларда жойлаш керак.

1.Шакарлаш

Бу консервалаш ва музлатиш орасидаги усул. Мевалар термик ишловсиз, шунчаки шакарга ботириб қўйилади.

+

  • С витамини кўп миқдорда сақланиб қолади. Фақат салқин жойда сақланса кифоя.
  • Шакари кўп бўлгани учун аллергия, диабет каби муаммоси борларга ва ёш болаларга тўғри келмайди.

-

Тажрибали бекалар тавсия этади!

  • Петрушкани тузлаб бўлмайди, шундай қилсангиз вақт ўтиши билан унинг таркибида заҳарли моддалар пайдо бўлади. Уни қуритиб, картон қутичалаларда ёки қоғозга ўралган ҳолда сақлаш керак.
  • Ток баргларини шунчаки пластик пакетларга солиб музхонада сақлаш мумкин. Ишлатаётганда бироз вақт музхонадан ташқарига чиқариб қўйилади ва қайноқ сувга солинади. Барглар ранги ва барралигини сақлаб қолади.
  • Гулкарамни музлатишдан аввал қайнаб турган тузли сувга солиб олиш керак. Акс ҳолда муздан эритилганда ундан бадбўй ҳид таралади. Қайноқ сувдан олиб, совутиб, қуритиб, кейин полиэтилен пакетларда музхонада сақласангиз бўлади.
  • Бақлажонни кубик ёки ҳалқа шаклида тўғраб, худди мунчоқдек ипга теринг-да газ плитангизнинг тепасига ёки балконга осиб қўйинг. Керак пайти керагича олиб, сувда бироз ивитишингиз ва қовуриб ейишингиз, таомларга, салатларга солишингиз мумкин. Худди янги чиққан бақлажондек бўлади.
  • Ялпизни музлатгандан кўра қуритган қулайроқ. Қуритиб майдалаб олиб қўйсангиз, керак пайти ишлатаверасиз. Райҳон барги ва кўкатлар ҳам шундай.
Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии